18:33 / 14.10.2017
5 954

Фақат 18+! Бизни иснодга қолдираётган аҳлоқсизликнинг туб илдизи қаерда?

Фақат 18+! Бизни иснодга қолдираётган аҳлоқсизликнинг туб илдизи қаерда?
Кеча сайтимиз саҳифаларида эълон қилинган бир мақола юзасидан таҳририятимизда икки-уч хил фикрлар “тўқнашуви” содир бўлди...
Наманганда ўз нафсининг қули бўлган профилактика нозири жиноятни яшириб, таъмагирлик учун қўлган тушгани ҳақидаги мақоладан хабардорсиз.

Баҳс — жиноятчиликка қарши курашган ходимнинг жиноятга йўл очиб бергани, керак бўлса (тахминимча), бу каби ишларни аввал ҳам содир этиб, аҳлоқсизликка йўл қўйган айрим ёшлардан “пул ўндириб” юргани ёки, масалага бошқачароқ ёндашилса, 5 нафар аҳлоқсизларнинг “кўнгилхушлигига” имкон яратган коллеж қаровулининг қилмиши хусусида бўлди.

Бу ўринда аҳлоқсизлик қилиб, эл-юртга шарманда бўлган 3 нафар йигит ва иккита енгилтак қизнинг хатти-ҳаракатлари, жирканч ишлари — баҳс-мунозаларнинг “чўққисида” бўлди.

Тўғриси, таълим масканининг “аҳлоқсизлик маркази”га айлантирилгани дилимни хуфтон этди! Умуман, аҳлоқсизлик, фоҳишабозлик иштирок этган воқеа-ҳодисаларни қаламга олишда эҳтиёт бўлиш лозим...

Наздимда, (шартли равишда, албатта) жиноятчиликка қарши курашиш — суварак босган ошхонада ҳашаротлар билан якма-якка жангга ўхшайди! Битталаб, икки-учталаб ўлдираверасан, яна аллақаердан пайдо бўлиб келаверади...

Суваракларга қарши дори (кимёвий восита) сепишни — профилактика ишларига менгзийман! Ҳуқуқбузарлик профилактикасида олиб борилган ва олиб борилаётган ишлар, фикри ожизимча, суваракларга қарши кимёвий ишлов беришдек таъсир қилади! Уларни маълум маънода йўқ қилади, кўпайиб кетишининг олдини олади.

Бироқ бу самара вақтинча! Кимёвий воситанинг таъсири тугагач, “суваракчалар” яна пайдо бўлаверади... Воситанинг “тадбир оралиғи” ва “кимёвий таркибини” кучайтираверсангиз, ўзингиз “заҳарланишингиз” мумкин...

Энг яхши усул — бу масаланинг замирига кириб бориш, уни ичидан ўрганиш, муаммонинг илдизини, таъбир жоиз бўлса, тухумини қуритиш... Аниқроғи, муаммо пайдо бўлишига шароит қолдирмаслик!

Буни қандай қилиб зарарли ҳашаротларга қарши курашга менгзай оласиз, дерсиз... Жавоб бор! Суваракларга қарши курашишнинг энг яхши усули — ошхонани тоза сақлаш!!!

Нон ушоғи, чақа ювилган идиш, ифлос аҳлат челаги бўлса, сувараклар бошқа даҳадан бўлса ҳам “ташриф буюраверади”...
Демакки, аҳлоқсизликка қарши жамоатчиликнинг, хусусан жамиятнинг кураши — ОИЛАДАН БОШЛАНАДИ!

Муқаддас туйғулар, миллий қадриятлар бешига ҳам ОИЛА!
Юқоридаги фикрларга қўшилмасликка ҳақлисиз... Бироқ жамият аъзоси, айниқса, ижодкор сифатида ўз нуқтаи назаримни билдиришга ҳақлиман деб ўйладим.

Ўтиб бораётган ҳафтада Россия Федерациясининг Сочи шаҳридаги МДҲ давлатлари саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз нутқида Оила институти ва унинг анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги алоҳида тўхталиб ўтгани барчангизга маълум.

Бугунги глобаллашув шароитида ҳар қандай давлат ва жамиятнинг асосини ташкил этадиган асл ва фундаментал қадриятларни унутмаслик лозимлиги, ўсиб келаётган авлоднинг маънавий-ахлоқий тарбияси айнан оилада (!) олиниши, шунингдек, унинг муаммолар ечимида нечоғли аҳамият касб этиши алоҳида эътироф этилди.

Демакки, бу масала нафақат Ўзбекистон сиёсий-ижтимоий ҳаётида, балки халқаро миқёсда долзарб ва аҳамиятли бўлиб бормоқда.
Келинг, бугун сиз билан расмий фикр-мулоҳазалардан бироз чекиниб, масалага бирмунча ҳаётий ёндашув билан мулоҳаза юритамиз...

Аҳлоқсизликнинг туб илдизи қаерда?
Жамиятда бундай иллатга қолдирилган жой ва имкон — ниманинг ҳисобига пайдо бўлмоқда?

Тўғри, ҳаётда ҳамма адашади, ҳеч ким ва ҳеч нарса мукаммал эмас (Яратгандан ўзга)!
Масаланинг туб моҳияти бориб-бориб оила, оилавий муносабатлар, эркак-аёл муносабатлари, жинсий тарбия, жинсий маданият ва миллий одоб мактабига бориб тақалади...

Бу ҳақда Сиз билан, азиз мухлис, туркумнинг кейинги мақоласида батафсил мулоҳаза юритамиз.
Бизни кузатишда давом этинг!

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фақат 18+! Бизни иснодга қолдираётган аҳлоқсизликнинг туб илдизи қаерда?