date

Ўзбекистоннинг Миср устидан ғалабасини хорижда қандай баҳолашди?

Ўзбекистоннинг Миср устидан ғалабасини хорижда қандай баҳолашди?

Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилаётган Al-Ain International Cup–2025 мусобақаси Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун жуда муваффақиятли бошланди. Жаҳон чемпионатида иштирок этувчи тўрт кучли терма — Ўзбекистон, Миср, Кабо-Верде ва Эрон ўртасида кечаётган ушбу нуфузли турнирдa Фабио Каннаваро шогирдлари илк учрашувни ишончли ғалаба билан якунлади.

Миллий жамоамиз биринчи турда Африка қитъасининг етакчи жамоаларидан бири, Муҳаммад Салоҳ бошчилигидаги Мисрга қарши майдонга тушди ва рақибни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Беллашувнинг ҳар икки голига маҳоратли ярим ҳимоячи Остон Ўрунов муаллифлик қилди. Унинг фаол ҳужумлари ва юксак техник маҳорати рақиб ҳимоячиларини бир неча бор мушкул ҳолатга солди.

Россиялик футбол тафсирчилари ҳам бу ўйинга ўз баҳоcини берди.

Спорт журналисти Александр Троицкийнинг фикрича, Ўзбекистон ушбу беллашувда натижани янада йирикроқ ҳисоб билан ҳал қилиши мумкин эди. Унинг таъкидлашича, биринчи бўлимнинг ўзида ҳисобни катта фарқ билан очиш имкониятлари бўлган. Ўрунов томонидан киритилган дублдан ташқари яна бир жуда чиройли зарба дарвозабон томонидан қайтариб юборилди, Элдор Шомуродов эса иккита қулай вазиятдан фойдалана олмади.

Журналист Миср термаси ҳақида гапирар экан, уларнинг ҳимояда жиддий хатоларга йўл қўйганини қайд этди. «Фабио Каннаваро қўл остидаги Ўзбекистон термаси Сречко Катанец даврига нисбатан анча эркин, креатив ва ҳужумкор ўйнаётгани кўзга ташланди. Айниқса, юқори узатмаларда, “иккинчи қаватда” жамоанинг ҳаракатлари жуда ишончли кўринди», — дейди Троицкий.

Инсайдер Иван Карпов эса Остон Ўруновнинг голига алоҳида эътибор қаратди:
«Ўрунов беш нафар мисрликни алдаб ўтди ва гол киритди. Унинг ҳаракатлари Миср учун тўхтатиб бўлмайдиган даражада хавфли эди», — дея таъкидлайди мутахассис.

Карповнинг айтишича, бу ғалаба икки жамоа ҳам ЖЧ–2026 йўлланмасига эга бўлганидан қатъи назар, Ўзбекистоннинг бугунги тайёргарлик даражаси ва руҳияти яхши ҳолда эканини кўрсатиб турибди. Миср ҳимоясини қийин аҳволга солган Ўрунов, тезкор рейдлари билан рақибни босим остида ушлаб турган Шомуродов ва майдон марказини такомиллаштирган ярим ҳимоячилар – барчаси бу ўйинда ўз ишини баланд савияда бажарди.

Энди эса энг муҳим баҳс олдинда.
Эрон биринчи учрашувда Кабо-Верде билан голсиз дуранг қайд этди ва пенальтилар сериясида 5:4 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу уларнинг финалга чиқишига имкон берди. Демак, ҳал қилувчи беллашув айнан Ўзбекистон – Эрон ўртасида кечади.

Учрашув 18 ноябрь куни бўлиб ўтади ва бу баҳс мусобақанинг энг ёрқин тўқнашувларидан бирига айланиши кутиляпти.

Футбол мухлислари Ўзбекистон термаси янги тарихий саҳифалар очиш арафасида турганини ҳис қилмоқда. Каннаваро бошчилигидаги жамоа ҳар ўйинда ўзини янада кучли, ишончли ва маҳоратли жамоа сифатида намойиш этмоқда.

Финал олдидан бутун мамлакатнинг кутган умидлари битта — ғалаба.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистоннинг Миср устидан ғалабасини хорижда қандай баҳолашди?