“Пахтакор” жамоаси Суперлиганинг 26-турида бўлиб ўтадиган “Хоразм”га қарши учрашув олдидан фаол тайёргарликни давом эттирмоқда. Жамоа кўп жихатдан жисмоний ҳолатни тиклаш ва ҳужумдаги самарадорликни оширишга йўналтирилган машғулотлар ўтказмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлар штаби клублар фаолиятини яқиндан кузатишни давом эттирмоқда. Улар терма жамоага номзод бўлиши мумкин бўлган футболчиларнинг жисмоний ва тактик ҳолатини баҳолаш мақсадида бир қатор жамоалар машғулотларида қатнашишмоқда.
Бугун эса Фабио Каннаваро бошчилигидаги мураббийлар “Пахтакор” клуби машғулотларида бўлишди. Улар машғулот жараёнида жамоа таркибидаги бир қатор футболчиларнинг ҳаракатларини диққат билан кузатиб, уларнинг салоҳиятини баҳолашди. Манбаларга кўра, айрим ўйинчилар терма жамоага чақирув олиш учун жиддий номзод сифатида кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Каннаваро ва унинг ёрдамчилари сўнгги пайтларда мамлакат чемпионатидаги бир қатор учрашувларни жонли равишда кузатиб келмоқда. Хусусан, улар 25-турда “Насаф” — “Қўқон-1912”, “Машъал” — “Хоразм”, “Динамо” — “Бухоро” ҳамда “Пахтакор” — “Қизилқум” баҳсларини стадиондан томоша қилишган.
Терма жамоа мураббийларининг бундай ташрифлари миллий жамоа учун энг муносиб таркибни шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бу эса маҳаллий футболчилар учун янада ўзини кўрсатиш ва юқори даражага чиқиш имконини яратади.
“Пахтакор” учун эса навбатдаги турдаги беллашув муҳим аҳамият касб этади — жамоа мухлислар олдида ишончли ўйин кўрсатишни ва турнир жадвалидаги мавқеини мустаҳкамлашни мақсад қилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!