Ўзбек футболидаги энг катта ютуқ сифатида қолаётган 1994 йилги Осиё ўйинлари ғолиблиги қўлга киритилганига 25 йил тўлди. Хиросимадаги чемпионликнинг чорак асрлик юбилейи муносабати билан Tribuna.uz сайти мухбири ўша ғолиб жамоа қаҳрамонларидан бири бўлган Илҳом Шарипов билан интервью уюштирди. Суҳбат давомида ўша терма жамоанинг етакчи яримҳимоячиси чемпионликкача бўлган воқеалар, шунингдек, ўзининг ўша турнирдан кейинги ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.
«1994 йил бир қатор кучли футболчилар таркибдан четда қолишганди...»
— Илҳом ака, авваламбор, Хиросима-94 турниридаги чемпионликнинг 25 йиллиги билан яна бир марта табриклаймиз. Дастлаб, фаолиятингиздаги энг ёрқин мусобақагача бўлган даврни эсласангиз...
— Болаликдан ҳар бир оддий болакай сингари тўпга ошно тутинганман. Самарқандлик кўплаб футболчиларнинг илк мураббийи саналмиш Хачатур Заргарянц қўл остида футбол сир-асрорларини ўрганганман. Футболчилик фаолиятимни 18 ёшимда, 1985 йил Самарқандда «Динамо» жамоасида Масесов қўл остида бошлаганман. 1987 йилда Биродар Абдураимов собиқ иттифоқ чемпионати 2-лигасидаги ўйинларимни кўриб, «Пахтакор» жамоасига таклиф этди.
Ярим мавсумдан кейин яна «Динамо»га қайтиб, 1990 йилгача Рустам Истамов, Геннадий Ичевский, Шариф Файзиев, Нестеренко ва Фарҳод Магометов каби футболчилар билан бирга тўп сурдим. Ўша йили Новиков «Пахтакор» бош мураббийи сифатида иш бошлаб, мени яна «Пахтакор»га қайтарди. 1990-95 йиллар давомида Тошкент клуби сафида чемпионлик билан бирга бир қатор совринларга эга чиқдим. 1992 йилда янги ташкил этилган Ўзбекистон миллий терма жамоасидан чақирув олдим.
— Йирик мусобақалардаги ғолиблик тасодифан бўлмайди. 1994 йилги ўша чемпион жамоанинг юзага келиши қандай содир бўлган?
— Бу терма жамоанинг асоси 1992 йилда Рустам Акрамов томонидан йиғилганди. 1994 йилги турниргача биз бир неча марта йиғилиб, 2 йил давомида пухта тайёргарлик кўргандик. Хусусан, ўшанда илк марта қўшниларимиздан иборат 5та давлат иштирокида Марказий Осиё Кубоги ташкил этилиб, турнирда муваффақиятли қатнашгандик. Ўша дастлабки терма жамоамиздаги ўйинларимиз, қолаверса, 1992 йилда старт олган Олий Лига ўйинларидаги иштирок эвазига бошқалар қатори мен ҳам илк марта миллий терма жамоадан ўрин олгандим.
— Ҳозиргача аксарият мутахассислар ўша терма жамоанинг якуний таркибини баҳсли саволларга сабаб бўлган, деб ҳисоблашади. Бу борада сиз қандай фикрдасиз?
— Ўша пайтда кучли футболчилар авлоди етишиб чиққанди, шу боис Осиё ўйинларига борадиган таркиб эълон қилинганида, чинданам, таркиб борасида турли саволлар янграган.
— Масалан?
— Ўша пайтда анча кучли ҳисобланган яна бир қатор футболчилар терма жамоадан четда қолишганди. Масалан, Рустам Абдуллаев, Равшан Бозоров, Олим Тиллаев, Вали Келдиев, Нўъмон Ҳасанов, Шуҳрат Раҳмонқулов. Булар ҳам клубларидаги ўйинлари орқали чемпионатимизнинг энг кучли футболчилари қаторида туришарди, аммо Хиросимага борадиган якуний 18 кишилик таркибдан ўрин олишмаган.
— Мураббий энг кучлиларни танлаганми ёки бошқа сабаб ҳам бўлганми?
— Фикримча, бош мураббий ўзи энг кучли деб билган футболчиларни танлаган. Якунда чемпионлик қўлга киритилган экан, чемпионлар муҳокама қилинмаслиги керак. Шунчаки, ўша пайтда миллий терма жамоадан ўрин олиш учун рақобат жуда кучли эди.
«Бунгача Собиқ Иттифоқни кўрган биздек футболчилар учун Япония бамисоли эртак эди»
— Хиросима-94да ҳеч ким Ўзбекистондан чемпионликни кутмаган. Футболчиларда бу борада ишонч қай даража бўлган?
— Япониядаги Осиё ўйинлари мустақилликдан кейинги илк йирик турнир бўлгани боис, қўшни давлатлар сингари бизда ҳам ташкилий жиҳатдан муаммолар бўлган. Айтайлик, ўшанда фақатгина бир комплект эпикировкамиз, терма жамоамизда фақат битта – кўк рангдаги либослар мавжуд эди. Аммо, барчамизда ватанпарварлик ҳисси жуда кучли бўлган, ўшанда. Буни ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди. Мусобақа олдидан ҳеч ким бизни фаворит сифатида билмаган. Ўзимиз ҳам бунгача асосан қўшниларимиз билан ўйнаганимиз боис, Осиё терма жамоаларининг қай даражада кучли эканидан бехабар эдик.
— Дастлабки таассурот қандай бўлган?
— Бунгача собиқ иттифоқ давлатларини кўрган биздек футболчилар учун Япония бамисоли эртак эди. Турнирнинг бошидан охиригача фақат ёрқин хотиралар қолган. У ердаги замонавий инфратузилма, спорт иншоотлари, юксак маданият, Япония табиати ва архитектураси - буларнинг барчаси бизни лол қолдирган. Бу мамлакат инсон нималарга қодирлиги ва қандай шароитда яшаши мумкинлиги бўйича ҳам намуна эди. Ишонинг, собиқ иттифоқ парчаланиши ва энди мустақил бўлиб, ривожланиш йўлига ўтган мамлакатимиздан келган спортчилар учун Японияга келиш - шунчаки бошқа оламга тушиб қолгандек гап эди.
— Осиё ўйинларига йўл олишдан олдин Рустам Акрамов тайёрлаган жамоага Биродар Абдураимов ҳам таклиф этилганди. Бу нима билан боғлиқ эди ва жамоага қандай таъсир қилган?
— Спортимиз раҳбарияти тажрибали собиқ футболчи ва мураббий сифатида Биродар Абдураимовнинг терма жамоага ёрдам бера олишини инобатга олиб, мураббийлар штабига қўшганди. Рустам Акрамов сингари Биродар Ҳасановичнинг ҳам бизга катта ёрдами теккан. Икки мураббийнинг илк мустақил терма жамоани бошқариб бориши жуда тўғри қарор бўлган, деб ўйлайман.
— Осиё ўйинларининг энг қийин ўйини сифатида қайси баҳс ёдда қолган?
— Шубҳасиз, Саудия Арабистонига қарши кечган 1-тур учрашуви. Сабаби, биз илк марта хориж терма жамоаси билан ўйнаётган эдик ва Осиё терма жамоаларидан қандай ўйин кутишни ҳам билмасдик ҳатто. Биз Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон сингари қўшниларимиз билан ўйинлар орқали тайёргарлик кўргандик, аммо араблар қандай ўйнаши ҳақида билмасдик. Майдонга кучли ҳаяжон билан тушгандик. Саудияни 4:1 ҳисобида мағлуб этганимиздан кейин эса ўзимизга ишонч жуда кучли бўлиб кетганди. Гуруҳда барча ўйинни ғалаба билан якунлагач, биз ҳар қандай рақибни мағлуб эта олишимизга ишонгандик.
«Чемпион бўлганимиз учун 1500 доллардан беришганди»
— Чорак финалда эса ўз гуруҳида Эронни ортда қолдирган Туркманистон Ўзбекистонга рақиблик қилганди...
— Худди шундай. Ўшанда Тачмурод Агамуродов қўл остидаги Туркманистон терма жамоасини мағлуб этмасак бўлмасди. Эслайман, ўйин олдидан кийим алмаштириш хонамизга ўшанда президент маслаҳатчиси бўлган раҳматли Алишер Азизхўжаев кириб, «Худо кўрсатмасин, Туркманистонга ютқизиб қўйсанглар, Ўзбекистонга қайтиб бормаганларинг яхшироқ бўлади», – дегандилар. Бу сўзлар қўрқув билан бирга улкан масъулият ҳам берган. Ўшанда қўшни терма жамоалар билан ўйин натижаси жуда муҳим саналарди. Худога шукрки, Туркманистон терма жамоасини 3:0 ҳисобида мағлуб этдик.
— Азамат Абдураимов «ярим финалда Жанубий Кореяни мағлуб этгач, чемпион бўлишимизга ишонганман» деганди. Бутун жамоа шундай фикрда бўлганми?
— 1994 йилда айнан россиялик Анатолий Бишовец қўл остидаги Жанубий Корея ва якунда 3-ўринни олган Валерий Лобановский бошқарган Кувайт терма жамоаси мусобақадаги энг кучли терма жамоалар сифатида кўрилганди. Биз корейсларни фақатгина мураббийлар танлаган тўғри тактика – ҳимоявий ўйин эвазига мағлуб этганмиз. Азамат Абдураимовнинг мўъжизавий голи бизга финал йўлланмасини тақдим этганди ва чиндан ҳам барчамиз энди финалда ғолиб бўлиб, Ўзбекистонга чемпионлик билан қайтишимиз мумкинлигига ишона бошлагандик.
— Финал олдидан ҳам мағлубият бўлган тақдирда, Ўзбекистонга қайтиб бормаслик яхшироқ бўлиши ҳақидаги сўзлар янграмадими?
— Йўқ, аксинча. Мураббийларимиз бундай имконият ҳар бир футболчи фаолиятида бир марта бўлиши мумкинлиги ва тарихда қолиш учун яна битта қадам зарурлигини айтишар, шахсан президент давлат маслаҳатчиси ҳали мустақил бўлганига уч йил бўлган Ўзбекистонимиз тарихидаги энг йирик ғалабани қўлга киритиб, уйга қайтсак, ўзбек халқи бизни унутмаслиги, барча футболчиларни давлат орденлари, юксак мукофотлар кутиб турганини айтганди. Финалда Хитойни 4:2 ҳисобида мағлуб этиб, юртимизга қаҳрамонлардек қайтгандик. Бундай лаҳзалар бир умр ёдда қолади. Биз тарих яратгандик.
— Тошкентда муносиб кутиб олиниб, тақдирланиш бўлдими?
— Албатта, аэропортдаёқ тантанали тарзда кутиб олингандик. Бир ой ўтиб «Туркистон»да тақдирлаш маросими ўтказилиб, ҳукуматимиз, раҳбарлар миннатдорчилик билдиришганди. Бизни «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устаси» унвони билан тақдирлашганди.
— Молиявий мукофот-чи?
— Ўшанда мусобақа давомида ҳам ҳар бир ўйиндан кейин раҳбарият томонидан мукофотланардик. Чемпион бўлиб қайтганимиздан кейин эса ҳар биримизга 1500 АҚШ доллари миқдорида мукофот пуллари беришганди.
«5 кишига «Тico» берилган»
— Ҳозиргидек чемпионларга автомашиналар бериш ҳали йўлга қўйилмаганмиди?
— Ўшанда Осиё ўйинларидан қайтганимиздан сўнг «Тico» русумли автомобиллар ҳам совға қилишганди.
— Ҳар бир футболчигами?
— Йўқ, фақат 5 кишига.
— Кимларга?
— Бош мураббийимиз Рустам Акрамовга, «энг яхши дарвозабон» сифатида Юрий Шейкин, «энг яхши ҳужумчи» сифатида Игорь Шквирин, «энг яхши ўйинчи» сифатида Миржалол Қосимов ва жамоа сардори сифатида Фарҳод Магометовга.
— Нега ҳаммага эмас?
— Бунисини билмадим, ўшанда раҳбарият шундай қарорга келганди.
— Чемпионликдан кейин клубдаги фаолиятингиз қандай кечди?
— 1995 йил «Пахтакор»ни тарк этдим ва Виктор Жалилов таклифи билан «Навбаҳор» сафига ўтдим. Ўша мавсум Наманганда жуда кучли жамоа йиғилганди, клуб тарихида ягона бўлиб турган чемпионликка эришгандик. Наманганддаги уч йиллик фаолиятимдан кейин 1999 йил яна Самарқандга чақиришди, ўша пайтдаги вилоят ҳокими Эркин Рўзиевнинг футболга қизиқиши юқори эди. Раҳматли Маҳмуд ака Раҳимов яхши жамоа шакллантирганди. Намангандагидек, Самарқандда ҳам ҳар бир ўйинда стадионда аншлаг кузатиларди. 2001 йил «Дўстлик»да тўп сурдим, чемпион бўлгандик. 2002 йил Леонид Остроушко Қозоғистоннинг «Есиль-Богатирь» клубига таклиф этди. 2003 йил яна уйимга, Самарқандга қайтиб, 2004 йил «Динамо»да фаолиятимни якунлашга қарор қилдим.
— Нега?
— 2004 йилги мавсум бошланиши арафасида «Динамо»да муаммолар етарли эди. Тажрибали футболчи сифатида ташкилий муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берардим, аммо 37 ёшда майдонда ҳам 90 дақиқа югуришга кучим қолмаётганини сезардим. Айниқса, дастлабки турларда майдонга тушганимда буни яққол сездим. Ўшанда бутсани михга осиш вақти етди деб ҳисобладим.
«Америкада ишда мени таниб қолиб, Илҳом Шарипов эканлигимни ишонишмаганди»
— Кейин эса анча вақт футболдан четда қолдингиз...
— Икки йил. Ўшанда мураббий сифатида иш бошлашни ўйладим, аммо буни уддалай оламанми йўқми дея, иккиланиб юрганимда собиқ жамоадошим, яқинда Америкага кетган дўстим Олим Тиллаевдан қўнғироқ бўлди: «Илҳом, АҚШга кел, сенга иш топиб қўйдим». Таваккал қилиб, АҚШ элчихонасига бордим, спортчи сифатида кўп давлатларда юрганим боис, ўзим учун кутилмаганда 4 йиллик виза беришди. Натижада Олий Лиганинг 3-туридан кейин футболчиликни йиғиштириб, Америкага жўнаб кетдим.
— Ишлашгами?
— Албатта. Нью-Йоркда Самарқанддан борганлар кўп эди, Олим Тиллаев орқали автомашина ювиш шохобчасига ишга кирганман. Ишим автоматлаштирилган тизимни «кнопка»лар билан ишлатиш эди. Ҳафтасига 500 АҚШ доллари миқдорида маош олардим.
— Бир ҳафтада футболчидан оддий ишчига айланиш осон бўлмагандир?
— Иккинчи иш кунимда қизиқ воқеа бўлганди. «Мойка»мизга чиройли автомашина кириб келди. Машинасини автоматювишга қолдирган киши дастлаб менга анча вақт узоқдан термулиб турди, кейин ёнимга келиб ҳам тикилиб туриб, менга мурожаат қилди: «Кечирасиз, сизни бир одамга жуда ўхшатдим, сиз Илҳом Шарипов эмасмисиз?» – деб сўради. Худди ўшаман – деб жавоб бердим. У эса «бўлиши мумкин эмас, Илҳом Шариповни 5 кун аввал Самарқандда «Динамо» ўйинига стадионга тушганимда, майдонда ўйнаётганида кўргандим» – деди.
Ҳаёт шунақа, футболни ташлаб, Америкага пул ишлашга келганимни зўрға тушунтира олгандим (кулади).
— Қачон қайтдингиз?
— Визам бўйича ҳар ярим йилда Ўзбекистонга қайтиб келардим. 2005 йил якунида қайтганимда «Пахтакор» клубига администратор сифатида ишга чақиришди. Америкадан қайтиб келишга қарор қилдим. 2006 йил эса Самарқанд вилоятининг ўша вақтдаги ҳокими бўлган Аъзамхон Баҳромов чақириб, «Самарқанд ва ўзбек футболидаги кўп йиллик меҳнатингни қадрлаб, хайрлашув учрашувини ўтказсак» дедилар. Ўшанда Самарқанддаги «Динамо» – «Пахтакор» учрашуви олдидан Хиросима-94 ғолиблари таклиф этилиб, хайрлашув ўйиним юқори ташкилотчиликда ўтказилганди.
«Одил Аҳмедов «Анжи»га ўтишидан олдин, Қатар клубига деярли ижарага бергандик»
— Одил Аҳмедов билан «Анжи»га йўл олишингиз қандай юз берган?
— 2011 йилги Осиё Кубогидан кейин Одил Аҳмедовни Қатар клубларидан бирига деярли ижарага бергандик. Аммо «Анжи»дан таклиф тушгач, Одил Россияга кетишни маъқул кўрди. Ўшанда «Пахтакор»да менежер сифатида ишлардим. Клуб раҳбарияти, қолаверса Одилнинг ўзи ҳам «Анжи»га тезроқ мослашиши учун мен ҳам бирга боришимни истади. Сабаби Аҳмедовни «Пахтакор» ёшлар жамоасида тўп суриб юрган пайтларданоқ билардим, унга имкон қадар ёрдам бергандим. Дастлабки йилда Одил «Анжи»да ижара асосида тўп сурди, ўзини ҳар томонлама яхши кўрсатгач «Анжи» «Пахтакор»дан унинг трансфер ҳуқуқини сотиб олди. Ўша пайт «Анжи» катта лойиҳага айланаётгани боис, клуб мени ҳам администратор сифатида ишга қабул қилганди. Асосан, Одилнинг ва клубнинг ташкилий ишларига ёрдам берардим.
— Одил Аҳмедовнинг трансфер суммасини айта оласизми?
— Йўқ, сир бўла қолсин. Шуниси аниқки, бу ўзбек футболидаги энг катта трансфер бўлганди.
— «Анжи»да Роберто Карлос, Самуэль Это’О сингари юлдузлар жамлангач, клубдаги муҳит ёмонлашгани ростми?
— Йўқ, муҳит ажойиб эди. «Анжи» катта бир оилага айланганди. 2012 йилда Одилнинг туғилган кунини Москвадаги «Урюк» ресторанида «Анжи»нинг барча футболчилари ва уларнинг оиласини таклиф этган ҳолда ўтказгандик. Туғилган кун баҳонасида футболчиларга миллий қадриятларимизни намойиш этгандик, ош тановул қилишганди.
Умуман олганда, «Анжи» ажойиб жамоа эди. Ёдимда, кунлардан бирида Это’О клубнинг пойабзаллар билан ишловчи маъмурига ўз ҳисобидан 2 хонали уй совға қилганди.
«Одил Аҳмедов ва Буссуфанинг гапи қочарди...»
— Рус матбуотида Одил Аҳмедовнинг ёнини олгани учун Игорь Денисов ва «Анжи»нинг юлдуз футболчилари ўртасида можаро чиққани ҳақида ёзилганди...
— Йўқ, бу ёлғон маълумот. Можаро бўлмаган. Одил Аҳмедовни барча футболчилар ҳурмат қиларди. Тўғри, машғулотларда Одил билан марокашлик Муборак Буссуфанинг гапи қочарди, аммо буни можаро дейиш нотўғри.
— Сабаб?
— Одил таянч яримҳимоячи сифатида машғулотларда ҳам қаттиқ ишларди, қўполроқ ҳаракат қиларди, бу эса Буссуфага ёқмасди.
— «Анжи»ни Одил билан бирга тарк этдингизми?
— Ҳа. 2014 йилда «Анжи»да қийин давр бошланди, клуб эгаси Сулейман Каримов қарори билан барча юлдуз футболчилар бирин-кетин бошқа клубларга сотиб юборилди. Кўп футболчилар ўзларини трансферга қўйишни сўрашди. Аммо Одил Аҳмедов клуб ва доғистонлик мухлислар ҳурмати учун мавсум охиригача «Анжи» билан бирга бўлди. Махачқалъалик мухлислар Одилни жуда яхши кўришарди. Клуб қуйи лигага равона бўлиши аниқ бўлгач, «Анжи» Аҳмедовни қўйиб юборди. Ўшанда «Зенит», «Динамо» «Москва» ва ЦСКА клублари Одилга қизиқиш билдиришган, аммо «Краснодар» хўжайини Сергей Галицкий яхшигина маблағ эвазига Одилни «Анжи»дан ўз клубига олиб келганди. Ярим йил «Краснодар»да ҳам Одил билан бирга бўлдим, сўнг 2015 йилда яна «Пахтакор»га қайтдим. 2016 йил эса «Динамо»га чақиришди ва ўшандан буён клубда бош менежер сифатида фаолият юритиб келяпман.
— «Анжи»нинг юлдуз футболчилари билан алоқаларни сақлаб қолганмисиз?
— Фақатгина Роберто Карлос билан алоқам бор. У жамоани тарк этгач, алоқада бўлиб турардик. Ўтган йили Тошкентга келганида ҳам учрашгандик.
— Одил Аҳмедовни уч сўз билан таърифлай оласизми?
— Меҳнаткаш, кўнгли ва қўли очиқ, оилапарвар ажойиб инсон.
«Ўша чемпионларга бепул даволаниш имтиёзи бор»
— Бугунга келиб, 1994 йилги чемпионларимизга қандай имтиёзлар мавжуд?
— Ҳукуматга қарашли белгиланган клиникаларда ўзимиз ва рафиқамиз учун умрбод бепул тиббий кўрикдан ўтиш, бепул даволаниш сингари имтиёзларимиз бор.
— Ўша таркибдаги чемпионлар ҳали ҳамон ўзаро алоқадами, йиғилишиб турасизларми?
— Албатта. Ўша таркибимиздан фақатгина дарвозабонимиз бўлган Юрий Шейкин ва Улуғбек Рўзимов орамизда эмас. Шейкин 2011 йилда, Рўзимов эса 2017 йилда вафот этди. Яна икки киши эса хорижда – Атоян Грецияда, Тихонов эса Россияга кўчиб кетган. Қолган барча чемпионлар ўзбек футболида фаолият юритишмоқда.
— Осиё чемпионлигига ҳам 25 йил тўлди. Айтинг-чи, сўнгги марта қачон ўша таркиб билан йиғилган эдинглар?
— Икки йил олдин – 2017 йилда Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг таклифи билан Наманганда йиғилгандик. Шу куни «Навбаҳор» ва ўша чемпион жамоа фахрийлари ўртасида ажойиб футбол-шоу ташкил этилди, барчамиз бир дастурхон атрофида йиғилдик, вилоят раҳбарияти томонидан муносиб тақдирландик. Бунгача ҳам Азамат Абдураимов ва ЎФАнинг ташкилотчилигида ҳар йил имкон қадар ўша жамоа футболчилари йиғилиб турамиз.
— Фаолиятингиздаги энг кучли жамоа сифатида Ўзбекистон-94 термасини ҳисоблайсизми?
— Терма жамоа сифатида айнан 1994 йили Осиё ўйинларида қатнашган термамиз энг кучлиси, мен учун. Таркиб ҳам кучли эди, таркибга кириш учун ҳам рақобат жуда кучли бўлганди. Тўп сурган клубларимдан эса «Пахтакор» ва 1996 йилги «Навбаҳор»да жуда кучли таркиб йиғилганди.
— Энг яхши давр сифатида қайси даврни эслайсиз?
— «Пахтакор»даги 90-йиллар бошидаги даврни энг яхши давр сифатида эслайман. Сабаби, ўшанда таркибимиздаги Хорен Оганесян, Андрей Пятницкий, Синелов сингари кучли футболчилар тўп сурган, улардан кўп нарсани ўрганганмиз. Шунингдек, Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин, Фарҳод Магометов каби кучли футболчилар билан тўп сургандик.
— Ёш футболчиларга энг аввало қандай маслаҳат берасиз?
— Халқаро майдонларда тўп сурадиган, катта маош оладиган, зўр футболчи бўлишни истасангиз, энг аввало интернетда ўтириш ва ҳар хил кўнгилхушликларни йиғиштириб, фақат меҳнат қилинг, фақат майдонга ва уйга шошилинг. Ўшанда катта натижаларга ҳам эришасиз, Худонинг ўзи ҳамма орзуларингизга ҳам етказади.
Усмон ИБОДОВ суҳбатлашди
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»