10:08 / 21.01.2019
3 179

Ғалабага қандай эришилади?

Ғалабага қандай эришилади?
Анча йиллар олдин, Абрамовичнинг пуллари ва Жозе Моуриньо туфайли Англиянинг энг кучли жамоасига айланган «Челси» Чемпионлар лигасида «Бетис»га ютқазиб қўйганди. Ўша куни лондонликлар роса жазавага тушишган, ҳакам билан тортишув, рақибга қарши қўполликлар авжига чиққан, хуллас, мағлубиятга чидай олишмаганди. Ўша учрашувни дадам билан бирга кўргандик. «Челси» ютқазишни билмас экан», деган эди отам ўйин тугагач.

Умуман, ютқазишни ҳам билиш керак, мағлубиятдан кейин янада кучли бўламиз, омадсизликлар жамоани чиниқтиради, тарзидаги гаплар кўп айтилади ва менга бироз баландпарвоз туюлади.

Мағлубият қачон тажрибани оширади?
Қачонки, сиз ўша мағлубиятга тайёр бўлмасангиз, ўша муваффақиятсизлик сизни издан чиқариб, бахтсиз қила олса...
Мағлубиятдан ўлимдан қўрққан каби қўрқсангиз…
Ўшандагина аслида, сиз учун мағлубият ҳам дарсга айланади…

Жозе ўшанда илк ойлардаёқ «Челси»га ғалаба қозонишни осонлик билан ўргатгандир, аммо мағлубиятдан қўрқишни ўргатиш, анча қийин, ишонаверинг.

Бугун терма жамоамиз футболчилари Осиё кубогида Австралия терма жамоасига қарши майдонга тушади. Шу пайтгача дарвозасига ҳатто бирорта ҳам гол урмаганимиз австралияликларга қарши ўйин ўзига хос ҳаяжон билан кутилаётгани табиий. ЖЧ-2010 саралашининг охирги босқичида биз билан бир гуруҳда тўп сурган Австралия илк ўзаро ўйинда, Тошкентда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган ва Рауф Инилеевнинг истеъфосига сабаб бўлганди. Кейин эса, жавоб ўйинида 2:0 ҳисоби билан яна ғалаба қозонишди. Роппа-роса 8 йил олдин бўлиб ўтган Осиё Кубоги ярим финалида эса, Темур Жўраев дарвозасига жавобсиз олтита гол йўллашди.

Вазият шундай. Статистика ҳам, бошқаси ҳам фаворит кимлигини айтиб турибди. Эҳтимол, футболчиларимиз муносиб ўйнаб, кичик мағлубиятга учрашса ҳам, ҳеч ким уларни у қадар танқид қилмайди. Қилинса ҳам, аслида Австралияни ҳеч қачон ютмаганимизни рўкач қилиб, фалокат бўлмаганини айтувчилар топилади. Балки мен ҳам ўша қаторда бўларман. Қисқаси, гуруҳдан чиқилди, рақиб — Австралия. Демак, ҳар қандай ҳолатда ҳам турнир биз учун ўта муваффақиятсиз ҳисобланмайди.
Балки, энг ёмони шу.

Футболчилар ёки мураббийлар рақибни қандай танлашади, билмадим-у, лекин биз журналистлар ва мухлислар турнир бошланганидан буён, гўёки Австралиядан «қочдик». Аввалига, гуруҳимиздаги иккинчи ўрин соҳиби уларнинг гуруҳидаги иккинчи жамоа билан тўқнаш келишини-ю, биз японлардан олдинда бўлмаслигимизни тахмин қилиб, Иордания ёки Сурияни кутдик. Илк турдаёқ иорданияликлар сюрприз қилган пайтдан бошлаб, кайфиятимиз тушиб кетди ҳам — «энди гуруҳда биринчи бўлиш керак, ана шунда Австралияга тушмаймиз». Бу ҳақида кўп ўйладик, гаплашдик. Қаранг, бу ерда Иордания Австралияни енгмоқда, биз эса, демак уларни енгса бўларкан, деб хулоса чиқаришнинг ўрнига, ҳайиқдик. Бекор бўлди шу иш, Австралия ўз гуруҳида биринчи ўринни олса бўларкан, дедик. Қўрқдик.

Биласизми, қўрқув аслида жуда ёмон иллат эмас. Қўрқув — бу ақлнинг борлигига ишора, инсонларни керак бўлганда бошқарувчи, керак бўлганда, тартибга солувчи, тўғри йўлга бошловчи туйғу. Қўрқувсиз қаҳрамонлик бўлмайди.

Ахир ҳеч нарсадан қўрқмасангиз, қилаётган ишингиз қаҳрамонлик эмас-да. Қачонки хавф бўлган пайтда, бирор оқибатдан қўрқиб турган пайтда ҳам, ўша қўрқув билан чекинмасангиз, барибир қилиниши керак бўлган ишни қилсангиз, ана шу ҳақиқий қаҳрамонлик бўлади. Жасорат қўрқмаслик эмас, қўрқув билан ҳам ўз мақсадидан қайтмаслик, ниманидир қурбон қилиш, қўрқувни бошқара олишдир.

Биз мухлислар Австралиядан қўрқаётганлигимизнинг сабаби шунда: биз кейинги босқичга чиқишни роса ҳам истаймиз. Яъни аслида Австралиядан эмас, улардан ютқазиб қўйишдан қўрқамиз.

Агар ютқазиб қўйишдан қўрқмасак, рақибнинг нимаси қўрқинчли? Ахир бу бокс эмас, тўқсон дақиқа майдонга тушилади, футбол ўйналади. Қачонки биз мағлубиятдан қўрқмасак, бу ўйинни томоша қилишимиз, мағлубиятдан сўнг, «ҳа энди, булар Австралия-ку, ахир, шу пайтгача ҳеч қачон ютмаганмиз ҳам», деб телевизорни ўчириб, тақвимнинг бизга омадсиз келиб қолганини айтиб, унутишдан осони йўқ. Аммо биз қўрқяпмиз, чунки ютишни жуда истаймиз. Истаганимиз бўлмай қолиши эҳтимоли борлигидан хавотир оляпмиз.

Рост, кейинчалик, аслида Австралия биз учун араблардан кўра қулайроқ бўлиши мумкинлиги ҳақида турли фикрлар ўйлаб топдик, асослашга ҳаракат қилдик. Ўзимизни овутмоқчи бўлдик гўё. Лекин биласизми, бу ҳам озгина қўрқув туфайли, чунки тасаввур қилинг, агар сўнгги турда Японияни ютганимизда, биз уч очкога эмас, нимчорак финалда Австралиядан қутулганимизга шукр қилардик, тўғрими? Ҳа!

Сабр деган тушунча бор, биласиз-а? Баъзида бу сўзни сал нотўғри тушунамиз, ишлатамиз. Сабр деганда олдимизда турган қийинчиликларга, муаммоларга чидамлилик, ҳар қандай шароит ва ҳолатларга ўзимизни рози қилиш, аниқроғи, ҳаракатсизлик тушунилади.

Йўқ, аслида сабр дегани — бу ҳаракатсизлик эмас. Сабрнинг ҳақиқий маъноси мақсад йўлида мардонавор курашиш, ана шу кураш натижасида олдимизга чиқиши мумкин бўлган турли қийинчиликларга чидашдир. Сабр нон йўқлиги учун уйда оч ўтириш эмас, ўша нонни қидириб, изғиринда кўчага чиқиш ва совуққа, йўл азобига бардош беришдир. Ана ўша сабрнинг ҳақиқий мукофоти берилади, менимча. Чунки нон йўқлиги учун очликка чидаган одамнинг қорни тўйиб қолмайди. Шунчаки, ҳаммаси тугашини кутади, холос.

Нима деб ўйлайсиз, футболчиларимиз ҳам Австралиядан қўрқишармикин? Масалан, Сурия билан Австралия ўйнаган куни, сўнгги дақиқалар ўта интрига билан ўтаётган пайтда, бизникилар ҳам Сурияга мухлислик қилган бўлишлари эҳтимол. Худди бизга ўхшаб, Австралия эмас, Сурия билан ўйнашни истаган бўлишлари ҳақиқатга яқин. Аммо бу қўрқувми, агар шундай бўлса, рақибданми ёки турнирни эрта тарк этиб қўйиш хавфиданми, билмадим.

Қанийди қўрқишса! Очиғи, мен шуни жуда истардим. Ҳеч нарсадан қўрқмай, юқори кайфиятда майдонга тушиб, ҳар қандай ҳолатга руҳан тайёр ҳолда ўйнашларини хоҳламасдим. Қанийди футболчиларимиз австралиялик футболчилардан, уларнинг кучидан, комбинацияларидан эмас, уларга ютқазиб қўйишдан жуда қўрқишса. Ўйиннинг ўзидан эмас, ўйиндан кейинги оқибатдан хавотирга тушишса. Мағлубиятдан сўнг, ҳаммаси тугайди, деб эмас, ҳаммаси бошланади, деб тушунишса…

Ахир бугунги вазифага, мақсадга виждонан ёндошган ҳар бир футболчи мағлубиятдан эмас, унинг оқибатидан қўрқади, яъни, жамоамизнинг турнирни тарк этиши, мухлислар олдида уялиш, алам ва уқубатлар жуда оғир бўлишини ўйлаган сари ваҳима босаверади. Ана ўша футболчи сабр қилади, тўқсон дақиқа майдонда борини бериш орқалигина мақсадга эришиш мумкинлигини билади.

Нима ҳам дердик, азиз футболчилар, сизга бугун фақат қўрқув ёрдам беради. Қўрқинг! Мағлубиятга учраш сиз учун оддий, мантиқий якунга ўхшаб турмасин. Бугун мағлубиятни оғир қабул қила олмасангиз, ундан қўрқмасангиз, эртага ҳеч қандай ғалаба бўлмайди. Ютқазишни, бугун турнирни тарк этишни ақлингизга сиғдира олманг, бундай оқибатни тасаввур қилганингиздаёқ, сизни титроқ боссин!

Ана шундагина қаҳрамон бўласиз. Зеро, жасоратнинг шарти қўрқувнинг йўқлиги эмас, борлиги ва уни енгишдир.
Қаҳрамон Асланов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ғалабага қандай эришилади?