Дугари Неймарнинг Бразилия терма жамоасига қайтишини кескин танқид қилди

1998-йилги жаҳон чемпиони Кристоф Дугари Карло Анчелоттининг Неймар бўйича қабул қилган қарорини кескин танқид остига олди. Франциялик собиқ футболчининг фикрича, 34 ёшли ҳужумчининг 2026-йилги жаҳон чемпионати учун Бразилия терма жамоасига чақирилиши "шоу"дан бошқа нарса эмас ва бу "Селесао" савияси пасайиб кетганидан далолат беради. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Неймарнинг уч йиллик танаффусдан сўнг миллий жамоага қайтиши ватанида байрамдек кутиб олинган бўлса-да, мутахассислар орасида унинг жисмоний ва тактик ҳолати бўйича шубҳалар пайдо бўлмоқда. Дугари RMC Sport эфирида бу ҳолатни очиқчасига масхара деб атади: "Мен бу чақирув ортида чуқур масхарани ҳис қиляпман. Одамлар у турнир бошланмасдан жароҳат олади ёки вазн тўплаган деб гапиришмоқда. Уни шунчаки томоша объектига айлантириб қўйишди ва Неймар буни ўзи хоҳламоқда".
Собиқ ҳужумчининг таъкидлашича, беш карра жаҳон чемпионларининг ўз чўққисидан ўтиб бўлган футболчига таяниши жамоанинг ҳозирги инқирозини кўрсатади. "Неймарнинг танланиши Бразилия қанчалик пастга тушиб кетганини исботлайди. Бу йигит ҳали ҳам жамоага нимадир бера олишига ишонмайман", — дея қўшимча қилди Дугари.
Бразилия терма жамоаси 27-май куни Гранжа Комари базасида йиғилади ва 31-май куни Маракана стадионида Панамага қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Шундан сўнг Карло Анчелотти шогирдлари жаҳон чемпионатининг "К" гуруҳида Марокаш, Гаити ва Шотландия билан куч синашиш учун Шимолий Америкага йўл олади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!