Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2022 саралашини шармандали мағлубият билан бошлади. Тарихда бирор марта Ўзбекистонга гол ура олмаган Фаластин Ўзбекистонни енгди. Худди қитъа ўртамиёнасини мағлуб этгандек осонгина енгди. Бу шармандали ҳолатга айбдор сифатида бош мураббий истеъфога чиқариб юборилди. Хўш, айбдор ким? Фақат мураббийми?
Ҳамма!
Миллатнинг бош жамоасига алоқадор ҳар қандай инсон Фаластинга учралган мағлубиятда айбдор эди. Сезиб турибсиз, бу шунчаки уч очко йўқотиш эмас, миллий жамоада жиддий ўзгаришларга олиб келган жуда аламли мағлубият эди.
Бу шармандали мағлубиятда ҳамма айбдор эди: Тошкентдан бошқа ерга чиқмаган, Ўзбекистон чемпионати ўйинларини диққат билан томоша қилмаган, легионер футболчиларнинг ўйинини томоша қилиш тугул пойтахтдан бошқа вилоятга бориб футбол кўрмаган Купер ҳам, жуда кўп вариант бўлатуриб мана шу даври ўтган мураббийни олиб келган олдинги раҳбарият, миллий жамоага жавобгар бугунги одамлар ва турган гапки майдонда ҳаракат қилган футболчилар ҳам.
Биз асосан Куперни айбладик, чунки у футболимизга чиндан мос келмади, ўзбек футболининг ўз одами бўла олмади, бунга ҳаракат ҳам қилгани йўқ. Масалан, у катта эҳтимолки, «Навбаҳор» стадионини «Сўғдиёна» стадионидан фарқлай олмасди. Ёки у «Андижон», «Бухоро» ва «Динамо» каби жамоалар таркибида кимлар ўйнашини айтиб бера олмасди. Ваҳоланки, миллий жамоа бош мураббийи мамлакат футболини ҳаммадан яхши билиши керак эди.
Масалан, Қатар мураббийи Феликс Санчес асосий ҳужумчиси Али ал Муоз қайси овқатни ёқтиришигача билса керак, чунки бу мураббий Қатар футболида 2006 йилдан буён ишлаб келади. Хуллас, Купер ўзбек футболининг ичига кира олмади. Шу боис, натижалар кескин ёмонлашувида катта айбдор барибир мураббий бўлиб қолаверади.
Аммо натижани футболчилар яратишини ҳам унутмайлик. Ахир, Купер Фаластин билан ўйин олдидан Фаррух Сайфиевга ўз қанотидан уюштирилаётган барча ҳужумларни ўтказиб юборишни кўрсатма бермагандир? Ёки мураббий Одил Аҳмедовга икки метрдан туриб бўш қолган дарвозага гол урмасликни кўрсатма бермаган. Купер марказий ҳимоянинг асосий вакили Анзур Исмоиловга ҳам ҳужумчини қаршиликсиз ўтказиб юбор демагани, Элдор Суюновга қанотдан тўп дарвоза яқинига узатилса, ҳужумчи билан бирга югуриб, тўпни ўтказиб юбор деб айтмагани аниқ.
Фаластин билан ўйинда мени бир нарса ранжитди: футболчилар гўёки майдонда мураббийнинг кўрсатмаларидан аразлаб ўйнаётгандек таассурот уйғонди. Ахир футболчи учун асосий вазифа ватан учун ўйнаш эмасми? Қўпол қилиб айтганда, миллатнинг бош жамоаси учун ўйнаётганда мураббий сенга ёқмаса, унинг кимлиги, қандай кўрсатма бераётгани иккинчи даражали бўлиб қолмайдими? Куперга Ўзбекистонни жаҳон чемпионатига олиб чиқиш кўпи билан одамларга ниманидир исботлаш учун керак эди, лекин бизгачи? Биз ҳеч қачон мундиалда ўйнамаганмиз ва ўша ўлиб-тирилаётганимиз йўлланма бизга керак.
Купер йўқ жойдан Испаниянинг ўртамиёнаси билан УЕФА кубоги финалига чиққан, дунёнинг энг зўр мусобақаси Чемпионлар Лигасида ҳам икки марталаб финалда ўйнаган. Яъни, бу мураббий Ўзбекистон билан жаҳон чемпионатига чиқаман деб «ўлиб тургани йўқ» эди. Мундиалга чиқиш бизга керак ва биз бу мураббийдан тўғри фойдаланишимиз керак эди. Афсуски бундай бўлмади.
Албатта, футболчилар бу гапдан хафа бўлишлари мумкин, лекин улар бизнинг инимизга айланиб қолган. Бу гапларни улар учун куюнганимиз сабаб айтамиз. Жаҳон чемпионатига биз эмас, улар чиқишади. Биз миллий жамоадаги футболчилар яхши ўйнашини, жаҳон чемпионатига чиқишини, бу орқали каттароқ жамоаларга ўтишини, улар билан фахрланиб юришни хоҳлаймиз. Қайсидир журналистга Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиқса, таҳририяти унга мукофот бермайди. Мана шу кўз ўнгимизда юлдузга айланган йигитларнинг муваффақият қозонгани, янада каттароқ номга айланишининг ўзи бизга мукофот.
Танганинг иккинчи томони. Жуда аччиқ ва қиммат тажриба
Биз миллий жамоага хорижлик мураббий келиши керак деб кўп йиллардан бери гапирдик, ёздик. Бундай мураббий футбол менталитетининг ўзгаришига сабаб бўлади деб ўйладик, аммо Купер бизга «ёқмай қолгани»дан кейин хорижлик мураббий олиб келишнинг ёқимсиз томони намоён бўлди. Хорижлик мураббийни ўзимизнинг мураббийлар каби шунчаки «паттасини қўлига тутқазиб» бўлмайди. Унга «отнинг калласидек» товон пули тўлаш керак.
Биз ҳали ҳеч қачон бунақа қийин ҳолатга тушмагандик. Энди хорижлик мураббий олиб келишдан олдин етти ўлчаб бир кесиш керак. Чунки ЎФА ҳам давлатнинг қўлига қараб қолган ташкилот. Маркетинг катта пуллар топиб, ЎФА иқтисодий мустақил ташкилотга айланса, бошқа гап, аммо ҳозирча бу ташкилот катта харажатларни ўзига эп кўра олмайди.
Янги мураббий муҳитни яхшилаши мумкин
Афтидан миллий жамоадаги муҳит жуда ёмон аҳволга келган кўринади. Бундай ҳолатда эса ўзгариш зарур эди. Ҳар бир футболчига алоҳида мураббийнинг айтганини қилиш керак деб тушунтириб чиққандан кўра яхшиси мураббийни ўзгартириш талаб этиларди. Энди хорижлик мураббийни олиб келишда мослашиш жараёнини ҳам эсдан чиқармаслик керак бўлади. Маҳаллий мураббийлар билан ҳам муаммо бўлади, аммо уларни ҳал қилиш осонроқ.
Нега айнан Абрамов?
Кўпчилик терма жамога Вадим Абрамов қайтарилишини кутмоқда. Чунки айнан Абрамов қўл остида миллий жамоа бошдан баланд сакрай олган ва чинакамига футбол ўйнаган. Ҳа, Австралиядан олтита гол ўтказиб юборганмиз, аммо ўша мусобақада Ўзбекистон ўз тарихида илк марта Осиё Кубоги ярим финалига чиққанди. Тўғри, Иорданияни ютиб, аммо бугун Иордания у ёқда турсин Фаластин ҳам бизни енгиб кетмоқда-ку?
Абрамов даврида энг аввало миллий жамоада кайфият зўр эди. Мухлислар инжиқ деб биладиган Максим Шацкихни Абрамов Қатардаги Осиё Кубогига кийиниш хонасидаги етакчи сифатида олиб кетганди. Макс ўшанда энг яхши ҳолатида бўлмаса-да, Абрамов ундан яхши фойдалана олганди. Қатардаги чемпионатдан кейин жуда кўп футболчиларимиз легионерга айланган ва жаҳон даражасига кўтарилмаган бўлса-да, камида ўзининг иқтисодий ҳолатини яхшилаб олганди.
Абрамов вақтида миллий жамоадаги ички муҳит жуда яхши бўлганини футболчилар ҳам айтган. Демак, мураббий чиндан футболчиларнинг кўнглини топиб, миллатнинг бош жамоасида яхши кайфиятни шакллантирган. Муҳаммадризо Халатборининг ўша қўшимча вақтда урган голи сабаб Эронга енгилганимиздан сўнг Абрамов истеъфога чиқариб юборилганди. Ўшанда футболчилар мураббийни кетказмаслик учун федерация раҳбариятига мурожаат ҳам қилишган. Бизда яна қайси мураббийни футболчилар шундай қадрлаганини кўргансиз?
Абрамов жаҳон чемпионати саралашида бирор марта тўлиқ имконият олмаган. У Япония ва Шимолий Корея бор гуруҳда (шимолликлар ўша вақт жаҳон чемпионати иштирокчиси эди) биринчи ўринни олган, Японияни меҳмонда иккинчи таркиб билан енгган мураббий ҳал қилувчи босқичдаги биринчи мағлубиятдан кейиноқ истеъфога чиқарилганди. Тўғриси, бу катта хато бўлган. Бабаян Сурия-ю Хитойга ютқазиб юрган вақтда ҳам унга имкон берилди, лекин Эронга ютқазган Абрамов ўша куниёқ ишдан ҳайдалганди.
Абрамовнинг яна бир устунлиги унинг замонавий фикрлаши, либерал қарашларга эга эканидадир. Эътибор берган бўлсангиз, Шота Арвеладзе ва Андрей Канчельскис каби хорижлик мураббийлар ўзбек футболига эркинлик нафасини олиб киришди. Масалан, маҳаллий мураббийлар футбол раҳбариятининг қилган ишларини матбуот анжуманларида танқид қила олишмасди, аммо Канчельскис ўйинлар вақтида мураббий галстук тақиб туриши шарт қилиб белгилангани аҳмоқона қоида бўлганини бемалол айта олади.
Ёки бўлмаса, шунча вақт биздаги аксар мураббийлар футболчилик осон иш эмас деб бир хил лентани айлантириб юрган вақтда Арвеладзе бемалол ўзбек футболчиларининг орзуси яхши уй ва машина олиш билан тугашини айта олади.
Абрамов мана шундай эркинлик тарафдори бўлган мураббий. У ҳам «Нефтчи»да ишлаб юрган вақтида чемпионат тугаши арафасида давом этаётган мусобақа формати ўзгаргани ҳақида кескин гапирган ва «мукофоти»га лицензиясидан айрилганди.
Хуллас, Абрамов айни дамда миллий жамоани тартибга келтириши мумкин бўлган мураббийдир. Чунки бизда кучли футболчилар бор, кадрлар борасида Ўзбекистон Осиёда етакчилардан ва бундай сифатли футболчилардан яхши жамоа тузиш учун ноодатий қарашлар керак. Ўз вақтида мамлакатнинг энг зўр таянч яримҳимоячисини марказий ҳимояда ўйнатиб, бундан самара чиқара олган Абрамов эса айнан мана шундай ноодатий мураббий, менимча...
Ўткир Жалолхонов
Манба: Kun.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)