Мақоламни ортиқча вазн мавзусидан бошламоқчиман. Футболда “Дарвозабон – ярим жамоа”, — деган гап бор. Шу гапдан келиб чиқиб, кеча, 2016 йил 15 ноябрь куни, кореяликларга қарши ўйнаган терма жамоанинг ярмида ортиқча вазн борлиги яққол кўринди. Александр Лобановнинг биқинлари ва қорни осилиб ётганлиги йирик пландаги телекадрларда кўп бора намойиш этилди.
Бу ҳолат ўзбекистонлик футбол мухлислари ўртасида кечадан бери турли ижтимоий тармоқларда ва баъзи сайтлардаги мақолалар остида қизғин муҳокама қилинмоқда. Бу мавзу илгари, яъни кечаги ўйингача кўтарилмаган эди. Мен ҳам Самвел Бабаяннинг суюкли дарвозабонида ортиқча вазн борлигини илгари пайқамаган эканман.
Целлюлитни кўрсатган ва кўрсатмаган “cameraman”лар
Тошкентдаги ўйинлар, асосан, стадион трибуналарининг энг баланд қаторига ўрнатилган камералар орқали узоқдан намойиш этилавергандан кейин телекадрларда футболчиларнинг биқинлари тугул, ўзларини ҳам зўрға кўрасан. Балки, шу нуқсонларни яшириш учун ҳам майдон атрофига ортиқча камералар қўйилмаётгандир? Билмадим.
Дарвоза ортида ўтирадиган ўзбекистонлик фотомухбирлар-чи? Улар терма дарвозабонидаги ортиқча вазнни кўришмаганми ёки кўришни исташмаганми?
Бош мураббий Самвел Бабаян-чи? Унинг ёрдамчилари-чи? Улар ҳам Лобановда ортиқча вазн борлигини билишмаганми?
Кечаги учрашувни тасвирга туширган кореялик телеоператор ва режиссёрларга катта раҳмат! Улар учрашувдаги хавфли вазиятлар ва голларни дарвозаларнинг ёни ва ортига ўрнатилган бир қанча стационар камералар ҳамда майдон устидаги “ўргимчак”-камера орқали такрор ва такрор намойиш этишгани боис кўзимга ёғ босган қорин ва биқинлар кўринди.
Лобановнинг ортиқча вазнини қўя турайлик.
Бабаяннинг суюкли голкипери позиция танлашларда ҳам қўпол хатоларга йўл қўйди. Хусусан, дарвозамизга биринчи гол урилаётганда Лобанов яқин устунга жуда яқин бормаганда, устидан ўтиб кетаётган тўпни ортиқча вазнига қарамасдан ушласа ёки уриб юборса бўларди. Лекин дарвозабон Лобанов ҳимоячи Кримец ёпиб бўлган яқин бурчакни ёпишни маъқул топди.
Иккинчи гол урилаётганда эса зудлик билан яқин бурчакни ёпиш ўрнига дарвоза марказида қолиб кетди ва яқин бурчакка берилган зарбани қайтаришга, табиийки, улгура олмади.
Жарима майдончасига қанотлардан ҳаводан узатиб берилган тўпларга чиқишда ҳам Лобанов қўпол хатоларга йўл қўйди. Унинг хатоларини ҳимоячилар тўғирлашди. Акс ҳолда Ўзбекистон дарвозасига яна бир-икки гол урилиши мумкин эди.
Хуллас калом, Сон Хёнг Мин тепган битта тўпни ушлаб олганини ҳисобга олмаганда кечаги ўйинда Лобанов кўпроқ ўзининг ортиқча вазни ва қўпол хатолари билан ёдда қолди.
Бош мураббий Самвел Бабаяннинг яна бир суюклиси Игорь Сергеев эса кечаги ўйинда икки марта кўриниш берди: биринчи таймда гол урилган вазиятда даврозабонни таъқиб қилиб борганда ва иккинчи таймда чап қанотдан қарши ҳужумга ўтаётганда тўпни кореялик ҳимоячига олдириб қўйганда. Икки ҳолатда ҳам Сергеевга бошланғич тезлиги пастлиги панд берди. Биринчи ҳолатда тўпни эгаллаб ололмади, иккинчисида эса орқасидан келаётган ҳимоячидан қочиб кета олмади. Сергеев бошқа кўриниш бермади. Тамом.
Шулар инобатга олинса, кеча Сеулда кореяликларга қарши ўйнаган терма жамоа майдонда 9 киши бўлиб ҳаракатланди, деса ҳам бўлади.
Тўққиз кишининг “қориндор” голкипер ва “кўринмас” VIP-форварддан фарқи.
Ўша тўққиз футболчи нисбатан камроқ хато қилиб, кўпроқ тер тўкишди ва жон куйдиришди. Масалан, ҳимоячи Даврон Ҳошимов ўз қанотидан Сон Хёнг Миннни кўп марта ўтказиб юборган бўлса ҳам, кўплаб вазиятларда ўз хатоларини сирғанишлари (“подкат”лари) билан тўғирлади. Қўлидан келганча ҳаракат қилди. Шунинг учун унинг ўйинига жиддий эътироз билдириб бўлмайди.
Унинг ўрнида Ислом Тўхтахўжаев бўлганда аҳвол бундан беш баттар бўлар эди. Албатта, ўнг қанот ҳимоясида Ўзбекистонда “Насаф” ҳимоячиси Шуҳрат Муҳаммадиевга етадигани йўқ. Лекин, афсуски, бу йигит терма бош мураббий Самвел Бабаяннинг футбол “концепциялари” ва “қарашлари”га тўғри келмаяпти.
Бош мураббий жанобларининг “концепциялари” ва “қарашлари”га “Локомотив” дарвозабони Игнатий Нестеров ҳам тўғри келмаяпти: заҳирада қолдирилмоқда. Нималагини билмайман. Ёки Нестеровнинг вазни Лобановникидан ҳам оғирроқмикан?
Кечаги ўйинда Бабаяннинг ўйинчи алмаштириш “концепцияси”га ҳам тушунмадим. Ҳисобда олдинда бораётган жамоа мураббийлари рақибни қарши ҳужумда жазолаш ниятида одатда майдонга бошланғич тезлиги катта футболчини битта мақсад — рақиблардан қочиб кетиб, гол уруш — учун тушуришади. Бабаян эса тезлик борасида мақтана олмайдиган Гейнрихни майдонга туширди. Тағин “кўринмас” VIP-форвард Игорь Сергеевнинг ўрнига эмас, яхши ўйнаётган Марат Бикмаевнинг ўрнига туширди.
Умуман олганда Бабаян бошқарувидаги термада ўйин фалсафаси ва “манзара”си йўқлиги яна бир бор кўринди. Бу жамоа бундай ўйини билан гуруҳдаги энг асосий рақиблар Эрон ва Кореяга мағлубиятга учраши табиий ҳол бўлди. Бабаян бошқарувидаги терманинг асл кучи шу икки рақиб қаршисидан кўринди.
Энди ўзимизга ўзимиз: “Мана шу терма жамоа Жаҳон чемпионатида иштирок этишга лойиқми?” – деган савол берайлик. Ва холис жавоб берайлик.
Бабаян бу саволга албатта: “Лойиқ!” – деб жавоб беради. Чунки у ўзи тузган термани мақташдан чарчамайди. Мана шу терма жамоани Самвел Бабаян: “Ўзбекистон тарихидаги энг кучли терма”, — дейишгача борди.
Кеча Сеулда ўтказилган ўйинда “энг кучли терма”нинг кучини кўрдик: тўп назорати 73%-27%, дарвоза томон зарбалар 8-4, аниқ зарбалар 3-1, жарима зарбалари 17-10, бурчак тўплари 6-0. Ҳамма кўрсаткичлар Жанубий Корея фойдасига.
Аниқ зарбалар бўйича кўрсаткичларга эътибор беринг! Бабаяннинг термаси 90 дақиқа давомида рақиб дарвозасига атиги бир марта аниқ зарба берган. Бу шармандалик эмасми?
Бабаяннинг “адвокатлари” ва “журнамухлислари”: “Жанубий Кореяни анчадан бери ютмаганмиз”, — дейишга шошилмасин. Жанубий Корея билан дуранг ўйнашни ғалабага, уни ютишни эса қаҳрамонликка тенглаштиришни бас қилиш керак! Мураббий ақлли бўлса, таркибида топ-юлдузи бўлмаган жамоа билан «Ноу Камп»да топ-юлдузли «Барселона»ни ҳам йирик ҳисобда ютса бўлади. Буни Лобановский ва Бердиевлар ўз тажрибаларида исботлашган.
Термани бошқармоқчимисан? Клубингни чемпион қил!
Терма жамоага бош мураббий танлаш ҳақида сўз очилган экан, Ўзбекистон Футбол Федерацияси раҳбариятининг бу борадаги “концепцияси” ва “қарашлари” менга номаълум. Менимча, ЎФФда термага бош мураббий қуйдагича тайинланади:
— Ўтган йили бизда ким чемпион бўлди?
— “Пахтакор”.
— Бултурги йил-чи?
— Бултур ҳам “Пахтакор” чемпион бўлди.
— “Пахтакор”нинг бош мураббийи ким?
— Самвел Бабаян!
— Унинг “А” лицензияси борми?
— Нима деяпсиз?! Унинг “PRO” лицензияси бор!
— Йўғ-ей?!
— Отвечаю!
— Бўлди: термага шуни бош мураббий қиламиз!
Шахсий фикримча, бир пайтлар Миржалол Қосимов ҳам ҳудди шу “концепция” асосида термани қутқаришга чақирилган.
Ана шу “концепция” асосида термага бош мураббий қилиб тайинланаётган номзоднинг тажрибаси жамоани Жаҳон чемпионатига олиб чиқиш учун етадими-йўқми – ҳеч кимни қизиқтирмаса керак. Қолаверса, бу номзодлар ўз клубларини қайси йўллар орқали чемпион қилганликлари билан ҳам ЎФФдагиларнинг иши бўлмаса керак. Бу масала билан бизда бир пайтлар “Soccer Club” шуғулланар эди – ўзбек футболининг душманлари унинг ҳам бошига етишди!
Терма жамоа бош мураббийлигига таҳминан мана шундай “концепция” асосида тайинланаётган маҳаллий мутахассиларга на миллий чемпионатдаги ғалабалари, на лицензиялари ёрдам бермаяпти. Ҳозирги бош мураббий Самвел Бабаянга эса кучли рақибларга (Эрон ва Жанубий Кореяга) қарши ўтказилган ўйинларда ўзи ёқтирадиган кўк форма ҳам ёрдам бермади. Шундай экан, Бабаян кейинги ўйинларда ҳар хил ирим-сиримларни йиғиштириб, “оқ бўрилар”ни майдонга қўрқмасдан оқ футболкаларда бошлаб чиқса ҳам бўлаверади.
Аслида эса эътиборни футболка рангини танлашга қаратгандан кўра, термага футболчи чақиришда холис бўлиб, ўз билимларини оширишга ва машғулотларга зўр берган афзал, менимча.
Холислик танқислиги
Ўйлаб қарасам, оҳирги йилларда миллий терма жамоамизнинг бош мураббийлари ўзларининг ёқимтойларини термага олиб келган экан. Бир пайтлар Абрамов Қатарда Олим Новкаровни ўйнатган бўлса, кейинчалик Қосимов Австралияда Лутфулла Тўраевни майдонга туширди. Мана энди Самвел Бабаян Лобанов ва Андреевни олиб юрибди.
Миллий терма жамоанинг оҳирги йиллардаги мураббийларининг яна бир ўхшаш ҳусусиятти шунда-ки, югуришдан қолган қария футболчилардан воз кечиш улар учун азобнинг ўзгинаси. Қария футболчилар югуришдан, реакциядан аллақачон тўхташган бўлса ҳам, мураббийларимиз суюклиларини майдонга туширгани туширган. Бу борада бир нима дейилса, мураббийларнинг жавоблари тайин: “Зато, уларнинг тажрибаси катта!”
“Ундай бўлса майдонга ўзингиз тушақолинг! Ахир, Сизнинг тажрибангиз уларникидан ҳам кўп-ку!”, — десангиз, мураббийлардан биронтаси майдонга туша олмайди. Чунки югура олмайди. Лекин ўзига ўхшаган қария футболчини майдонга туширишни яхши кўришади.
Маҳаллий мураббийлар мана шу ва бошқа сабаблар туфайли миллий терма жамоани 25 йилдан бери Жаҳон чемпионатига олиб чиқа олмаётган бўлсалар ҳам, ЎФФ раҳбарияти термага яна шуларни тайинлайверади. Бу борада ЎФФ раҳбарияти танқид қилинса, раҳбариятнинг ўзи ёки унинг “адвокат”лари: “Зато, раҳбарият футболимизга пул топиб беряпти, термамизга чартер рейслар ташкил қилиб бермоқда”, — дейишади.
“Зато, сизлар ташкил қилган чартер рейсда қориндорлар учишмоқда”.
ЎФФ президенти Мирабор Усмонов миллий футболга ва терма жамоага ростдан ҳам “пул топиб” бераётган бўлиши мумкин. Терма жамоанинг Сеулдаги ўйинига чартер авиарейс ташкил қилиб, корейсларни шокка туширди. Буларнинг ҳаммаси яхши, албатта.
Лекин шуниси ёмон-ки, ўша “топиб” берилган пуллар “вазнсиз” футболчилар билан биргаликда “вазнли”ларга ҳам, майдонда “кўринадиган”лар билан биргаликда “кўринмайдиган”ларга ҳам сарфланмоқда. Мираброр Зуфарович ташкил қилган чартер рейс неъматларидан қорин қўйган спортчилар ҳам фойдаланишмоқда. Ўшаларни термага ким жалб қилади? Бош мураббий жалб қилади!
Яъни, миллий терма жамоага эътибор дегани жамоа учун хорижий йиғинлар ёки чартер рейслар уюштириб беришдангина иборат дегани эмас. Ҳақиқий эътибор аввало замонавий футболдан хабардор малакали мутахассисни жалб қилишдан бошланади. Токи термага холис, адолатли, ҳалол ва малакали мураббий жалб қилинмас экан, термага ажратиладиган пуллар ҳавога совурилаверади.
Бу муаммонинг яна бир қизиқ томони шуда-ки, ЎФФ раҳбарияти натижа кўрсата олмаган биронта мураббийга шу кунгача чора кўрмаган.
Бобомурод Абдулла
Манба:diydoraziz.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Рақиблар ўзбек боксчисидан чўчияпти: “Боксчиларимиз кушандаси”
Рақамли далилларни судга тақдим этиш тартиби тасдиқланди
Исроиллик раввинни ўлдиришда гумонланган уч киши ушланди
Қирғизистон бюджетига коррупционерлардан мисли кўрилмаган миқдорда маблағ қайтарилди
Путиннинг ядровий огоҳлантириши — "Орешник" нималарга қодир?