17:16 / 18.10.2017
5 359

Диёр Имомхўжаевдан: Қарич

Диёр Имомхўжаевдан: Қарич
Генерал бўлишни истамайдиган аскардан бир нима умид қилиш қийин. Чунки генерал ҳам қачонлардир оддий аскарликдан бошлаган. Деярли барча соҳаларда шундай.

Футбол ўйнашни ҳамма билади, бироқ бу ҳали муваффақият калити эмас. Унда ғолиб чиқиш учун зўрлар ичида зўр бўлиш керак. Газетанинг билмам қачонги сонида, аммо аниқ эслаб ўтгандим 4 та учрашувни: Хиросимда Жанубий Кореянинг таслим этилиши, Амирликларда Шацких гол уриб, миллионларни хурсанд қилгани, Японияда қўлга киритилган тарихий ғалаба ва Теҳрондаги “Озоди”да форсларнинг маҳф этилиши. Ўзбекистон футболига мана шундай ғалабалар сув ва ҳаводек зарур. Аммо бизнинг қарашларимиз ва қаричимиз доим ҳам бундай талабга жавоб беравермайди.

Қарич деганда ким нимани тушунади? Масалан, Самвел Бабаян деган ҳамма танийдиган мураббий билан Жаҳон Чемпионатига чиқишга ишониш — бу қарич. Ундан ортиғига ё ақл етмаган ёки бу ерда бошқа бир гап бор. Чунки соғлом фикрлайдиган одам Бабаян тайинланганидан кейиноқ эҳтимолий келажакни тасаввур қилиб кўрган, газеталар архивини варақлаб кўришингиз мумкин.

Қарич бу Игорь Сергеев жамоани торта олишига ишониш. Чунки ақл бошқасига етмайди ёки бу ерда қандайдир бошқа гап бор. Арвеладзе ҳақ, Игорь яхши ҳужумчи. Фақат битта “но”си бор, у Олий Лигада яхши футболчи. Ахир Шота Осиё клубларига қарши ўйнаб кўргани йўқ, биз эса Сергеевнинг термадаги ўйинларини кўрганмиз.

Сергеевдан бошқа ким бор эди, дейсизми? Шу ҳам қарич. Чунки мураббий қандайдир 2 йил давомида бошқа ҳужумчи топа олишига кўзи етмайди ва бор пластинкасини қайта-қайта айлантираверади, то чайналиб кетмагунича. Чунки Игорь Сергеев Корея ва Ироқ олимпиячилари дарвозасига 1 та ҳам тайинли зарба бермаганди. Қарич эса худди ўша ҳужумчининг Эрон ва Корея миллий термаларига гол уришига ишонаверади.

Қарич бу қишлоқ жойларда минглаб иқтидорлар бор эканига ишониш. Мен уларни йўқ демоқчи эмасман, бироқ шу масалани иддао қиладиган исталган одам билан тортишишга тайёрман. Чунки ўз вақтида бутун шаҳар Месси деган футболчи, кейинроқ футбол ичида йўқолиб қолган ҳолатларни кўп кўрганман. Масалан, 350 минг аҳолиси бор ёки йўқ бўлган Исландия Жаҳон Чемпионатига чиқди. Айтмоқчиманки, улар шу 350 минг ичидан тайинлиларни топа олган. Биз эса иқтидорларимиз албатта Мундиалга боради деб ишонаверамиз, яна ўша қаричимиз билан. Ваҳоланки, форслар ёки кореяликларга қарши бу аҳволда ўйнаб бўлмаслигини каттароқ қарич тушунтириб беради. Бу футбол, дўстларим, бутун маҳаллани тўп билан алдаб чиқадиган йигит ҳали футболчи эмас, у шунчаки ўша маҳалла қаричи билангина кучли. Каттароқ ҳовузга ўтавергани сайин, сузиши ҳам қийинлашаверади.

Сабабини тушунтираман, футбол мураббийларининг ҳам ўз қаричи бор. Масалан, қайси биридир шогирдларининг ёшини кичрайтириб, Осиё чемпионати совринини олиб келмоқчи бўлади. Қаричи шундан бошқага етмайди унинг, қаричи уникидан зўр бўлмаган бошқа бири термага мураббий қилиб тайинлаб беради. Кейин яна бир қаричлари шунга ўхшаш одам чиқиб, ёшни кичрайтириш бутун дунёда бор, деб жар солади. Ҳа, ака, бутун дунё билан нима ишингиз бор, сиз ўз принципларингиз билан тўғри иш кўринг. Ахир қаричидан четга чиқмай, “биз ўз ривожланиш йўлимизга эгамиз”, — дейдиган одамларимиз бор, улар бежиз айтишмайди. Бўлсин футболда ҳам ўз йўлимиз, демоқчиман-да.

Нега Сурия термасидан мардонаворликни ўрганмаймиз? Ҳеч кимдан кам эмас эканмиз, кам бўлмас ҳам эканмиз, лекин нега футболда қаршимиздан Япония, Эрон, Корея чиқиб қолса камайиб қоламиз? Чунки қаричимиз улар билан тенгмиз дейишга йўл бермайди. Мен бежизга юқоридаги ўйинларни эслаб ўтмадим, чунки айнан ўшаларда қаричимиздан баландроқ сакрай олганмиз. Сенегал ЖЧ—2002 да шундай қилган, Уэльс Евро—2016 да шундай ўйнади, Ироқ ОК—2007 да анча баланд сакраган қаричидан, Ўзбекистон Хиросима—1994 да сакрай олган, “Лестер” АПЛ чемпиони бўлганида шундай ирода кўрсатган. Бу футбол, ўйнаса бўлади исталган рақиб билан. Бироқ бунда футболчилар рақибни ўз қаричлари билан ўлчаб қўймасликлари керак. Аҳмедов Кореяни ютишига ишониши кам, бунга Сергеев ҳам, Лобановдан тортиб, Бабаяннинг ўзи ҳам ишониши шарт. Сурияликлар шунга ишонгани учун ҳам ҳозиргача Мундиалга чиқиш учун курашиб ётибди. Биз эса футболда оқ байроқ кўтаришга ўрганиб қолганмиз. Шунинг учун ҳам Мисрдагидек Муҳаммад Салоҳлар чиқмаяпти, шунинг учун ҳам қозиғимиз атрофида ўралашиб юрибмиз.

Биз ҳаммамиз қаричларимиздан баландроқ сакрашимиз керак, фақатгина футболчилар эмас. Раҳбарлар, мухлислар, журналистлар, мутахассислар, пахтакорлар, “пахтачилар”, сиёсатчилар, ўқитувчилар ва ҳоказо. Жамият ўзига келиб олмагунича, қаричларимиз, муаммоларимизга ўралашиб юраверамиз. Шу жамият аъзоси сифатида мени кечиринг, биз мудраб ётган ҳолимизда катта ўйинларга кира олмаймиз.

Энг ёмони биласизларми нима, футболдаги аҳволимизни тинимсиз танқид қилиб ҳам, шу футболдан Жаҳон Чемпионатига боришни талаб қиламиз. Ҳаммамизнинг умумий қаричимиз шу…

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

Манба: www.erudit-sport.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Диёр Имомхўжаевдан: Қарич