Эртага, 23 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Бельгия пойтахти Брюсселга йўл олади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълум қилди.
Ташриф Европа кенгаши раиси Антониу Кошта ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйеннинг таклифига биноан амалга оширилади.
Президент Мирзиёев Брюсселда Европа Иттифоқининг етакчи институтлари раҳбарлари билан икки томонлама музокаралар ўтказиши режалаштирилган. Учрашувларда Самарқанддаги сўнгги саммитда эришилган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, савдо, инвестиция, инновация, энергетика ва фан-таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилади.
Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни имзолаш ҳам кутилмоқда.
Шунингдек, Президент Мирзиёев Бельгия раҳбарияти билан учрашиб, Европа компаниялари ва банклари раҳбарлари билан саноат ва технология соҳасидаги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилади.
Давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълум қилишича, мазкур ташриф Ўзбекистоннинг Европа билан муносабатларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!