Бир шоир бўлган экан. Жуда кучли шеърлар ёзар экан. Ундан савиясизроқ шоирларга ҳайкал қўйишибдию, у бечорага қўйишмабди. Шогирд сўрабди: “Устоз, сизга нега ҳайкал қўйишмаган?”
Устоз шундай деб жавоб берган экан: “Агар менга ҳайкал қўйишса, бу ҳам кимгадир ёқмасди ва у: “Нега бу одамга ҳайкал қўйишган?” деб сўрарди. Ҳозир эса “нега ҳайкал қўйилмаган?” деб сўрашяпти. Менга иккинчи савол кўпроқ ёқяпти…”
Бу оқилона жавобга кейинроқ қайтамиз, ҳозир эса терма жамоамиз ҳақида гаплашайлик. Ҳозирги кайфиятимиз ёмонмас. Бироқ, ҳозир кайфиятни тирриқ қиладиган бир нарса бор. Буни мен мозийнинг аламли нуқталарида кўраман. Саралаш ўйинлари деганда биттагина ёрқин хотира бор менда: Ливан-2000 саралаш мусобақасида Қосимовнинг ажойиб узатмасидан сўнг Шацких томонидан киритилган супергол! БАА енгилган ва терма жамоамиз турнирга йўл олган эди ўшанда. Бўлди. Шундан бошқа эсласа кўзга ёш келадиган бирор бир якун йўқ. Ўйинлар бор, якун йўқ.
Қувайт билан кечган беллашув ҳам, Японияни Японияда енгиб келган ўйинимиз ҳам, Жанубий Корея билан уйимиздаги ажойиб дуранг ҳам оралиқда милтиллаган хира юлдузлардек жилва сочади. Бироқ, улар барибир якуний баҳс бўлмагани учун, тугал шодликни улаша олмайди. Якунга борганда нуқул йиқиламиз. Нимадир бўлади. Бу бизнинг руҳий камчилигимиз, ишни охиригача етказа олмаслик иллатимиз бўлса керак, деб ўйлайман. Бошқа сабаб кўрмаётганим учун, узр!
Саралаш баҳсларидаги жуда кўп хатоларимиз, менимча, мураббийларни ўз вақтида олмасликда ва янгисига бевақт топширилишида! Фақат бир мартагина бу масалага калла ишлатиб ёндашилганини кўргандим. 2002 йилги ЖЧ саралаш ўйинларида хориждан келган тажрибали мураббийга топширилган ва у охиригача ишни олиб борган. Ўша давр мезони бўйича терма жамоамиз мундиалга йўл олиши учун жамики ишлар қилингандек эди. Осиёда ўтадиган мусобақада Япония ва Жанубий Кореянинг иштирок этмагани ҳам терма жамоамиз имкониятини бироз яхшилаган, умид боғласа бўладиган ягона турнир эди чамамда. Ўшанда ҳам якунимиз эсингизда бўлса керак?! Фақат ўша турнирдагина мен термамиз бошида турган ташкилотчилар тўғри иш олиб боришган, деб ўйлайман. Мағлубиятларимизда уларнинг айби йўқ, бор айбни мураббий бўйнига олиши лозим бўлган ягона турнир!
Қолган саралашларда телба-тескари қарорлар қурбони бўлганмиз. Бир мураббийга ишонмаслик ё ўрнига бошқасини энг ноқулай пайтда олиб келиш “санъати”ни шу қадар ўзлаштирганмизки, бу ҳаракатларимиздан энг кўп азият чеккан инсонлар мураббийлардир! Мураббийларимизда ўзларига бўлган ишонч катта бўлиши мумкин, бироқ уларнинг салоҳиятлари ўша пайтга тўғри келмаслигига юз бор гувоҳ бўлганмиз. Омад билан ғалаба қозонган ўйинларимизда бу ғалабани савияга боғлаб хато қилганмиз ё савияли ўйин билан енгилганимизда мураббийларни айблаганмиз. Бизнинг яна бир хатоимиз шу. Нега шундай хатога йўл қўямиз, биласизми? Менимча, бунинг жавоби Қодирийнинг “мозийдаги хайр”га боғлиқ машҳур иқтибосига яширинган – БИЗ БУГУНИМИЗДАН САРМАСТ БЎЛИБ ҚОЛАМИЗ ВА ЭРТАМИЗНИ ҲАМ ШУ БУГУНГИ ОМАД ҚУТҚАРИБ ҚОЛАДИ, деб ўйлаймиз. Буям нодир хатоларимиздан! Ўзини ўзи алдашдан бошқа нарса эмас бу…
Бугун терма жамоамизнинг босқичдаги сўнгги ўйини. Олдин айтганимиздек, стадионнинг тўлишига, йигитларимиз ажойиб ўйин орқали ғалаба қозонишларига ҳамма ишоняпти. Бироқ, шу паллада мени ўйлатган энг катта масала – кейинги босқич нима бўлади? Илк ўйиндаёқ Осиё грандларидан бирига қарши ўйнасак, Худо кўрсатмасину, ёмонроқ натижа қайд этсак, тўрт йил олдингига ўхшаб Бабаянни ҳам энг мураккаб пайтда олиб ташлайдиларми? Ёки турнир тугагунга қадар ишонч билдирадиларми? Ишонч билдирилди ҳам дейлик, Бабаян бу оғир босқичдан ўта оладими? Ўта оладиган салоҳиятга эгами? Билмадим, Самвелнинг ўзи ўзи ҳақида қандай фикрда, аммо кўпчилик бу босқичда унга жуда ҳам оғир бўлишини тахмин қилиб турибди. Йўқ, йўқ, бу унинг шаънига нисбатан ҳеч қандай ёмон сўз бўлиб тиркалмаслиги керак. Очиқ ҳақиқатни айтиш уят иш бўлмаслиги лозим. Айтиб қолиш керакки, эртага “айтмовдиларинг” демасликлари учун!
Ташкилотчиларни айбладик юқорида. Ўзи, яхшилаб ўйлаб қарасак, баъзан мураббийларимиз ҳам ўзларига катта баҳо бериб хато қилишган экан. Бутун бошли юрт термасини елкасида кўтаришдек оғир масъулиятни қўрқмасдан қабул қилиш учун инсон ростан ҳам кучли мураббий бўлиши керак! Акс ҳолда, унинг ҳаракатлари телбаликдан ўзга нарса эмас. “Ўхшаб қолса, буюк бўлиб кетаман” деган орзу билан бу ишга киришмаклик нодонликдан ўзга туйғу эмас. Бу энди ҳаёт-мамот босқичи. Бу ерда юрт жамоаси билан ўйнашиб бўлмайди. Юрт жамоаси орзулар синаб кўриладиган синов майдончаси эмас. Бу ерда нафақат омад ё футболчиларга бўладиган далда, балки ҳақиқий мураббиёна кўрсатмалар, кучли рақибларга муносиб тайёргарлик, рақибнинг имкониятларини тўлиқ билиш ва бошқа кўпгина, фақат кучли мураббийларга тегишли бўлган сифатлар керакдир!
Бабаяннинг 2015-2016 йилги натижаларига бош эгган ҳолда айтамизки, бу натижалар авваламбор енгилроқ босқичда ва вазият тақозоси билан амалга ошди. Охирги босқичда ҳаммасини нолдан бошладик. Энди рақибларимиз Филиппин ё Яманлар эмас, Жанубий Корея ва Эрон сингари жамоалардир. Бу босқичдаги ўйинларни Гейнрихнинг бир ўзи барчасини ҳал қилиб ташлай олмслигини кўрдик. Одил узоқдан, тўпни ерлатиб тепса дарвозага кириб кетавермаяпти. Қисқа қилиб айтганда, жорий босқичда узоқ йиллик тажрибаларимиздан маълумки, фақатгина халқаро тоифадаги мураббийгина кутиладиган ЯКУННИ тақдим этиши мумкин. Бошқаларнинг ҳаммасини кўрдик. Биринчи босқичдаги омадлар бу босқичда рақиб жамоа вакилларига дўст бўлиб олишини-да гувоҳига айландик.
Фақат битта савол айланаверади бошда: Аччиқ тажрибамизда такрор ва такрор намойиш этилган саҳна кўриниши жонга тегмадими? Ўйинлар авжига чиққан паллада янги мураббий ахтариб қолиш шунчалик ёқимли машғулотми бизга? Кейин, унга топширилгач, у ҳам муваффақиятсизликка учраса, ноқулай пайтда қабул қилиб олганлигини рўкач ўлароқ келтириб, оқлаб ўтиришдан-да зерикмадикми? Бу саволларга жавобни битта одам бера олади, деб ўйлайман: Самвел Бабаян!
У терма жамоа тарихида зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қолинишга энг яқин турган мураббийдир! У ўзи бошқарган саккиз ўйиннинг барчасида ғалаба қозонган!!!
Юқоридаги Устоз ва шогирд ҳақидаги ажойиб ривоятни бекорга келтирмадим. Сизга қайси саволни беришларини истардингиз, жаноб Бабаян???
Манба: www.maydon.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади