date

Руни Гвардиола инглиз футболини бутунлай ўзгартирганини айтди

Англия футболи афсонаси Уэйн Руни «Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиоланинг Англия футболига кўрсатган таъсири ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, испаниялик мутахассис Премьер-лигага кириб келганидан кейин нафақат «Сити», балки бутун инглиз футболида ўйин фалсафаси ўзгарган.

Аввалроқ мавсум якунида Пеп Гвардиола «Манчестер Сити»ни тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шу фон ортида Руни унинг Англияда қолдирган мероси ҳақида гапирди.

«Менимча, у ҳақиқий тоза ҳаво каби кириб келди. Пеп — ақлбовар қилмас мураббий ва у инглиз футболининг қиёфасини бутунлай ўзгартирди. Сўнгги 10-15 йил ичида хорижлик футболчилар ва мураббийлар кўпайди. Аммо айнан у келиб, деярли бутун тизимни, ҳаттоки ҳаваскор футболни ҳам ўзгартирди», — деди Руни.

Уэйн Рунининг фикрича, Гвардиоланинг таъсири фақат юқори даражадаги клублар билан чекланиб қолмади. Унинг услуби болалар футболигача кириб борди. Ҳозирда кўплаб жамоалар ҳужумни дарвозабондан қисқа паслар орқали бошлашга, ҳимоядан тўпни хотиржам олиб чиқишга ҳаракат қилмоқда.

«У инглиз футболининг барча жиҳатларига таъсир қилди. Жамоалар тўпни дарвозабондан қисқа узатмалар билан ўйнай бошлади, болалар футболида ҳам ҳимоядан қисқа паслар орқали чиқиш одатий ҳолга айланди», — дея қўшимча қилди Руни.

Гвардиола 2016 йилдан буён «Манчестер Сити»ни бошқариб келмоқда. Шу давр ичида у клубни Англия ва Европа футболидаги энг кучли жамоалардан бирига айлантирди. Пеп қўл остида «Сити» тўп назорати, юқори прессинг, позицион ҳужум ва жамоавий ҳаракат борасида янги стандарт ўрнатди.

Унинг даврида «Манчестер Сити» кўплаб совринларни қўлга киритди ва Премьер-лигада узоқ йиллар давомида асосий кучлардан бири бўлиб келди. Аммо Руни таъкидлаганидек, Гвардиоланинг энг катта мероси фақат кубокларда эмас, балки футболга бўлган қарашни ўзгартирганида.

Қисқаси, Уэйн Руни Пеп Гвардиолани инглиз футболига янги нафас олиб кирган мураббий сифатида баҳолади. Пеп келди, паслар қисқарди, дарвозабонлар ҳам “плеймейкер”га айланди, болалар ҳам ҳимоядан ўйин қуришни бошлади. Бу энди шунчаки мураббийлик эмас — бутун футбол маданиятига берилган апдейт.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Руни Гвардиола инглиз футболини бутунлай ўзгартирганини айтди