12:40 / 05.07.2023
238

Футболда Саудия пуллари. Лойиҳа қаергача боради?

Футболда Саудия пуллари. Лойиҳа қаергача боради?

Фото: «ЧЕМПИОНАТ»

Криштиану Роналду, Карим Бензема, Нголо Канте… Йўқ, бу яқин йиллардаги «Олтин тўп» номзодлари рўйхати эмас, Саудия Арабистони чемпионатида тўп сурадиган футболчилар. Ортидан Фирмино, Кулибали, Невеш, Менди, Брозович каби жиддий номлар бор. Обамеянг, Де Хеа, Икарди, Диас, Зиёш, Верратти ва ҳатто Неймар ва Бернарду Силва билан музокаралар давом этяпти. Бу ҳали июл ойи бошланиши экани инобатга олинса, араблар ҳали тўхташ ниятида эмас. Хабарларга кўра, янги юлдузларни жалб қилиш учун мамлакатда яна 1 миллиард доллар бор.

Январ ойидан «Ан Наср»да ўйнашни бошлаган Криштиану Роналду лига яқин йилларда дунёнинг кучли бешлигидан жой олишини айтганида, бу гап ҳақиқатдан анча йироқ туюлганди, ҳозир эса, бу ҳақида жиддий ўйлаб кўриш мумкиндек. Twenty First Group аналитик гуруҳи ҳисоб-китобларига кўра, лиганинг бугунги эгаллаб турган ўрни – 58, нисбатан Шотландия премьер лигаси ҳамда Италия С сериясига яқин турган бўлса-да, айнан легионерлар савияси бўйича аллақачон кучли йигирматаликка кириб бўлди, сарф қилинаётган пул эътибори билан эса, Роналдунинг тахминларига анча яқин турибмиз.

Бу чексиз пуллар ва катта оқим бизга ёрқин келажакдан кўра, 2015-17 йиллардаги Хитой Суперлигасини эслатиб юбормаяптими? Европадан ташқаридаги ҳар қандай лойиҳа оқибатда худди ўша натижага олиб келишини тахмин қилиш осон, аммо бу сафар ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин. Энг камида, ўша Хитой тажрибаси билан ҳам муҳим фарқлар ҳозирдан мавжуд.

Эсласангиз, Хитойдаги Суперлиганинг ташкил қилиниши асосан футбол лойиҳаси эди. Ҳукумат футболга катта пулларни жалб қилиб, кучли лига орқали Хитой миллий жамоасини кучайтириш, футбол дунёсидаги асосий кучлардан бирига айланиш мақсад қилинганди. Табиийки, футбол нуқтайи назаридан, бундай кескин ҳаракатлар натижа бериши мушкул. Оддий мисол, асосан футбол фаолиятининг сўнгги йилларида бўлган ва катта пул илинжида келган футболчилар маҳаллий футболчиларга режадагидек намуна бўлиши даргумон эди. Асосий йўналиш миллий футбол ва футболчиларнинг ўсишига қаратилгани учун аввал легионерларга бўлган чекловлар ошиши, кейин, хорижлик юлдузларга сарфланадиган пуллардаги чегаралар, энг охирида эса, пандемия муаммолари барчасига барҳам берди.

Шу ўринда саудияликларнинг лойиҳаси миллий футбол ёки миллий жамоага эмас, бевосита лигани ривожлантиришга қаратилгани муҳим аҳамият касб этади. Бу фарқ лойиҳанинг энг бошидан охиригача айни стратегияни қўллашга шароит яратади, режа ва қарорлардаги узвийликни таъминлаб беради. Масалан, аввалига футбол юлдузлари учун катта пуллар сарфлаб, кейинчалик чекловлар жорий қилиш ёки оралиқ натижалар сабабли йўналишни ўзгартириш Саудиянинг лойиҳасида кўрмасак керак.

Яна бир жиҳат – Криштиану Роналдунинг келишининг ўзи лиганинг қўшимча яна 125 давлат билан трансляция шартномаларига эга бўлишига сабаб бўлди. Тан олиш керак, Хитой Суперлигасига Роналду ёки Бензема мақомидаги футболчилар бормаган эди.

Фото: KHALID ALHAJ/GETTY IMAGES

Асосийси, Саудия Арабистонидаги лойиҳа Хитойдаги каби фақат футболни ривожлантириш билангина боғлиқ эмас, умуман, мамлакатнинг Vision-2030 мегалойиҳасининг бир қисми эканини ҳам инобатга олиш лозим. 2017 йил бошларида баъзи нуқталар таҳрирланган ҳолда тасдиқдан ўтган ушбу лойиҳанинг ташаббускори шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон шу орқали уч асосий мақсадни кўзлаган:

  • Саудия Арабистони иқтисодиётини диверсификация қилиш, яъни нефтга қарамликка барҳам бериб, бошқа даромадларни олти баробар, хорижий инвестицияларни эса, икки баробарга ошириш.
  • маданий анъаналар билан уйғун ҳолда жамиятни модернизация қилиш.
  • қироллик обрў-эътибори ва таъсирини нафақат Яқин Шарқ, балки жаҳон аренасида ошириш.

Шаҳзода Саудия Арабистонига бутун араб ва ислом дунёси маркази мақомини олиб беришни мақсад қилган. Шунингдек, географик жойлашувдан фойдаланиб, худудни катта инвестицион марказ, хусусан Осиё, Европа ва Африкани боғловчи кўприкка айлантириш режаси мавжуд. Умуман, БАА (Дубай) тажрибаси, айнан футбол нуқтайи назаридан олганда, Қатарнинг ютуқлари саудияликларга оптимизм руҳини бериши турган гап. Зеро, Саудия Арабистони аҳоли сони бўйича Қатардан 15 баробар каттароқ экани, футболга бўлган муносабат, умуман, Осиёдаги бу борадаги ўрни борасида ҳам устунликка эгалиги қўшимча бонус.

«Бизнинг мақсад – кучли, гуркираётган ва барқарор Саудия Арабистони»,– деганди етти йил олдин ибн Салмон – «қомус сифатида Ислом, услуб сифатида тоқатлиликни танладик. Саудия Арабистони муваффақияти замирида тоқатлилик, комиллик, тартиб, адолат ва шаффофлик ётади».

Саудияликларнинг ўз жамияти учун анча радикал бўлган бу ечимларга мурожаат қилишга ундаган сабаблар оддий: 2010-йилларда Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада содир бўлган «араб баҳори» воқеалари. Иқтисодий ўсиш ва ижтимоий имкониятлар кенгайиши тарафдори бўлган ёшларнинг диний ва консерватив жамият чекловларидан зерикиши шундай оқибатларга олиб келиши кузатилди.

Ўн йил олдин Саудия Арабистони бутун дунёга ёпилган, қатъий чекловлар остида биқиқ яшаган, аёллар ишлаши, машина бошқариши мумкин эмасди, бундай қоидалар амал қилиниши эса диний полиция томонидан қаттиқ назорат остига олинганди. Одамлар турли жиноятлар учун қатл этиларди.

Vision-2030 бўйича мақсадлар турли 11 дастур ёрдамида амалга оширилади. Ҳар бир дастур бўйича учта беш йиллик миллий лойиҳалар 2030 йилга ўтиш учун хизмат қилади. Мисол учун, ишсизлик 11,6 фоиздан 7 фоизга камайиши, нефт билан боғлиқ бўлмаган даромадлар 16 фоиздан 50 фоизгача ошиши, аёлларнинг умумий иш кучидаги улуги 22 фоиздан 30 фоизга чиқиши ва ҳоказо. Айтиш мумкинки, бугунги кунга келиб ҳам кўп кўрсаткичлар бўйича белгиланган мақсадларга эришиб бўлинди.

Ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда, зеро шаҳзода инқилобий йўлни мақсад қилмаган – жамият секинлик ва юмшоқ йўл билан тайёрланиб бориши кераклигини яхши тушунади. Мамлакат аҳолисининг 65 фоизидан кўп қисми ёшлардан иборат бўлса-да, аҳоли ҳали ҳам анча консерватив экани, тубдан ўзгаришларга тайёр эмаслиги ҳам сир эмас.

2018 йилдан аёллар машина ҳайдаш, таълим олиш ва ишлаш ҳуқуқига эга бўлишди – замонавий дунё учун бу одатий ҳол бўлса-да, Саудия учун катта қадам эди. 2019 йилдан мамлакат сайёҳлар учун очилди: бир қатор туризм лойиҳалари пайдо бўлди, виза режими соддалаштирилди. Энди ресторанларда йигит ва қиз нафақат бир хонада, балки бир столда ҳам бирга ўтириши мумкин ва бунинг учун уларнинг никоҳи шарт эмас. Ёшлар хориж мусиқасини тинглашмоқда, Ар-Риёдда ҳатто технофестиваллар бўлиб ўтмоқда. Албатта, Саудия ҳали БАА даражасидаги либерализмдан анча узоқ, аммо шу йўналишда дадил қадамлар ташланмоқда. Масалан, 2018 йилда 30 йиллик тақиқдан сўнг, кинотеатрлар иш бошлади, уч йил ичида 45 дан ортиқ кинозаллар очилди, «Медиашаҳар» лойиҳаси ҳам режалаштирилмоқда.

Табиийки, футбол катта стратегиянинг энг муҳим қисмларидан бири. Роналду эса бу йўлдаги катта қадам бўлди. Спорт сиёсий мақсадлар ва имижни яхшилаш учун ажойиб восита эканини подшоҳликда жуда яхши тушуниб туришибди.

Спорт асосан PIF (Давлат инвестицион фонди) томонидан молиялаштирилмоқда ва фонд раҳбари шаҳзоданинг ўзи ҳисобланади. Сарфланиши кутилаётган 7 триллион долларнинг асосий қисми ҳам шу фонд ҳисобидан. PIF голф, «Формула-1» мусобақаларига инвестиция киритди, «Нюкасл»ни сотиб олди, 2022 йил сентябрида эса, Nintendo ўйинлар компанияси акционерига айланди, шунингдек, Activision Blizzard, Electronic Arts, Take-Two Interactive, ҳамда Koei Tecmo компанияларида улушга эга.

Саудия Арабистони бир қатор спорт тадбирларига мезбонлик қилиб келмоқда, 2023 йил охиригача олтита йирик мусобақа ўтказилади, жумладан, декабрда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳам белгиланган. Бу ҳаммаси эмас, 2029 йилги қишки Осиё ўйинлари қабул қилинади – турнир Неомда қурилиши режалаштирилган, йилнинг барча фаслида фойдаланиш мумкин бўлган қишки спорт комплексида бўлиб ўтиши мўлжалланган. Шунингдек, Ар-Риёд 2034 йилда ёзги Осиё ўйинларига мезбонлик қилади, бундан ташқари, саудлар ЖЧ-2030 мезбонлиги учун ҳам даъвогарлар сафида.

Илгари барча футбол клублари Спорт вазирлиги ихтиёрида бўлиб, давлатнинг молиявий кўмагига мухтож эди. 2016 йилдан бошлаб подшоҳлик клубларни хусусийлаштириш ва қўшимча инвестициялар жалб қилиш дастурини ишлаб чиқди. Жараён 2020 йилда якунланиши кўзда тутилганди, аммо пандемия туфайли ортга сурилди. 2023 йилдан бошлаб эса тезлашиш кузатилмоқда – тўрт клуб, жумладан, «Ан Наср» ва «Ал Ҳилол» тўлиқ PIF назоратига ўтди. Саудия Арабистони учун бу дадил қадам, зеро янги лойиҳа хусусий инвестициялар ёрдамида умумий спорт соҳасини яратишга қаратилган.

Режа асосан уч йўналишни қамраб олади: жозибадор инвестицион муҳитни яратиш, клублар бошқарувини яхшилаш ҳамда инфратузилмаани яхшилаш эвазига рақобатбардошликни таъминлаш. Саудияликлар кўпроқ хорижий инвестицияларни жалб этишни мақсад қилишган ва бунинг учун фойдали тижорий таклиф кераклиги, яъни санаб ўтилган уч пункт бўйича иш олиб бориш лозимлигини яхши тушунишади.

«Илгари клубларда давлат иштироки катта бўлган ва асосан қарзларни сўндиришга қаратиларди», – дейди SKEMA спорт-бизнесс мактаби профессори Саймон Чедвик – «энди эса, клубларни имкон қадар давлатдан мустақил ҳолда тижорий ва стратегик ташкилотларга айлантиришга уринишмоқда».

Бир қараганда, ҳали кўп ишлар қоғозда, яхши ишлайдиган лойиҳа сифатида кўринмоқда, аммо лига ўз ҳолича эмас, катта масштабдаги стратегиянинг бир қисми экани умид беради. Шу билан бирга, бошқариб бўлмас омиллар ҳам мавжудлигига эътибор қаратиш керак.

Тўғри, лойиҳа айтайлик, Хитой Суперлигасидан фарқ қилади ва шундай якунланишига асослар кам, лекин ўта оптимистлар менгзаётган крикет бўйича Ҳиндистон премьер лигасига яқин келиши ҳам имконсиз. Ушбу мусобақа дунёнинг энг зўр крикетчиларини қисқа муддат учун йиғиб, ўзига хос шоу ташкил қилинади. Футболчиларнинг нархи қиммат экани инобатга олинса, бу каби лойиҳани футболда амалга ошириш имконсиз. Мисол учун, Мессини (Модрич, Рамос, Бускетс) жуда катта пулга ҳам қўлга киритишнинг имкони бўлмади, барча футбол юлдузларини қўяверинг.

Тан олиш керак, ҳар қанча пул сарфланмасин, кучли бешлик билан еврокубокларсиз рақобат қилиш қийин, барибир Саудияга ўзининг сўнгги шартномаси учун ёши каттароқ юлдузлар, асосан пул учун келишда давом этаверади. У ерда урилган голлар, баҳслар фақат юлдузларнинг индивидуал мухлислари учун қизиқ, «Ал Ҳилол» чемпион бўладими ёки «Ан Наср», тарихий контекст йўқ экан, футбол оламида интрига ярата олишига ҳам, фақат клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати орқали лигаларни солиштириш мумкинлига ҳам ишониш қийин. Буни мисол учун АҚШда ташкил этилган MLS чемпионатида ҳам кўриш мумкин. Ҳар қанча юлдузлар ўйнамасин, кўпроқ пул сарфланмасин, шоу мақомидан кўтарилиш қийин, айтайлик, Аргентина чемпионатидаги «Бока» – «Ривер» баҳси айнан тарихий контекст туфайли футболроқ бўлаверади.

Роналдунинг башоратига келсак, бизнингча, Саудия Арабистони аллақачон дунёнинг муҳим чемпионатларидан бирига айланиб бўлди. Трансфер бозоридаги Саудия клублари туфайли «Челси» режадан ташқаридаги футболчиларидан осон қутулмоқда, Саудия клублари туфайли, Де Хеа «Манчестер Юнайтед»нинг ҳар қандай шартига рози бўлишга муҳтож эмас, дунёнинг энг кучли клуби «Манчестер Сити» мухлислари энг яхши футболчиларидан бири Бернарду Силва араблар таклифини қабул қилиб қўйишидан хавотирда, ўз номига эга бўлган ҳар қандай, ҳа, ҳар қандай футболчида музокаралар учун захира вариант пайдо бўлди, қисқаси, аллақачон Саудия пуллари Европа футболи мувозанатига таъсир кўрсатишни бошлади. Бу яна давом этади ҳам.

Фақат ёзда. Ҳар йили ёзда.

Қ.Асланов тайёрлади


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Футболда Саудия пуллари. Лойиҳа қаергача боради?