Нон нархи ошди. Буни мутасаддилар қандай изоҳлайди?

  • Жамият
  • 16-09-2018, 06:31
  • 1 504
  • Нон нархи ошди. Буни мутасаддилар қандай изоҳлайди?
    Фото: "Халқ сўзи"

    Бугундан эътиборан юртимизда қолипли нон нархи кўтарилди. Унинг донаси 1200 сўмдан сотилмоқда. Бу нон баҳоси 550 сўмга ошди, деганидир.

    Кундалик истеъмолдаги энг муҳим озиқ-овқат маҳсулоти нархининг кескин кўтарилиши истеъмолчиларда кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда. Нега нон бирданига салкам икки баробарга қимматлашиб кетди? Бунинг асл сабаби нимада?

    Бунга ойдинлик киритиш мақсадида дастлаб фаолияти пойтахтимиз аҳолисига нон ва нон маҳсулотлари етказиб беришга қаратилган “Тошкентнон” ишлаб чиқарувчилар уюшмасига мурожаат қилдик.

    — Ҳозирги пайтда уюшмамиз томонидан кунига ўртача 500-550 тонна нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, аҳоли дастурхонига етказиб берилмоқда, — дейди “Тошкентнон” уюшмаси бош ҳисобчиси Руслан Мусретов. — Нон нархининг кўтарилиши эса, аввало, ишлаб чиқариш таннархига боғлиқ. Чунки шу кунга қадар биринчи навли уннинг 1 килограммини 930 сўмдан сотиб олардик. Шунинг ҳисобига битта қолипли нон ишлаб чиқариб, то у савдо дўконига етказиб берилгунига қадар таннархи 591 сўмга тўғри келарди. Айни пайтда бу кўрсаткич ўртача 1000 сўмни ташкил этмоқда. Сабаби, уннинг баҳоси ҳам кўтарилиб, 1 килограммини 1400 сўмдан харид қиляпмиз. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги 731-сонли қарори билан белгиланган бўлиб, нарх-наво жорий йилнинг ноябридан яна ошиши мумкин.


    Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2018 йил 15 сентябрдан бошлаб 1 килограмм буғдой унининг улгуржи нархи 1400 сўм миқдорида белгиланди. Ушбу ҳужжатда мазкур нархни 1 ноябргача бекор қилиш ҳам кўзда тутилган. Негаки, эндиликда қолипли нон талаб ва таклиф асосида шакллантириладиган эркин бозор нархи бўйича сотилади.

    Таъкидлаш керакки, бу жараёнда аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилиш, айниқса, ногирон, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларнинг ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларини қоплаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси тўланади. Бу янгилик амалиётга шу йилнинг 1 октябридан жорий этилади.

    Бундан ташқари, қарорда 14 ёшгача фарзандлари бўлган оилаларга болалар сонидан келиб чиққан ҳолда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан белгиланган нафақа тўланиши ҳам ўз аксини топган. Энг асосийси, бозорда дон ва ун нархлари кескин ўзгаришининг олдини олиш бўйича аниқ вазифалар белгиланиб, зарурат туғилганда давлат захирасидан дон чиқарилиши боғлиқ чора-тадбирлари кўрилиши кўзда тутилган.

    Шубҳасиз, нон — халқимиз учун энг азиз ва лазиз неъмат. Дастурхонимиз тўкислиги ҳам, рўзғоримиз файзу баракаси ҳам унинг сероблиги билан ўлчанади. Уйга меҳмон келса, албатта, нон ушатилади. У бўлмаса, шоҳона таомлар ҳам татимайди. Содда қилиб айтганда, нон одамларнинг кайфиятига таъсир қиладиган энг муҳим маҳсулотлар сирасига киради. Буни қолипли нон нархининг ўзгариши ижтимоий тармоқларнинг бош мавзусига айлангани яна бир карра тасдиқлаб турибди.

    Айримлар нарх-навони жорий мавсумда ғалла ҳосили мўлжалдагидан кам бўлгани оқибати билан боғламоқда. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?

    Саволга жавоб олиш учун “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси мутасаддиларига мурожаат қилдик.

    — Бу каби гап-сўзлар асоссиз, — дейди Дон ва уруғлик тайёрлаш ва сақлашни ташкил этиш бошқармаси мутахассиси Акром Исмоилов. — Чунки компаниямиз тизимидаги корхоналарда ўтган йилдагидан кам бўлмаган миқдорда буғдой қабул қилинди. Улар сифатли сақланиб, пешма-пеш қайта ишланмоқда. Мамлакатимиз аҳолиси эҳтиёжига яраша буғдой жамғарилган. Ун етказиб беришда узилишлар рўй бермайди.


    Донни қайта ишловчилар, нон тайёрлаш корхоналари ишчилари билан суҳбатлашар эканмиз, улар уннинг нархи охирги марта 2014 йилда ошгани таъкидлашмоқда. Орадан тўрт йил ўтиб, битта нон баҳосининг бир литр газланган сув нархига яқинлашганини “нормал ҳолат” дея қабул қилишаётир. Яна улар амалиётга эркин бозор нархи қўлланилишини ишлаб чиқариш корхоналарнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ишчи-хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги муҳим қадам, дея баҳолашяпти.

    Чиндан ҳам, масалага бозордаги бугунги реал ҳолатдан келиб чиқиб ёндашадиган бўлсак, қолипли нонга ўрнатилган нарх унчалик ҳам баланд эмаслигига амин бўламиз. Ахир, хархаша қилаётган фарзандимиз учун оддий хўрозқандни ҳам 1000-1500 сўмга сотиб оляпмиз-ку?! Аммо оддий ҳақиқат шуки, сувга чанқаган одамгина эҳтиёж сезади. Нон эса ҳар қандай оила кундалик харид рўйхатининг бошида туради. Шу маънода, аҳолининг нон нархига билдираётган муносабатларини тўғри қабул қилмасдан илож йўқ. Зеро, муҳим истеъмол товарлари, хусусан, ноннинг баҳоси аҳоли харид қобилияти даражасига ҳар томонлама мос бўлиши мақсадга мувофиқдир.

    » » Нон нархи ошди. Буни мутасаддилар қандай изоҳлайди?
    Яндекс.Метрика