23:49 / 06.09.2017
3 276

«Таги» йўқ футбол ёки тарбияни оталардан бошлаш керак

«Таги» йўқ футбол ёки тарбияни оталардан бошлаш керак
Менимча, шуниси билан охирги мақола ёзишим бўлса керак.
Бошқа ёза олмаслигим тайин, яна 5 йил сабр қила олмайман. Қатардаги Жаҳон чемпионатини кутишга эса, энди тоқат етмайди.

Мен кечаги дурангни таҳлил қилмоқчи эмасман ёки ким мураббий бўлиши ҳам менга қизиқ эмас. Бир нарса аниқ бўлди: Рауф Инилеев ҳақ экан, бизнинг боримиз шу!

Бизда футболнинг таги йўқ экан. Энди ҳақиқатни тан олайлик. Негадир, натижага умид қилаверамиз, ишонаверамиз. 20 йилдан бери битта тузукроқ ҳужумчи етиштириб чиқармабмиз. Охиргиси Максим Шацких эди.

Наҳотки бутун республикамизда ҳужумчи қуриб кетган бўлса?! Майли, бу саволларга жавобларни футболимиз мутасаддилари беришсин.

Биласизми энди нима қилиш керак? Тарбияни оталардан бошлаш керак!

Ҳа, ҳар биримиз фарзандимизга "Қўй болам, пул бериб сени академияга жойлаб нима қиламан. Сандан кўра иқтидорлар борку, ўшалар кирсин футбол мактабларига. Биз бекорга ўринни банд қилмайлик" дея олиши керак. Фарзандининг иқтидори паст бўла туриб, уни пул эвазига футбол мактабларига жойлаётган оталарни тарбиялаш керак.

Футболда тоза иқтидорлар бўлиши шарт. Таниш-билишликни йўқотиш керак. Клубларимиз эса, бўладиган болаларни ўйнатиши лозим. Пулига қараб асосийга киритадиган мураббийларни йўқотиш керак.

Бутун Ўзбекистондаги барча қишлоқ ва шаҳарлардаги иқтидорларни топиб, уларни синаш керак. Махсус гуруҳ ташкил қилиб, улар терма жамоага база тайёрлаши лозим.

Бўлди, поезд кетиб бўлди. 2018 йилни ҳам бой бердик. Бу ерда ҳамма айб Бабаянда ҳам эмасга ўхшайди. Бу ерда тизим нотўғри йўлдан кетганди. Энди кўзни очиб, замонавий фикрлаш керак. Футболга бўлган муносабатни ўзгартириш даркор.

Футбол сигарета чекишни ёки спиртли ичимликлар ичишни ётирмайди. Уни ўз ҳурмати бор. Футболга ҳурматни жойига қўйиб қўйиш керак. У муқаддасроқ барибир, унга кўнгилочар нарса сифатида қараб бўлмайди.

Умуман, футбол тизимини уни тушинадиганларга бериш керак.

Журналистлар қўлидан келганча ўз ишини қилди, керак пайтда камчиликларни айта олди. Лекин, уларни эшитишмади. Оқибатини кўриб турибсиз.

Эрондан учралган мағлубиятдан кейин футболимизни қутқариб қолса бўларди. Афсус, ундай бўлмади. Нима ҳам қила олардик...

Буёғига вақтнинг ўзи ҳаммасини жой-жойига солади.

Мана, кеча юртимизда валюта эркинлиги амалиётга тадбиқ этила бошланди. Бу жуда катта ютуғимиздир. Насиб қилса, футболимизга ҳам навбат келади. Футболда ҳам ислоҳотлар бўлади.

Бир пайтлар Диёр Имомхўжаев айтганди: "Футболимиз яхшиланиши учун ЖЧ-2018ни қурбон қилишга ҳам тайёрман", деб. Зора, унинг айтганлари ижобат бўлса...

Энди яхши бўлиши керак, бўлади ҳам! Фақат кетган асаблар ва қурбон қилинган ЖЧ-2018 ҳисобига.

Азизхон Акбаров

Манба: www.uff.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Таги» йўқ футбол ёки тарбияни оталардан бошлаш керак