
ОЧЛ-2нинг олтинчи тур учрашувида "Ал-Аҳли" жамоаси ўз майдонида "Андижон"ни 2:0 ҳисобида ишончли тарзда мағлуб этди. Мезбонларнинг иккала голига ҳам Мичел Влап муаллифлик қилди.
Учрашувнинг дастлабки дақиқаларидаёқ "Ал-Аҳли" тўпни назорат қилди ва юқори суръатни ўрнатди. "Андижон" қарши ҳужумлар билан жавоб қайтаришга ҳаракат қилди, лекин эҳтиёткорликни сақлади.
26-дақиқада мезбонларнинг босими натижа берди. Стандарт вазиятдан сўнг Мичел Влап аниқлик билан зарба берди ва ҳисобни очди.
"Андижон" фаоллашишга уринди, аммо мезбонлар ҳимояда мустаҳкам ўйнади. Танаффусгача "Ал-Аҳли" бир нечта хавфли вазиятларни яратди.
Дракслер ва Экспозито томонидан йўлланган зарбалар голга яқин эди. "Андижон" эса камдан-кам ҳолларда ҳужумга ўтди, аммо дарвозабон Элдор Адҳамов ўз дарвозасини ишончли ҳимоя қилди.
Иккинчи бўлимда меҳмонлар ўйин ритмини ўзгартириш мақсадида алмаштиришларни амалга оширди, лекин ташаббус барибир мезбонларда қолди. 65-дақиқада Влап яна саҳнага чиқди.
Жулиан Дракслернинг узатмасидан кейин ярим ҳимоячи совуққонлик билан вазиятдан фойдаланди ва ҳисобни 2:0 кўринишига олиб келди. Қолган дақиқаларда "Ал-Аҳли" ўйинни назорат қилиб, рақибга ҳисобни қисқартириш имконини бермади.
ОЧЛ-2. В гуруҳи. 6-тур. 24 декабр
Ал Аҳли (Қатар) — Андижон (Ўзбекистон) 2:0
Голлар: Влап (26, 65).
Ал Аҳли — Бадредлин (Наим, 80), Жассим, Тиҳи, Митрович (Думбуя, 30), Амрауи, Экспозито, Диалло, Феттуҳи, Дракслер (Ан Наср, 74), Влап, Янсане.
Андижон — Элдор Адҳамов, Суннатуллоҳ Ҳамиджонов (Олег Зотеев, 72), Шаҳзод Азмиддинов, Исмоил Акинаде, Сардор Азимов (Аббос Абдуғаффоров, 72), Абдураҳмон Комилов, Дамир Темиров, Усмонали Исмоналиев, Муҳаммадкарим Тоиров (Дониёр Абдуманнопов, 46), Кристиан Новак, Бектемир Абдуманнонов (Муҳаммадали Усмонов, 66).
Огоҳлантиришлар: Диалло (84), Влап (89).
"Андижон" учун бу мусобақа муваффақиятсиз якунланди. Жамоа гуруҳ босқичида бирорта ҳам ғалаба қозона олмади ва гол ура олмади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.