date

Европанинг етакчи нашрлари Ўзбекистон U-17 жамоасини мақтади

Европанинг етакчи нашрлари Ўзбекистон U-17 жамоасини мақтади

Қатардаги Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган Исломбек Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоаси мухлислар юрагини яна қувончга тўлдирди. Гуруҳ босқичининг 3-турида Панамани 6:1 ҳисобида таслим этган ёшларимиз нафақат плей-офф йўлланмасига, балки халқаро ОАВнинг катта эътиборига ҳам сазовор бўлди.

Ўйиндан сўнг Европанинг бир қатор етакчи спорт нашрлари ўзбек ёшларининг ғалабасини юксак баҳолади. Хусусан, Испаниянинг машҳур “AS” газетаси бу учрашув ҳақида таҳлилий мақола чоп этиб, Ўзбекистон терма жамоасининг ҳаракатини алоҳида қайд этди.

Нашр шундай ёзади:
“Панама мундиалда тарихий мағлубиятга учради, Ўзбекистон эса гуруҳда иккинчи ўринни эгаллади. Панама катта терма жамоаси билан яхши натижалар қайд этса-да, ёшлар даражасида бу сафар омадсиз иштирок этди. U-17 жамоаси Қатардаги чемпионатда Ўзбекистонга 1:6 ҳисобида мағлуб бўлиб, тарихдаги энг оғир натижалардан бирини қайд этди”.

Таҳлилда таъкидланишича, Панама ҳимоясидаги хатолар ва самарасиз ҳужумлар рақибни устунликка олиб келди. Жамоа учта ўйинда бирорта очко тўплай олмади ва -9 гол фарқи билан гуруҳда сўнгги ўринда қолди.

“AS” ёзишича, учрашувда статистикада жуда катта фарқ бўлмаса-да, ўйиндаги устунлик Ўзбекистон томонида бўлган. Ёш талант Сайфиддин Содиқов бутун қанот бўйлаб фаол ҳаракат қилиб, рақиб ҳимоя тизимини издан чиқарган. У битта гол урди, яна бирига аниқ пас берди ва майдондаги етакчига айланди.

Шунингдек, нашр ўз таҳлилида Ўзбекистоннинг умумий натижасини ҳам таъкидлади:
“Ўзбекистон U-17 жамоаси гуруҳ босқичини иккинчи ўрин билан якунлади. Бу Осиё футболи учун муҳим бурилиш нуқтаси. Катта терма жамоа ҳам тарихда биринчи марта 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этади”.

Мақолада, шунингдек, “Манчестер Сити” жамоаси ҳимоячиси Абдукодир Хусановнинг фаолияти ҳам тилга олинди. “AS” ёзишича, у ўзининг интизоми ва етакчилик фазилатлари билан нафақат ёшлар, балки миллий жамоа учун ҳам умид уйғотади.

Бу эътирофлар ўзбек футболи учун муҳим аҳамиятга эга. Ёшлар термаси нафақат ғалаба билан, балки Европа матбуоти эътирофи билан ҳам ўз номи билан тарихга кириб бормоқда.

Ўзбекистон мухлислари учун бу жамоа — янги авлоднинг ифтихори ва келажак умиди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Европанинг етакчи нашрлари Ўзбекистон U-17 жамоасини мақтади