date

Фарғонада стадион олдида милиция мухлисларини калтаклади

Фарғонада стадион олдида милиция мухлисларини калтаклади

Фарғонада кеча футбол учрашуви олдидан нохуш ҳолат кузатилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ниқобли ходимлари стадион олдида тўпланган бир гуруҳ мухлислар билан можарога киришгани, айрим фуқаролар таёқ зарбасига учрагани акс этди.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан изоҳ берди. Расмий маълумотга кўра, 22 ноябрь куни “Истиқлол” стадионида “Нефтчи” – “Қизилқум” учрашуви бошланишидан аввал назорат пунктида бир нечта чиптасиз шахслар тўсиқларни бузиб, ҳудудга ноқонуний киришга уриниб, тартибга бўйсунмаган.

ИИБ таъкидлашича, ходимлар тезкор ва қатъий чоралар кўргани орқали тартиббузарликка чек қўйилган. Можарода иштирок этган барча фуқароларнинг шахси аниқланган, уларнинг ҳаракатлари бўйича суриштирув давом этмоқда.

Тарқалган кадрларда мухлислар ҳам жавоб сифатида ходимларга қўлларидаги нарсаларни отгани кўринади. Ҳодисадан кейин вазият барқарорлаштирилган.

Шу билан бирга, ўйин Фарғона жамоаси учун тарихий кечага айланди. “Нефтчи” “Қизилқум” устидан иродали ғалаба қозониб, мусобақа якунига бир тур қолганда, 24 йиллик танаффусдан сўнг Суперлига чемпиони унвонини қайта қўлга киритди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Фарғонада стадион олдида милиция мухлисларини калтаклади