13:34 / 10.09.2016
6 549

Бокс, футбол ва бироз ҳакамлик ҳақида

Бокс, футбол ва бироз ҳакамлик ҳақида

Яқинда танишлардан бири айтиб қолди, сўнгги вақтларда бокс тўгарагига келаётган болалар сони бир неча баробарга ошиб кетибди. «Илгари 25-30 спортчи шуғулланган секцияга охирги бир ҳафтада 240 та ариза келиб тушди», - деди у. Шунга ўхшаган гапни бироз олдин ижтимоий тармоқда ҳам ўқиган эдим. Боксга бўлган талаб кескин ошиб кетганидан болаларни маш-ғулот залига сиғдира олишмаётган экан.

Бу қизиқишнинг сабабини жуда яхши биламиз. Рио-2016 нафақат ўзбек спорти, балки бутун дунё бокси учун улкан воқелик бўлди. Шу вақтга қадар МДҲга аъзо давлатлардан бирортаси ҳали бокс бўйича Кубани ортда қолдира олмаган экан.

Бу ишни илк марта ўзбек боксчилари амалга оширдилар - сенсацион тарзда. Ҳамюртларимиз бокс бўйича Олимпиадада биринчи ўринни қўлга киритдилар. Бу натижа ҳали узоқ вақт тилларда достон бўлиши турган гап. Энди ўйлаб кўринг, шундан кейин ҳам Ўзбекистонда боксга қизиқиш ошмасинми?

ФУТБОЛ


Аммо шунга қарамай, барибир, тан олиш керак, Ўзбекистонда биринчи рақамли спорт тури бу - футбол. Миллионлар ўйинига бўлган қизиқиш ҳеч қачон пасаймаган. Тан олайлик, орамизда умрида бир бора бокс қўлқопини кийиб кўрмаганлар бўлиши мумкин, аммо тўп тепмаган одамни кундузи чироқ ёқиб қидиришга тўғри келади. Ўзбекистонда ҳатто энг уқуви йўқ бола ҳам ҳеч бўлмаса дарвозада туради, футбол ўйнайди. Шундай экан, бизда спортнинг мазкур турига қизиқиш ҳар доим бўлган. Бу қизиқиш қай даражада қўллаб-қувватлангани эса, бошқа масала.

Юртимизда сўнгги йилларда футбол ривожи учун жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Янги стадионлар қурилди, эскилари таъмирланди ва фойдаланишга топширилди. Шунингдек, болалар мактаблари борасида ҳам кўп ишлар қилинди. Моддий-техника базасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилди.

Биз бу ҳақида гапиришни жуда хуш кўрамиз, аммо афсуски, болалар футболини ривожлантиришда фақат шунинг ўзи етарли бўлмас экан. Жаҳон футболи тажрибаси шуни кўрсатдики, методик иш услуби ва селекция борасида ҳам янгиликка қўл урилмас экан, моддий-техника базасидан кўп наф олиш қийин. Бизда болалар футболга қандай жалб қилинади? Келинг, ҳозир шу масалада битта мисол келтирсак.

КАТТА ТАФОВУТ


Касбимиз журналист бўлгани ва футболни ёритганимиз важидан табиийки, бу соҳада танишлар ҳам етарли. Мураббий ва футболчилар орасида юргандан сўнг кўпи билан салом-алик қуюқлашиб, яқинлашиб кетасиз. Бу эса, ўз навбатида, миллионлар ўйинига мухлислик қиладиган ва фарзандини келажакда яшил майдонда кўришни истайдиганларнинг илтимосларига ҳам сабаб бўлади. Тан оламан, шахсан ўзим шу вақтга қадар анча-мунча номзодларни ҳали у ва ҳали бу мураббийга таклиф этганман.

Улар эса, албатта, янги иқтидорни кўрикдан ўтказиб кўрганлар. Бироқ ҳамма гап шундаки, ўз қишлоғида тўп сурганда анча-мунча Марадонани уялтириб қўядиган ўша иқтидорларнинг ҳеч бири ўз ўрнини топиб кета олмади.

Ҳар ҳолда мен кўрганлар шундай. Чунки қишлоқ майдонида ўйнаш бошқа, профессионал мураббийнинг талабларига мос равишда тўп суриш - мутлақо бошқа масала. Афсуски, ўз қишлоғида «юлдуз» бўлган болалар ҳар доим ҳам профессионал мактабда ўз ўринларини топиб кетишмайди. Бундай мисоллар бир менда эмас, бошқаларда ҳам бир талай. Хўш, бунга сабаб нимада?

УЗОҚДАГИ ИҚТИДОРЛАР


Биласизми, биз бир масалада ёзғиришни кўп кўрганмиз. «Менинг маҳалламда ёки қишлоғимда иқтидорли ёшлар кўп, фақат уларни илғаб оладиган мутахассислар йўқ», дейишади. Балки ўзингиз ҳам айтгандирсиз. Дарҳақиқат, ким билан гаплашманг, мана шундай иқтидордан камида икки-уч нафарини мисол қилиб келтириши мумкин. Ўша истеъдод соҳиблари қишлоқ ёки туман миқёсида ўтказиладиган мусобақаларда шундай маҳорат намойиш этишадики, ҳайратдан ёқа ушлайсиз.

Бироқ шахсий тажрибамизда бу болаларнинг 80 фоизи росмана футбол мактабига келганда, энг минимал талабга ҳам жавоб бера олмай қолганини кўп кўрганмиз. Нима учун? Чунки профессионал футболда ўйинчига қўйиладиган талаб мутлақо бошқача бўлади. Бола қачон, қаерда бўлишни ва қандай ишларни бажаришни билиши керак, шунга монанд фикрлаши лозим. Бироқ у ёшлигидан устоз кўрмаган бўлса, буни билиши жуда қийин. Мураббийлар тилида бундай болаларни «мактаб кўрмаганлар», дейишади.
Албатта, бу борада шаҳарларда вазият анча яхши. Чунки футбол мактаблари бор ва кимнинг қандайлигини жуда эрта билиб олиш мумкин. Бироқ ҳар бир қишлоқда ҳам бундай мактаблар мавжуд эмас. Ҳавасманд оталар эса узоқ қишлоқлардан болаларини футбол мактабига олиб келишга қийналишади. Бу ёшда футболчини бирор жамоа ўринбосарлари сафида олиб қолиш учун у Мессидек бўлмаса ҳам, анча-мунча потенциалга эга бўлиши лозим. Бундайлар эса биламизки, жуда кам.

Биз юқорида Олимпиададаги ғалабадан сўнг боксга қизиқиш ошганини ёздик. Насиб қилса, бу қизиқиш яқин йилларда самара келтиради. Чунки бокс билан шуғулланадиганлар қанча кўпайса, шунча яхши. Қизиқ томони, футболга болаларни қизиқтириш учун бирор ғалаба ҳам шарт эмас. Футбол шуниси билан ҳам миллионлар ўйиники, уни ҳали бирор чемпион чиқмаган Ботсванада ҳам, чемпионлар ўлкаси - Германияда ҳам қизиқиб ўйнайдилар. Фақат ҳамма гап шундаки, унинг ривожини таъминлаш учун ўша қизиқишни тўғри йўналтириш лозим бўлади. Акс ҳолда, ҳеч қачон Ботсвана даражасидан Германия савиясига кўтарила олмайсиз. Афсуски, бизда айнан шу масалада ҳали қилинадиган ишлар кўп. Келинг, энди футболи ривожланган ўлкаларда вазият қандайлигини бир кўриб чиқсак.

[/b]
ГЕРМАНИЯ


Германия терма жамоаси ЖЧ-2014нинг ҳақиқий кашфиёти бўлди. Немислар ўзи шундоқ ҳам мундиалга фаворитлар сафида борган эдилар. Аммо ҳеч ким уларнинг футбол афсунгарлари - Бразилия терма жамоаси устидан 7:1 ҳисобида ғалаба қозонишларини кутмагани аниқ. Якунда шундай бўлдики, Германия жамоаси ЖЧ финалида Мессидек юлдузи бор Аргентина термасини ҳам мағлуб этиб, чемпионликни қўлга киритди. Бунга қадар ўзи шундоқ ҳам немис футболида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамманинг тилида эди. Жаҳон чемпионатидаги ғалаба эса немислар тўғри йўлда эканини яна бир бор исботлади.

Хўш, уларнинг йўли нимадан иборат? Гап шундаки, Германия футболида йўлга қўйилган иш тизими туфайли иқтидорли болаларнинг ҳеч бири назардан четда қолиб кетиши мумкин эмас. Бунинг шунчаки иложи йўқ. Чунки барча ҳудудларнинг ўз иш тизими мавжуд. Унга кўра, ҳар йили мунтазам равишда болалар учун ёппасига кўрик ўтказилади. Қишлоқ ва маҳаллаларнинг ўз футбол маркази бор ва 7-8 ёшли болакайлар ҳар йили ўша ерда кўрикдан ўтадилар. Иқтидорли деб топилган болалардан гуруҳлар тузилади ва малакали мураббийлар қўл остида машғулот бошлайдилар. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Мана шу болалар ичида энг иқтидорлилари танлаб олингач, алоҳида элит гуруҳларга жалб этилиб, янада малакалироқ бўлган мураббийлар қўл остида шуғулланадилар. Уларнинг иқтидори ўстириб борилади ва вояга етгач, энг яқин ҳудуддаги профессионал футбол клубига тақдим этилади. Шу тариқа ҳар йили ўтказиладиган тадбирлар туфайли ҳеч ким назардан четда қолмайди. ЖЧ-2014 финалида гол урган Марио Гётце ҳам, унга тўп узатиб турган Месут Озил, Томас Мюллер, Марио Гомес ва Сами Хедиралар ҳам айнан шу тизим меваси ҳисобланадилар.

ПУЛИНИ КИМ ТЎЛАЙДИ?


Албатта, бундай катта ҳажмдаги иш шунга монанд харажат ҳам талаб қилади. Қизиқ томони шундаки, болалардаги иқтидорни аниқлаш иши тўлиғича Германия футбол иттифоқи гарданига тушади. Аммо унинг роҳатини энг аввало, клублар кўради. Чунки кашф этилган иқтидорлар тўлиғича уларга етказиб берилади. Табиийки, бундай вақтда савол пайдо бўлиши турган гап - Германия футбол иттифоқига бундан нима наф?

Ҳа, наф бор экан. Бўлганда ҳам жуда катта наф. Гап шундаки, Германия футбол иттифоқи шу тариқа турли ёшдаги терма жамоалар учун номзодларни болаликдан бевосита тарбиялаб бориш имкониятини қўлга киритади. Тайёргарлик маълум босқичга етгач, қолган масъулият клублар зиммасига юкланади ва бу билан уларни ҳам ишлашга мажбур қилинади. Бошқача айтганда, Германия футбол иттифоқи бошқа федерациялар сингари футболчилар етказишда «олма пиш, оғзимга туш», дея қўл қовуштириб ўтирмайди, балки клублар билан баҳамжиҳат иш олиб боради. Германияда «асосий мақсадимиз - терма жамоага футболчи етказиб бериш», дейдиган клублар йўқ. Шунингдек, федерация ҳам «фалон клубга раҳмат, у терма жамоа учун ҳаммадан кўп футболчи етказиб берди», демайди, миннатдорчилик хати йўлламайди. У ерда ҳамма ўз манфаатидан келиб чиқиб иш юритади ва шунга яраша фойда кўради.

[b]ЎРГАНИШ ЗИЁНҚИЛМАЙДИ


Энди шу тизимни ўзимизда ҳам жорий этиш ҳақида ўйлаб кўрсак. Боя таъкидладик, юртимизда иқтидорлар ҳар доим бўлган. Ҳар биримиз ўз қишлоғимиздан истеъдодли ёшларнинг анчасини топиб беришимиз мумкин. Бироқ ҳамма гап шундаки, улар ўз вақтида футбол мактабига жалб этилмайдилар ва кўпинча суяклари қотиб бўлгач, кўрикдан ўтиш учун бирор клубга борадилар. Бироқ ғишт қолипдан кўчиб бўлгач, ҳар қандай уриниш самара келтирмаслиги мумкин. Кўча тилида айтганда, «поезд кетиб бўлган».

Германия тажрибасини ўзлаштириш орқали эса ўша поездга улгуришнинг уддасидан чиққан бўлардик. Акс ҳолда, футболга қизиқиш катта бўлса-да, нима учун боксдагидек ғалабаларга эришмаётганимизга ҳайрон бўлиб юраверамиз. Аслида, бокс, карате, кураш ва бошқа яккакурашларда ғалаба қозониш жамоавий спорт турига нисбатан бошқача кечишини ўйлаб кўрмаймиз. Бокс ёки курашда бир инсоннинг ирода кучи ва матонати туфайли қаторлаштириб медаллар олиш мумкин, аммо футболдек жамоавий спорт турида ҳамма ишни баҳамжиҳат бажариш талаб этилади. Ёдингизда бўлса, ЖЧ-2010да Равшан Эрматов ажойиб ҳакамлиги билан тилга тушганда ҳам кўпчилик фарзандининг қўлида ҳуштак кўришни хоҳлаб қолган эди. Ўшанда ўзимнинг бир қатор танишларим ҳам ҳакамликка ўтиб кетишган, балки яқин вақтлар ичида улардан ҳам малакали рефери етишиб чиқар.

Бироқ футболда ҳам шундай натижага эришиш учун иш тизимини ўзгартириш лозимга ўхшайди. Биз энди биздан кўра яхшироқ биладиганлардан ўрганишимиз керак. Аммо шуни тан олишга қурбимиз етармикан? Буниси энди бошқа масала...

Зафар ҚОСИМОВ

Манба: interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бокс, футбол ва бироз ҳакамлик ҳақида