
«Барселона» ва Англия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Гари Линекер футбол мухлислари ўртасида доим қизиқиш уйғотадиган саволларга ўз қарашларини билдирди. У турли номинациялар бўйича Англия Премьер-лигасининг энг яхшиларини танлаб, шахсий рейтингини эълон қилди.
Линекернинг фикрича, Премьер-лига тарихидаги энг кучли ҳужумчи — бу Алан Ширер. Унинг доимий равишда гол уриш қобилияти, жисмоний тайёргарлиги ва барқарор ўйини чемпионат тарихида алоҳида ўрин тутади.
Барча даврлардаги энг яхши Премьер-лига футболчиси номинациясида эса Линекер иккилана олмади. Ушбу унвонни Криштиану Роналдуга муносиб деб ҳисоблади. Унинг Англиядаги фаолияти, ҳал қилувчи лаҳзаларда жамоани олдинга етаклай олиши ва индивидуал маҳорати юқори баҳоланди.
Айни пайтда Премьер-лигада энг кучли футболчи ким, деган саволга эса Линекер Эрлинг Ҳоландни тилга олди. Норвегиялик ҳужумчининг голлар самарадорлиги ва рақиб ҳимоячилари учун доимий хавф манбаи экани алоҳида таъкидланди.
Мураббийлар орасида энг буюк ном ким, деган баҳсда эса Гари Линекер Пеп Гвардиолани биринчи ўринга қўйди. Унинг тактик ёндашуви, жамоаларни қайта қуриш маҳорати ва чемпионликлар сони бу танловни асослайди.
Қизиқ жиҳати шундаки, Премьер-лигада чемпион бўлмаган энг яхши футболчи ким, деган саволга Линекер ҳазиломуз, бироқ ишонч билан “мен” деб жавоб берди. Бу жавоб мухлислар орасида табассум уйғотди.
Шунингдек, у ҳозирги Премьер-лига футболчилари орасида “Олтин тўп”ни қўлга киритишга энг яқин номзод сифатида Палмерни кўрсатди. Унинг ўсиб бораётган ўйини ва таъсирчан статистикаси келажакда катта муваффақиятларга йўл очиши мумкин.
GOAT — яъни футбол тарихидаги энг буюк ўйинчи масаласида эса Линекер ўз позициясига қатъий қолди. Унинг танлови — Лионель Месси. Аргентиналик юлдузнинг барқарорлиги, техникаси ва футболга таъсири унинг назарича шубҳасиз энг юқори чўққида туради.
Қисқаси, Гари Линекернинг бу рейтинглари яна бир бор Премьер-лига ва жаҳон футболи ҳақидаги қизғин мунозараларни алангалатди. Мухлислар эса ҳар доимгидек, бу баҳсларда ўз фикрини билдиришдан тўхтамайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.