
Қатарда 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги ФИФА Жаҳон чемпионати расман старт олди. Бу мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этади ва бугун Парагвайга қарши баҳс билан ўз саёҳатини бошлайди. Ушбу муҳим беллашув олдидан жамоа бош мураббийи Ислом Исмоилов журналистлар билан суҳбатда ўз фикрларини билдирди.
Мураббий таъкидлашича, жамоа тайёргарлик жараёнини жиддий ва мақсадли тарзда ўтказган. “Тайёргарлигимиз етарли даражада бўлди. Бугунги баҳсга йигитларимиз тўлиқ шай. Парагвай жуда кучли жамоа — ўз қитъасида етакчи ҳисобланади. Аммо биз ҳам уларга муносиб рақиб бўлиш учун бор кучимиз билан тайёрландик,” — деди Исмоилов.
Унинг сўзларига кўра, жамоа мураббийлар штаби билан биргаликда Парагвай термаси ўйинларини чуқур таҳлил қилган. “Биз рақибнинг сўнгги 10 та учрашувини кўриб чиқдик. Уларнинг кучли ва заиф томонларини ўргандик. Шу асосда тактик режа ишлаб чиқдик,” — дея қўшимча қилди у.
Бош мураббий ёш футболчиларнинг руҳий ҳолати ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. “Катта мусобақа олдидан ҳаяжон бўлиши табиий. Биз мураббийлар сифатида шу ҳаяжонни йигитлардан олишга ҳаракат қиляпмиз. Улар ўзларига ишонишлари керак,” — деди Исмоилов.
Шунингдек, у мухлислар томонидан билдирилаётган умид ва кутилмалар ҳақида ҳам фикр билдирди. “Осиё чемпионатидаги муваффақиятдан сўнг кўплаб мухлислар Жаҳон чемпионатида ҳам яхши натижа кутишяпти. Бу, албатта, биз учун фахр, аммо айни пайтда ёшлар учун ортиқча босим ҳам бўлиши мумкин. Шу боис уларга руҳий жиҳатдан эркин бўлиш кераклигини уқтиряпмиз,” — деди у.
Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари жанговор кайфиятда бўлиб, мусобақада юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишни мақсад қилишган. Беллашув бугун Тошкент вақти билан соат 18:00 да Қатардаги “Эспайр” академиясида бўлиб ўтади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!