15:23 / 22.06.2017
3 994

Ўзбек футболи. Футболчи менталитетга боғлиқми?

Ўзбек футболи. Футболчи менталитетга боғлиқми?
Яқинда, газеталардан бирида, Ўзбекистон терма жамоаси футболчиларининг бокс бўйича олимпиада чемпионлари билан учрашуви тўғрисидаги хабарга кўзим тушиб қолди. Бу яхшилик аломати ёки «нимадандир» умидвор бўлиш.

Ўзгалар тажрибаси орқали ўзликни англаш – оёқлар орасидан бошни қашиш деган гап. Битта учрашув билан боксчиларимиздаги ишонч, қатиъят, маҳорат ёки ғолиб бўлиш қобилияти футболчиларимизга ўтиб қолмайди. «Ғалабага бўлган кобилият бизнинг ич – ичимизда мавжуд, биз уни намоён этишга тайёр бўлмагунча у ўзини асло билдирмайди». Ғолиб бўлиш қобилияти нафақат боксчиларимиз ёки футболчиларимиз, балки ҳар бир инсоннинг ички тизимида мавжуд. Аммо, бу қобилиятни юзага чиқара олиш, бу энди – фан. Олимпия ўйинлари давомида бокс бўйича терма жамоамиз мураббийси Раҳматжон Рўзиохунов мураббий сифатида «яшади». Мураббий, мураббий сифатида ўз шогирдига нима бера олиши мумкин? У ўз шогирдига йуналишни, ишончни ва муҳаббатини бера олади. Бу сифатлар Раҳматжон Рўзиохуновда мужассам. Бу энди унинг «ихтиро»си. У ўз «ихтиро»си ва муваффақияти билан фахрланса арзийди.

Ғарблик ва шарқлик инсонлар нимаси билан фарқ қилади? Ғарб фалсафаси моддийликка асосланган, шарқ эса маънавиятга. Ғарбдаги инсонлар ўз шахсий манфаати учун ўз подшоҳининг устидан ҳам мағзава ағдариши мумкин. Ғарбликлар учун бу одатий ҳол ёки нормал ҳолат ҳисобланади. Шарқда эса бу мумкин эмас. Агар сиз ғарбдан эҳтиётсизлик қилиб «ниманидир» шарққа тиқиштирмоқчи бўлсангиз, шарқдан «тарсаки» еб қолишингиз мумкин. Шарқ нозик масала. Шарқда маънавият ҳар қанақа моддийликдан устун туради. Албатта, истиснолар ҳам бўлиб туради. Ғарб ерга интилади, шарқ эса самога. Бизнинг маънавиятимиз устун томонимизми ёки ожизлигимиз. Энди бу масалага қайси ракурсдан қарашингизга боғлиқ.

Одил Аҳмедов том маънодаги шарқлик. Агар у шарқлик бўлмаганида аллақачон инглиз пример лигасида жавлон уриб юрган бўларди. Одил Аҳмедов ҳар доим ҳақ. У ҳар доим жуда кўплаб вариантлар ичидан ўзига энг маъқулини танлайди. У қандай қилиб танлаш имкониятини қўлга киритди? ИШОНЧ. Бу ҳам Одил Аҳмедовнинг «ихтиро»си. Ишончни қандай қилиб қўлга киритиш мумкин? Тайёр жавобни ҳоҳлайсизми? Лекин ўрганишнинг айнан шундай шакли, маълумотларни тайёр жавоб шаклида олиш одамни қулга айлантиради. Сиздаги энг қўрқинчли хасталик – бу сиздаги моҳиятига тушунмай, тайёр шаклда олинган билимлардир. Хўп, шундай бўлсада пардани бир четини озгина кўтараман. Озгина кўтардим дегани, буткул кўтариб ташладим дегани эмас. Мана у: - Бирор бир фикрга, ғояга ёки маълумотга нисбатан ишончни қўлга киритиш учун ҳеч бир инсон масъул эмас. Бизга фикр ёки ғояни танлаш имконияти берилган, холос. Та-а-нла-а-аш. Танлаш учунгина биз масъулмиз.

Беқиёс иқтидор соҳиби, ҳужумчимиз Игор Сергеев ҳам шарқлик. Шарқ тарбиясини олган йигит. Лекин, нима учундир Сергеев ўзидаги гол уриш қобилиятини йўқотиб қўйди. Унинг гол уриш қобилияти қаёққа ғойиб бўлди? У қанақа қобилият бўлдики ҳоҳласа келадиган, ҳоҳламаса жуфтакни ростлаб қоладиган? Игор Сергеев истеъдодли ҳужумчи. Табиат инъом этган истеъдод ҳам худди булоққа ўхшайди. Аммо «кимлардир» бу булоқнинг кўзига тош қалаб қўйишди. Булоқнинг кўзи бекилиб қолди ва… Балким сиз бу кимлар томонидандир атайлаб қилингандир деб, ўйларсиз? Йўқ, бу англанмаган ҳолда амалга оширилган ва ҳеч ким буни атайлаб қилмаган. Элнинг оғзига элак тутиб бўлмайди. Нима учун айрим ҳужумчилар гол уриш қобилиятини йўқотиб қўйишади? Бунинг сабаблари қаерда? Танқид. Танқиднинг ўзи нима? Танқид – ташаббусни барбод қилиб, тасаввур кучини синдиради, ўзига хосликни чегаралаб ташлайди, футболчининг ўзига нисбатан ишончидан маҳрум қилади. Ва жуда кўп ҳолларда унга зарар етказади. Шунақа зарар – ки уни душманингга ҳам раво кўрмайсан. Агар кимдир кимнидир танқид қилиш керак бўлса, улар бир – бирига чиройли «гулдаста» совға қилишлари мумкин. Бизда ундан етарлича бор. Сиз танқидни қандай қабул қиласиз? Агар сиз танқидни тўғри қабул қиламан десангиз, ҳеч қачон ишонмайман. Унда сиз шарқлик эмассиз. Бизнинг маънавиятимиз ор ва ғурурга асосланган. Биз танқидни жуда оғир қабул қиламиз. Агар озгина танқидий елвизак эсса ҳам у бизга тегиб кетади. Яъни, салбий таъсир доирамизни кучайтириб юборади.

Футболчилар азият чекадиган энг катта офатлардан биттаси ҳаддан зиёд таъсирчанликдир. Бу шундай унумли заминки, ундан қуюқ тарздаги турли муваффақиятсизликлар келиб чиқади. У шунчалик тутқич бермаски, унинг иштирокини аниқлаш жуда қийин кечади. Аниқроқ қилиб айтганда, у қўрқув сифатида баҳоланмайди ҳам. Ғарблик билан шарқлик таъсирланиш даражаси билан фарқланади. Таъсирланиш даражамиз эса бизнинг менталитетимизни белгилаб беради. Менталитет нуқтаи назаридан олиб қараганда Игор Сергеев хақиқий шарқлик. Футболчиларимизнинг энг ожиз нуқтаси – ҳаддан зиёд таъсирчанликдир. Айнан мана шу ожиз жиҳатимизни биз энг кучли сифатга, «қимматбаҳо дур»га айлантиришимиз лозим бўлади. Ана шундагина футболчиларимиз ўзининг энг кучли жиҳатларини кўрсата бошлайди. Шарқ – айёр масала.

Ҳа айтганча, Игор Сергеевдаги қобилиятни тўлақонли равишда ишга тушириб юбориш мумкинми? Бўлмасам – чи! Албатта, мумкин. Ҳар бир футболчининг ички тизимида уни бошқарадиган «мукаммал механизм» мавжуд. Айрим жабҳаларда бу «мукаммал механизм» ўзининг шаклланган функциясини бажармай қўйиши мумкин. «У ўта нозик, озодликни яхши кўради, тутқунликда кўпаймайди. Унга алоҳида ўзига хос маънавий иқлим зарур. Агар сизнинг қалбингизда озгина бўлса – да хафагарчилик, асабийлик ёки қўрқув бўлса, у яширинади, яъни ишламайди». Қайси «ҳолат»да худо томонидан яратилган бу «мукаммал механизм» ўзининг шаклланган функциясини мукаммал тарзда бажаради? Бу – сир.

Бир пайтлар оддий мураббий сифатида Жозе Маурино муваффақиятларига ҳавас қилардим. Бугунги кунда унинг «қассоб» эканлигини жуда яхши биламан. Ундан хафсалам пир бўлганига анча бўлди. Футболчилар руҳияти билан жуда қўпол тарзда муомала қилади. У қанчалаб футболчиларнинг бошига етди экан… Андрей Шевченкони бепичоқ «сўйди». У ўз иқтидоридан буткул айрилди. Фернандо Торрес ҳалигача футбол майдонида нима қилаётганини тушуниб етгани йўқ. Икер Касиляс «Порту»га қочиб қутилди. Диего Коста ва Эден Азарларнинг руҳан майиб бўлишига оз қолди. Криштиануга эса унинг «тиши» ўтмади.

Қонунчиликда кимдир кимгадир тан жароҳати етказса, унга жазо чоралари қўлланилади. Лекин инсонни руҳан майиб – мажруҳ қилганларга ҳали мукаммал жазо чоралари ишлаб чиқилмаган. Шунинг учун футболчилар атрофидаги инсонларнинг салбий таъсирларидан сақланиш учун ўзининг онгида иммунитет (организмнинг ташқи таъсирларга қарши кураши) деворини қуриши зарур бўлади. Бу эса ҳозирги замон футболчиларининг олдида турган энг долзарб масаладир.


Махмаюсуф Бердиев

Манба: www.sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбек футболи. Футболчи менталитетга боғлиқми?