21:12 / 31.05.2020
4 257

Озодбек Назарбеков Президентнинг янги фармони ҳақида: Ўзбек санъатида уйғониш даври бошланмоқда

Озодбек Назарбеков Президентнинг янги фармони ҳақида: Ўзбек санъатида уйғониш даври бошланмоқда
Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 26 майдаги «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига муносабат билдирди.

- Янги Ўзбекистонимизда барча соҳалар қатори маданият ва санъат ривожига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Бой маданий меросимизни тиклаш ва ўрганиш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳалар, ўтказилаётган халқаро тадбирлар, янги ижодий мактаблар, илмий марказлар ташкил этилаётгани, истеъдодли ёшларимизнинг иқтидорини юзага чиқаришдаги амалий саъй-ҳаракатлар бунга яққол мисолдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 26 майдаги ‘Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида’ги фармони ҳамда ‘Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида’ги қарори маданият ва санъат соҳасида ҳақиқий маънода ренесанс-уйғониш даври бошланганидан дарак беради.

Бунгача ҳам ушбу соҳага оид бир қатор қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинган. Аммо Президентимизнинг янги фармони ва қарори чин маънода ижодкорлар, соҳа вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи аҳамият касб этади.

Тарихан маданияти юксак халқимизнинг, айниқса, Олот ва Қоракўлдаги табиий офат ва Сардобадаги фожиадан сўнг яна ҳам бирлашиб, ўзбек миллатининг маданиятли ва бирдамлигини, мустаҳкам, маънавий дунёси кенг эканини намоён этганини бутун дунё кўрди.

Биламизки, ҳар бир жабҳада ёшлар масаласига катта эътибор билан ёндашилади. Мазкур ҳужжатлар асосида маданият ва санъат соҳасида ижод қилаётган ёшлардан концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш учун ундириладиган йиғим бекор қилиниши, давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма тартиби жорий этилиши ҳам санъаткорлар учун берилган катта имкониятдир.

Бугун янги Ўзбекистонда маданий юксалишга алоҳида урғу бериляпти. Бой миллий маданий меросимизни, айниқса, ноёб экспонатлар, дурдона асарлар, миллий ҳунармандчилик намуналаримизни музейларимиз орқали дунёга намоён этмоқдамиз. Қолаверса, ҳар ойнинг биринчи якшанбаси музейларда «Очиқ эшиклар куни» деб эълон қилиниши, унда фуқаролар давлат музейларига бепул киритилиши халқимизнинг илм-маърифат орқали маданиятини кучайтириш, бой меросимизни тарғиб қилишга қаратилган.

Театрлар фаолиятида ҳам муҳим, эътиборга молик ўзгаришлар амалга оширилади. Хусусий театрларни, театр-студияларни ривожлантириш янги босқичга кўтарилади. Ушбу ҳужжатлар билан Маданият вазирлиги томонидан харид қилинган, оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарларни 2020 йилнинг 1 сентябридан бошлаб хусусий театрларда ҳам саҳналаштириш ва ижро этишга рухсат берилди.

Шу ўринда 1928 йилда Тошпўлат Дониёров асос солган Ўрта Осиёда биринчи қўғирчоқ театри труппаси негизида ташкил топган Республика қўғирчоқ театрига Ўзбек миллий қўғирчоқ театри номи берилгани, қўғирчоқ театри мавжуд бўлмаган вилоятларда ушбу театрларнинг ташкил этилиши ҳам жуда аҳамиятлидир.

Инсоният тарихидан маълумки, театр бутун бир жамиятни табияловчи сифатида ўзига хос аҳамият касб этиб келган. Бугунги кунда театрнинг миллат тарбиячиси деган нуфузини тиклаш борасида бу соҳа фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор театрлар янги босқичда, кенг қамровда тараққий этишига замин яратади.

Шу кунга қадар мамлакатимизда барча соҳа вакиллари учун касб байрами кунлари белгиланган. Аммо халқаро миқёсда 15 апрель — Маданият ва санъат ходимлари куни сифатида нишонланса-да, бизда расман қайд этилмаган эди. Фармонга кўра, маданият ва санъатнинг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 15 апрель санасини Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни деб эълон қилиш тўғрисида аниқ таклифлар илгари сурилди. Мазкур соҳада фаолият юритаётган раҳбар ходимлардан тортиб, ҳар бир ижодий ва техник ходимларнинг касб байрами сифатида ушбу кунни нишонлаши бизнинг ишчанлигимизни, фидойилигимизни, ижодда сермаҳсуллигимизни янада оширади.

Зеро, эътибор ва эътироф бизни ҳар қандай олий мукофотдан кўпроқ руҳлантиради. Биз маданият ва санъат вакилларига ишонч билдириб, масъулият ва бурчимизни сидқидилдан бажаришимизга ундаётган, кенг имкониятлар яратиб бераётган муҳтарам юртбошимизга чуқур миннатдорчилик билдирамиз. Ҳукуматимиз томонидан билдирилган ишончни оқлаш учун қатъият билан бор кучимизни сафарбар қилиб, маданиятли халқ, жамият ва давлат сифатида дунёга ибрат бўлгулик юқори марраларни, албатта, забт этамиз, - дейди Озодбек Назарбеков.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Озодбек Назарбеков Президентнинг янги фармони ҳақида: Ўзбек санъатида уйғониш даври бошланмоқда