date

Тажрибали мутахассис: "Тахмин қилишни хуш кўрмайман, ким тушса — ўша билан ўйнаймиз"

Тажрибали мутахассис: "Тахмин қилишни хуш кўрмайман, ким тушса — ўша билан ўйнаймиз"

ЖЧ-2026 қуръа ташлаш маросими бугунги кунда нафақат футбол ишқибозлари, балки бутун жаҳон спорти қизиқиш марказига айланган. Айниқса, тарихда илк бор мундиалда қатнашадиган мамлакатлар учун бу жараённинг аҳамияти янада юқори. Ўзбекистон учун эса бу — янги босқич, янги имконият ва ўз салоҳиятини намойиш қилиш учун энг катта саҳна.

Тажрибали мутахассис, миллий футболимизда мустаҳкам из қолдирган Равшан Ҳайдаров қуръа олдидан ўз фикрлари билан бўлишди. Унга кўра, ҳаддан ташқари кутилмаларга берилмаслик, воқеликка холис қарай олиш жуда муҳим.

«Жаҳон чемпионати қуръаси олдидан ортиқча иллюзиялар яратиш тўғри деб ҳисобламайман. Саватчалар таркибига қарасак, биринчи саватнинг ўзидаёқ дунё футболининг йирик грандлари тўпланган. Мундиалда “осон рақиб” деган тушунча йўқ. Лекин бу — Ўзбекистон учун тўсиқ эмас. Терма жамоамиз кимга қарши майдонга тушмасин, фақат қатнашиш учун ўйнамайди. Чунки охирги йилларда бизда юқори савияли ижрочилар етилиб чиқди. Абдуқодир Ҳусанов, Элдор Шомуродов, Аббос Файзуллаев каби йигитлар буни амалда исботлаб қўйишган. Остон Ўрунов спорт формасини ушлаб турса, у ҳам ўз сўзини айтади.

Ўтган ФИФА кунларидаги Мисрга қарши беллашувни эслайлик — у ўйиннинг ўзи биз исталган рақиб билан рақобат қилишга қодир эканимизни кўрсатиб берди. Шу сабаб, тахмин қилишни хуш кўрмайман: ким тушса — ўша билан ўйнаймиз. Муҳими, бизнинг болалар майдонда ўз характерини кўрсата олсин. Қуръадан кейин эса рақиблар ҳақида аниқроқ гапириш мумкин», – деди Ҳайдаров.

Ҳайдаровнинг фикрларидан келиб чиқса, Ўзбекистон бу мусобақада ўзини аниқ мақсад билан намоён этадиган жамоа сифатида иштирок этади. Ҳақиқий синовлар энди бошланади, аммо ишонч, руҳ ва салоҳият — бир жиҳатда мужассам.

Эслатиб ўтамиз, қуръа ташлаш маросими бугун Тошкент вақти билан 22:00 да старт олади. Мухлислар эса ўша дақиқаларни катта интизорлик билан кутмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Тажрибали мутахассис: "Тахмин қилишни хуш кўрмайман, ким тушса — ўша билан ўйнаймиз"