23:55 / 20.05.2019
3 231

«Муҳташам ўн кун» ёки миллий терма жамоамиз ҳақида

«Муҳташам ўн кун» ёки миллий терма жамоамиз ҳақида
Суперлига баҳс­лари жудаям кескин тус олаётган бир паллада бу мавзудан бироз четланамиз-да, тахминан яна икки ҳафтадан кейин бошланажак воқеалар хусусида сўз юритсак. Бугунги мавзуимиз айни кунларда стадионларда, ижтимоий тармоқларда тарафма-тараф бўлиб, бир-бирлари шаънига номақбул сўзларни айтаётган мухлисларимизни бироз чалғитса - бизга мана шунинг ўзиям кифоя. Эътиборимизда - барчамиз учун ардоқли бўлган миллий терма жамоа.

Маълумингизким, яқинлашиб келаётган июнь ойининг 2-11 саналари ФИФА кунлари деб эълон қилинган ва мазкур «ўн кунлик»да миллий терма жамоамиз вакиллари ҳар қачонгидан унумлироқ фойдаланиб, учта ўртоқлик учрашувида майдонга тушишади. Эътибор қилган бўлсангиз, футболимизда раҳбарият ўзгарганидан кейин ўртоқлик учрашувлари ташкил қилиш борасида мисли кўрилмаган ишлар амал оширилмоқда.

Агар таъбир жоиз бўлса, шу қисқа муддат оралиғида олдинги 25 йилда ташкил қилинмаган ўртоқлик ўйин­лари ўйналди. Осиёнинг одатий кучлироқ терма жамоалари билан бир қаторда, Африканинг Марокаш ва Сенегал термаларига қарши тўп сурдик, Жанубий Америка гранди Уругвай билан ҳам 2та ўйинда майдонга тушишга улгурдик, мана энди навбат Европа вакили - Туркия терма жамоасига!

Мазкур ўн кунлик жадвалига назар ташласак, ҳақиқатан ҳам анча чиройли манзара гувоҳига айланамиз: 2 июнь куни Антальяда Туркия билан майдонга тушсак, 7 июнь куни Тошкентда КХДР термасини қабул қиламиз. Ва ниҳоят, сўнгги ўйинимизни 11 июнь куни яна Тошкентда Сурия жамоасига қарши ўтказамиз.

ТУРКИЯНИНГ ТИҒИЗ ТАҚВИМИ

Айтиш жоизки, Шенол Гунеш бош мураббийлигидаги Туркия термаси футболчилари Анталья шаҳрида биздан анча олдин йиғилишади. Улар айни пайтда Евро-2020 саралаш баҳс­лари доирасидаги анча муҳим иккита ўйинга тайёргарлик кўришмоқда ва бизгача Антальядаги муҳташам New Antalya Stadium аренасида 30 май куни Грецияга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушишади. Орадан уч кун ўтиб, 2 июнь куни бўладиган Туркия - Ўзбекистон беллашувини Антальядаги 15 000 томошабинга мўлжалланган мўъжазгина Alanya Oba Stadiumi қабул қилади.

Айтиш жоизки, биздан олдин Греция билан бўладиган баҳсга турклар энг охирги моделда қурилган аренани танлаган бўлишса, бизга қарши ўйин жудаям оддий стадионда ўтади. Шунга қарамай, маҳаллий вақт билан соат 20:00да бошланадиган баҳс бизда соат 23:00га тўғри келади ва ўйлаймизки, тўғридан-тўғри бериладиган трансляцияни ҳамюртларимиз бамайлихотир томоша қилишлари мумкин.

Юқорида тилга олганимиздек, Шенол Гунеш шогирдларини бизга қарши ўйиндан озгина ўтиб, аниқроғи, ўша 8 ва 11 июнь кунлари Евро-2020 саралаш баҳслари доирасида ўта оғир иккита ўйин кутиб турибди: аввалига улар ўз майдонларида жаҳон чемпиони Францияни қабул қилишса, уч кун ўтиб, олис Рейкьявикда Исландия термасига қарши майдонга тушишади.

Юқоридаги фактлардан шуни тахмин қилиш мумкинки, Туркия - Ўзбекистон учрашуви нафақат номи билан, балки тўғри маънода ҳам «ўртоқлик» ўйинига айланиши кўп эҳтимол. Қайси маънодаки, бизга қарши ўйинда турклар устози ўз футболчиларини анча эҳтиётлаб ўйнатади. Уларни кейинги баҳсларда Франция ва Исландиядек кучли рақиблар кутиб тургани боис ҳам бизга қарши баҳсда асосий эътиборлардан бири жароҳат олмасликка қаратилиши турган гап.

ТУРКИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ

2002 йилги жаҳон ва 2008 йилги Европа чемпионатларида чинакамига сенсацион натижалар қайд этиб, ярим финалгача етиб борган Туркия миллий жамоаси орадан 10 йил вақт ўтдики, тузукроқ натижага эриша олгани йўқ. Ўша йиллари Европа ареналарида «Галатасарой» анча муваффақиятли иштирок этганди, ҳаттоки, «Фенербахче» ва «Бешиктош» ҳам анча-мунча кучли жамоалар сирасига кирарди. Лекин сўнгги йилларда мамлакат клублари ҳам, миллий терма ҳам олдингига нисбатан сезиларли даражада кучсизланган.

Ўша 10 йил олдинги даврлардан кейин жамоада авлодлар алмашинуви рўй берди, мутлақо янги номлар пайдо бўлди. Айтиш жоизки, айни пайтдаги Туркия термаси таркибидаги номлар олдингилари каби жудаям залворли эмас. Шунга қарамай, Шенол Гунеш қўл остида анчагина маҳоратли ижрочилар тўпланганки, бу рақибга қарши майдонга тушиш Эктор Купер шогирдлари учун барибир, катта мактаб вазифасини ўтаб беради.

Туркия дарвозасини Бельгиянинг «Антверпен» клуби посбони Синан Болат қўриқлайди. Ҳимояда ҳам ички чемпионат вакилларидан ташқари бир қатор легионерлар йиғилган: Зеки Челик («Лилль», Франция), Чағлар Союнжу («Лестер», Англия), Каан Айхан («Фортуна», Германия), Мерих Демирал («Сассуоло», Италия), Озан Кабак («Штутгарт», Германия).

Терма жамоа ўйинини «чизиб берувчи» ижрочиларни айни пайтда ярим ҳимоя ва ҳужумдан топиш мумкин, десак хато бўлмайди. Ўрта чизиқда «Милан» аъзоси Ҳоқон Чалханоглу, «Вольфсбург» вакили Юнус Малли ва «Сельта» ярим ҳимоячиси Окай Йокушлу учлиги асосий фигуралар саналса, ҳужумда «Эвертон» форварди Женк Тосун ва «Бешиктош» голеадори Бурак Йилмаз рақиб дарвозабонлари учун асосий хавф ҳисобланишади.

Таркибда буларга қўшимча равишда Туркиянинг доимий гранд жамоалари - «Галатасарой», «Фенербахче» ва «Бешиктош»дан, шунингдек, янги «гранд» - «Башакшеҳир»дан чақирилган анчагина кучли ўйинчилар бор.

Бош мураббий Шенол Гунеш яқинда миллий жамоада «сенсацион» ишга қўл урди: сўнгги 5 йил давомида термада ўйнамаган 39 ёшли Эмре Белезўғлини Албанияга қарши Евро-2020 саралаш баҳсида асосий таркибда майдонга туширди. Туркия футболида афсонавий футболчи даражасида қадрланадиган Эмре айни пайтда «Истанбул Башакшеҳир» клуби сафида мамлакат чемпионлиги учун курашмоқда
(қизиқ факт: Туркия Суперлигаси якунига икки тур қолганда «Башакшеҳир» ва «Галатасарой» ҳисобида бир хил - 66тадан очко бор. 19 май куни улар сўнгги тур олдидан бир-бирларига қарши майдонга тушишади. Кўп эҳтимол, чемпионлик масаласи охирги - 34-турда ҳал бўлади). Айнан мамлакат чемпионати ўз якунига етганидан сўнг, 27 майдан кейин терма жамоа Антальяда йиғилади.

АВВАЛ ҲАМ ЎЙНАГАНМИЗ...

Вакилларимиз бундан аввал ҳам Туркия термаси билан баҳс юритишган. Ўшанда Аҳмаджон Мусаев мураббийлигида жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган 20 ёшлилар жамоаси ўз тенгқурларига 2:5 ҳисобида мағлуб бўлишганди. Ўша ўйинда терма жамоамиз сафида Асилбек Омонов, Владимир Козак, Бобур Йўлдошев, Аббос Махсталиев, Жамшид Искандеров, Темур Ҳакимов, Сардор Собирхўжаев, Игорь Сергеев каби футболчилар ҳаракат қилишган.

Энг қизиғи, айни пайтда миллий жамоамиз етакчиларидан бирига айланаётган Жалолиддин Машарипов ўйиннинг 55-дақиқасида ўша даврдаги юлдузимиз - Темур Ҳакимовнинг ўрнига майдонга тушганди.

2013 йилнинг февраль ойида айнан Анталья шаҳрида ўтган мазкур ўртоқлик учрашувида Туркия ёшлари 11-дақиқадаёқ Асилбек Омонов қўриқлаётган дарвозага 3та тўп (!) киритишга эришишган ва йирик ҳисобда олдинга чиқиб олишганди. Ке­йинроқ бир муддат ўзларига келган келган ёшларимиз Игорь Сергеевнинг 32 ва 57-дақиқаларда урган икки голи эвазига ҳисобни 3:2 кўринишига келтиришган. Лекин сўнгги 10 дақиқада ташаббусни такрор ўз қўлига олган турклар яна 2та гол уриб, якуний ҳисобнинг 5:2 бўлишини таъминлашганди.

Туркия ёшлари сафида ҳозирги кунда миллий терма футболчилари ҳисобланувчи атиги икки ўйинчи - Ҳоқон Чалханоглу ва Окай Йокушлу майдонда ҳаракат қилган бўлсаларда, айнан мана шу «иккилик» айни пайтда туркларнинг энг хавфли футболчилари саналишади. «Милан» вакили Чалханоглу учун барча таърифлар ортиқча.

25 ёшли футболчи ҳозирда айни кучга тўлган, ҳозиргача ўз миллий жамоа­си сафида 40та ўйинда майдонга тушиб, 10 гол уришга улгурган. Испаниянинг «Сельта» клуби вакили Окай Йокушлу ҳам шу кунгача миллий терма сафида 21та ўйинда майдонга тушди ва 1та голни ўз ҳисобига ёздириб қўйган («Сельта» сафида 22 ўйин, 2та гол).

УРУГВАЙ БИЛАН ЎЙИНДАГИ МАҒЛУБИЯТ ТАКРОРЛАНМАСИН-ДА!

Туркия ҳам худди Уругвай каби кучли жамоа. Ҳам анчайин агрессив терма. Юқоридаги таркибдан ҳам кўриб турибсиз, Уругвай билан иккита ўйиндаги каби 0:3 ҳисобини улардан бемалол кутиш мумкин. Хўш, шундай кучли рақибларга қарши ўйинга вакилларимиз тайёр бўлиб қолишдими?

Афсуски, бу саволга ҳозирча баралла «Ҳа» деб жавоб беролмаймиз.

Вакилларимиз ҳали Европа даражасидаги тажовузкор футболга қарши туриб бера оладиган ҳимоя вариантларини ўйлаб топа олишгани, уларга муносиб қаршилик кўрсата оладиган даражага етишганича йўқ. Ҳаттоки, Эктор Купер аввало, ҳимояни мустаҳкамлашни бот-бот такрорлаётган бўлса ҳам, айнан ҳамма муаммоларимиз мудофаа чизиғидан бошланади.

Мен Суперлига баҳсларини кўпроқ миллий жамоамиз учун муносиб футболчилар бор-йўқлиги нуқтаи назаридан кузатаман. Уларнинг хатти-ҳаракатларини, ўша ҳаракатлар агарда термамиз ўйини учун бўлганида қандай фойда бериши ёки аксинча, қандай оқибатларга олиб келиши мумкин эди, деган ўй-хаёллар билан ўтираман. Кўпроқ Эктор Купер чақирадиган ўйинчилар, миллий термамизнинг кузатувида бўлган футболчилар, шунингдек, «потенциал янги»ларни кўздан кечираман.

Афсуски, 2-3 ой давомидаги кузатишларимни умумлаштириб, шуни афсус билан тилга олишим мумкинки, дарвозада ҳам, ҳимояда ҳам, ярим ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам жуда-жуда кўплаб хатолар, кўп вақт кетказиб таҳлил қилиб чиқиш керак бўлган камчиликлар бор. Биргина Эктор Купернинг ўзи бундай кўпсонли хато ва нуқсонга эга ўйинчиларни тузатолмайди. Яна 10 кунда денг... Унинг қўл остида яна 3-4 нафар етук ёрдамчиси ишлаётган бўлсада, атиги 10 кун улар учун жуда камлик қилиш аниқ.

Шундай экан, бу борада фақат ва фақат Суперлигамиздаги жамоаларда фаолият олиб бораётган мураббийларимиз ишлашларига тўғри келади. Янаям аниқроқ айтганда, бу мавзу ҳозирги кундаги миллий жамоанинг 70-80 фоиз аъзосини ўз ичига олган «Пахтакор» ва «Локомотив» клубларига тегишли. Шу икки жамоамиз, гарчи, Суперлигада ҳамма нарсани қойиллатиб, 1-2-ўринларда бораётган бўлсаларда, улар сафида тўп сураётган ва эрта-индин Туркия термасига қарши тўп суриши аниқ бўлган аксарият футболчиларимиздан хавотирдамиз.

Миллий термамиз ҳимояси саналган «Локомотив» «тўртлиги»нинг ОЧЛ ва Суперлиганинг баъзи ўйинларида ёш болаларча хатоларга йўл қўйишлари, «Пахтакор»даги қанот ҳимоячимиз Фаррух Сайфиевнинг «Навбаҳор» билан ўйинда Остон Ўруновни 2-3 марталаб осонгина ўтказиб юборишига ўхшаган ҳолатлар Суперлигада озмунча учраётгани йўқ. Энди ўша Исмоилов ва Тўхтахўжаевларнинг марказидан, Сайфиевларнинг қанотидан Суперлигамизнинг қандайдир ўртаҳол ўйинчилари эмас, «Милан» футболчиси Ҳоқон Чалханоглу ёхуд «Эвертон» ҳужумчиси Женк Тосунлар ҳужум уюштираётган бўлишади.

Ҳа-я, айтганча, «Навбаҳор» билан бўлган ўйиндаги каби оддий яккакурашларда ҳам ётиб олишларга энди йўл қўйишмайди. Энди бизнинг фойдамизга жарималар беришмайди. Пенальтилар ҳам белгиланмайди. Улар Европанинг ҳакамлари - асло биздаги каби эмас...

Беҳзод АҲМАДЖОНОВ

Манба: interfutbol.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Муҳташам ўн кун» ёки миллий терма жамоамиз ҳақида