
Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева энергетика ва инвестициялар соҳасидаги энг йирик ҳамкорлардан бири ҳисобланган “ACWA Power” компанияси раиси, шунингдек “Vision Invest” директорлар кенгаши аъзоси Муҳаммад Абунаян билан муҳим учрашув ўтказди. Мулоқот чоғида мамлакатимиз тараққиётига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган қатор стратегик лойиҳалар муҳокама қилинди.

Учрашувнинг асосий мақсади — иқтисодиётни замонавий қиёфа касб эттириш, аҳоли яшаш сифати ва имкониятларини янада оширишга хизмат қиладиган йирик ташаббусларни амалга оширишдан иборат бўлди. Томонлар энергетика, соғлиқни сақлаш, рақамли технологиялар ва бошқа устувор йўналишлардаги қўшма лойиҳаларни жадал давом эттириш борасида фикр алмашди.

Айниқса, кейинги йилларда инвестиция муҳити барқарорлашиб, иқтисодий ўсиш суръатлари қайд этилаётган Қорақалпоғистондаги истиқболли лойиҳалар алоҳида эътибор марказида бўлди. Ушбу ҳудудда амалга оширилаётган ва режалаштирилаётган энергетик, инфратузилмавий ҳамда саноат йўналишидаги ташаббуслар мамлакат миқёсида муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Саида Мирзиёева учрашувга доир фикрларини ўзининг Telegram каналидан жойлаб, ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг стратегик шериклари билан олиб бораётган очиқ мулоқот ва ўзaрo ишонч келгуси лойиҳаларнинг янада самарали кечишига хизмат қилади.
Мулоқот якунида томонлар барқарор ривожланиш, тоза энергия, инновация ва инсон капиталини қўллаб-қувватлаш йўналишларида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканини билдиришди. Бу эса келгуси йилларда Ўзбекистонда амалга ошириладиган ислоҳотлар ва лойиҳалар ҳажмини янада кенгайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.