
Гамбург шаҳар суди россиялик тадбиркор Алишер Усмонов ва унинг синглиси Саодат Нарзиевага қарши илгари сурилган айбловларни асоссиз деб топди. Бу ҳақда Усмоновнинг адвокати Йоахим Штайнхефель маълум қилди.
Суд қарорида айтилишича, Германия фуқароси Facebook'да Усмонов гўёки ўз маблағларини Швейцария банкидаги ҳисоб-рақамда яшириб, уларни синглиси Нарзиева номига расмийлаштирганини ёзган. Бироқ ушбу даъволар ҳақиқатга мос келмаслиги тасдиқланди.
Адвокатнинг сўзларига кўра, суд яна бир бор Усмонов ва унинг қариндошларига нисбатан айбловлар фактлар билан тасдиқланмаганини қайд этди. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи Саодат Нарзиевани санкциялар рўйхатидан чиқариб, уни нотўғри киритилгани учун кечирим сўради.
Тадбиркорнинг вакиллари таъкидлашича, 2022 йилда эълон қилинган шунга ўхшаш баёнотлар Европа Иттифоқи ва Буюк Британия томонидан Саодат Нарзиевага қарши санкциялар жорий этилишига сабаб бўлган. Жорий йилнинг сентябр ойида мазкур шахс Facebook'да яна бир бор Нарзиева гўёки "Credit Suisse" банкидаги ҳисобларнинг бенефициaри эканини иддао қилди.
Аммо суд бу даъволарни ёлғон деб топди ва бундай маълумотларни тарқатишни тақиқлади. Ушбу тақиқни бузиш 250 минг еврогача жарима ёки маъмурий қамоқ жазоси билан жазоланиши мумкин.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.