
Samsung‘нинг Galaxy A ва M қаторига кирувчи бюджет моделларида олдиндан жойлаштирилган AppCloud иловаси атрофида жиддий хавотирлар пайдо бўлди. “Phone Arena” ёзганига кўра, бу дастур Исроилда ишлаб чиқилган бўлиб, унда фойдаланувчига кўринмайдиган кузатув механизмлари мавжуд бўлиши эҳтимол қилинмоқда.
Текширувлар AppCloud операцион тизимга жуда чуқур уланганини кўрсатди. Энг эътиборлиси — уни тўлиқ ўчиришнинг иложи йўқ. Фойдаланувчи вақтинча блокласа ҳам, дастур қурилмада қолади, тизим янгиланиши билан яна автоматик равишда фаоллашади. Айрим ҳолларда эса телефон эгаси билмаган ҳолда қўшимча иловаларни ўрнатиши мумкинлиги ҳам қайд этилган.
Мутахассислар бундай яширин фаолиятни “махфийлик учун бевосита хавф” сифатида баҳолашмоқда. AppCloud’нинг фойдаланувчи розилигисиз ҳаракат қилиши уни оддий кераксиз дастурлардан анча хавфлироқ тоифага олиб киряпти.
Шу пайтгача Samsung бу масала юзасидан бирор расмий изоҳ бермаган. Аммо мавжуд вазият Galaxy смартфонлари эгалари AppCloud орқали назорат остида қолган бўлиши эҳтимолини кучайтирмоқда. Бу эса шахсий маълумотлар, қурилмадаги фаолият ва интернетдаги ҳаракатлар хавфсизлиги ҳақида жиддий саволларни ўртага чиқаряпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.