date

Голлар шоусини уюштирган футболчиларимиз неча баллга лойиқ кўрилди?

Голлар шоусини уюштирган футболчиларимиз неча баллга лойиқ кўрилди?

Туркия Суперлигасининг 17-тури доирасида Нури Шаҳин бошқарувидаги "Истанбул Башакшеҳир" ўз майдонида "Газиантеп" жамоасини қабул қилди ва ишончли, ҳужумкор ўйин орқали 5:1 ҳисобида йирик ғалабани қўлга киритди. Ушбу беллашув ўзбекистонлик футболчилар учун ҳақиқий бенефисга айланди.

Учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов жамоасининг энг фаол ўйинчиларидан бири бўлди. Ҳужумчи гол урибгина қолмай, яна бир голли узатма билан ҳам ажралиб турди. Унинг майдондаги ҳаракатлари, позиция танлаши ва шерикларини ўйинга жалб этиши мухлислар ва мутахассислар эътиборини тортди.

Ёш истеъдод Аббосбек Файзуллаев ҳам учрашувда ўз сўзини айта олди. У рақиб дарвозасини ишғол қилиб, номини таблога ёздирди. Шу билан бирга, жамоанинг тўртинчи голи ҳам айнан Файзуллаевнинг фаоллиги самараси бўлди — унинг хавфли узатмасидан кейин рақиб ҳимоячилари тўпни ўз дарвозасига киритиб қўйишди. Бу эпизодда Аббосбекнинг тезкор фикрлаши ва техник маҳорати яққол намоён бўлди.

Беллашувдан сўнг қатор нуфузли спорт порталлари ҳамюртларимизнинг ўйинини юқори баҳолади. Хусусан,

  • “Fotmob” нашри Файзуллаевни 8,3 баллга, Шомуродовни эса 8,5 баллга муносиб кўрди.
  • “Sofascore” портали эса Аббосбекнинг ўйинини янада баланд баҳолаб, унга 9,3 балл қўйди, Элдор эса 7,9 балл билан қайд этилди.
  • “Flashscore” сайти ҳам ўз рейтингларини эълон қилди. Унга кўра, 22 ёшли Файзуллаев 8,2 балл олган бўлса, миллий жамоамиз сардори Шомуродов 8,0 балл билан баҳоланди.

Бу ўйин ўзбекистонлик футболчиларнинг Туркия чемпионатидаги нуфузи ошиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади. Шомуродов ва Файзуллаевнинг барқарор ва самарали ўйини нафақат клуби, балки миллий терма жамоа мухлисларига ҳам катта умид бағишламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Голлар шоусини уюштирган футболчиларимиз неча баллга лойиқ кўрилди?