Ўзбекистон терма жамоасига номзод мураббийлар рўйхати маълум қилинганини билсангиз керак? Уларнинг ҳар бири билан танишиб чиққанингизга ҳам шубҳа қилмаймиз.
Берт ван Марвейк, Вальтер Маццари, Славен Билич, Анжело Алессио, Берндт Шторк, Бранко Иванкович, Миодраг Радулович, Славолюб Муслин, Дан Петреску - уларнинг бари футбол оламида ўз ўрнига эга.
Ўзбекистон футбол федерацияси расмий сайтида хабар қилинишича, бу мутахассислар билан айни вақтда музокара олиб борилмоқда.
Биласизми, бу хабарнинг иккита ноодатий жиҳати бор. Биринчидан, одатда расмий сайтларда музокаралар жараёни ёритилмасди. Фақат ҳаммаси аниқ бўлгандан сўнг якуний ахборот эълон қилинишига ўрганиб қолган эканмиз.
Шу вақтга қадар Ўзбекистон терма жамоасига неча марта мураббий тайинланган бўлса, ҳаммасини иш пишганидан сўнг билганмиз. Унгача яширишган.
Иккинчидан, биттагина иш ўрни учун бир йўла 9 мураббий билан музокара бошланганини тушуниш қийин. Афтидан, ЎФФ қисқа вақт ичида кучли мураббийни терма жамоага олиб келишни мақсад қилган кўринади.
Акс ҳолда, бу қадар шошилинч иш олиб бормасди. Маълум вақт ўтгач ҳам етарли натижага эришилмагач, балки номзодларнинг кимлиги эълон қилингандир?!
Албатта, юқорида кўрсатилган рўйхатдан кимдир Ўзбекистон миллий жамоаси бошқарувига келса, футболимиз бундан ютиши турган гап. Аммо хориждан мураббий таклиф этилсаю, ишга муносабат ўзгаришсиз қолса, натижа биз кутгандек бўлармикан?
Термамиз бошқарувига хорижлик мураббий тайинланиши учун қандай зарурият бор? Энг аввало, у таркиб билан боғлиқ, десак қарши чиқадиганлар кўп топилмаса керак.
Терма жамоани охирги 12 йил давомида маҳаллий мураббийлар бошқаришди. Ва бу давр оралиғида бир мавзу ҳар доим кўтарилди - таркиб масаласи.
Ҳатто бу борада энг адекват ҳисобланган Рауф Инилеев даврида ҳам етарлича эътирозларни эшитганмиз. Бошқа мураббийлар ҳақида-ку, гапиришга ҳожат бўлмаса керак.
Вадим Абрамов, Миржалол Қосимов ҳамда Самвел Бабаян ўзлари ишонган, аввалдан таниган шогирдларини спорт формаси қандай бўлишидан қатъий назар, мудом асосий таркибда ўйнатишди. Мухлислар билан муносабат бузилишига ҳам айнан шу омил сабаб бўлди.
Бош жамоани маҳаллий мураббийлар бошқаришининг ёмон томони ҳам шунда эканини кўриб олдик. Истайсизми ёки йўқ, ҳар бир мутахассис ўзи ишлаган клубдан футболчи чақириш истагида бўлди. Қосимов «Бунёдкор»дан, Бабаян эса «Пахтакор»дан.
Ҳаттоки, Вадим Абрамов «Трактор»да ўзи билан ишлаган Олим Навкаровни чақиргач, яна нима дейиш мумкин? Айнан шу сабабга кўра, Ўзбекистон термасига хорижлик мураббий ҳар қачонгидан ҳам зарур.
Фақат бир шарт билан - қандай ишлаш кераклигини унинг ўзи ҳал қилсин. Шундай экан, ўз принципларига эга мутахассис топиш шарт.
Карлуш Кейруш Эрон миллий жамоаси бошқарувида 6 йилдан буён ишлаб келмоқда. Ўтган вақт давомида ҳар йили камида бир марта Эрон футбол федерацияси раҳбарияти билан «сен-мен»га борди.
Бу можаролар натижасида мураббийнинг неча марта истеъфо бермоқчи бўлганини дабдурустдан эслаш қийин. Кейруш айтган талаблар амалга ошмаса, дарров «кетаман»га тушди.
Оқибатда раҳбарият ҳам айтганини қилишга мажбур бўлди. Бу қандай натижа келтирганини кўриб турибсиз - форслар ЖЧ саралашларини ишончли ўтказишмоқда.
Агар Кейрушнинг мақсади фақат Эронда катта пул ишлаш бўлганда, жонини койитиб, корчалонлар билан жанжаллашиб юрмасди. Тинчгина маошини оларди. Португалиялик мураббий азбаройи ўзини ҳурмат қилгани туфайли принципларидан воз кечмади.
Бундан унинг ўзи ҳам, Эрон футболи ҳам ютди. Ўзбекистон термасига худди шундай мураббий топиш керак. Нима учун, биласизми? Чунки бизда ҳам маслаҳат беришни яхши кўрадиганлар етарлича.
Эртага катта пул эвазига Европадан бирор мураббий келса, унга ҳам ниманидир ўргатадиганлар топилади. Агар мураббий ўзи истагандек ишламаса, у Германиядан келадими ёки Африкадан, нима фарқи бор?
ЎФФ ҳозир 9 мураббий билан музокара олиб бораётган экан. Мухлислик масалаҳатимиз - агар кимдир ўз принципини молиявий талабидан юқори қўйса, ўшани жалб этишсин.
Йўқса, Рўзиқул Бердиевнинг ўзи қолгани маъқул. Барибир, ўз билганидек ишлай олмаса, хориждан келишнинг фойдаси бўлармиди?
АБДУЛЛОҲ
Манба: www.interfutbol.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
1 декабрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Эрдўғон БМТни ислоҳ қилишга чақирди
Украиналик аскарлар Россия билан музокаралар олиб боришни исташмоқда
Шойгу Россиянинг “ядро соябони” кимни ҳимоя қилишини айтди
Япон психиатри қийинчиликларни қандай енгиш ва мазмунли яшаш сирларини айтди