date

Хаби Алонсо "Ливерпул"га қарши ўйиндан олдин дадил баёнот берди

Хаби Алонсо "Ливерпул"га қарши ўйиндан олдин дадил баёнот берди

Мадриднинг “Реал” жамоаси бош мураббийи Хаби Алонсо Чемпионлар Лигасининг 4-тури доирасида “Ливерпул”га қарши кечадиган муҳим учрашув арафасида журналистлар билан фикр алмашди. Унинг таъкидлашича, жамоа бу баҳсда фақат ҳимояда ўтириб қолмаслиги, аксинча, ўйинни назорат қилиш ва ўз сўзини айта олиши керак.

“Биз шунчаки орқага чекиниб кута олмаймиз. Дарҳол ташаббусни қўлга олишимиз, жасорат ва характер кўрсатишимиз лозим. Чемпионлар Лигаси бу — синов майдони, бу ерда ҳар бир дақиқа муҳим. Биз кейинги босқичга чиқиш учун аниқ қадам ташлашимиз керак”, — деди Алонсо матбуот анжуманида.

Мураббий шунингдек, рақиб ҳақида ҳам фикр билдирди: “Кимдир ‘Ливерпул’ ҳозир яхши ўйнамаяпти’, дейди. Бироқ шу нарсани эсдан чиқармаслик керак — ўтган мавсум ҳам ПСЖ ҳақида шундай фикрлар бўлганди, лекин улар кейин Европа саҳнасида ўз сўзини айтди. Катта жамоалар ҳеч қачон тез таслим бўлмайди”.

Алонсога кўра, “Реал” футболчилари бу кеча нафақат техник, балки руҳий жиҳатдан ҳам тайёр бўлиши лозим. “Ливерпул”нинг “Энфилд”даги муҳити бутун Европада машҳур ва у ерда ҳар бир жамоа босимни ҳис қилади. “Биз шундай шароитда ҳам ўз ўйинимизни намоён қилишимиз керак”, — деди у.

Маълумот учун, “Ливерпул” ва “Реал” ўртасидаги учрашув 4 ноябрдан 5 ноябрга ўтар кечаси, Тошкент вақти билан соат 01:00 да “Энфилд” стадионида старт олади. Мухлислар бу кечани Европадаги энг қизиқарли баҳслардан бири сифатида кутишмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Хаби Алонсо "Ливерпул"га қарши ўйиндан олдин дадил баёнот берди