Энергияни тежаш учун газ ва электрга чеклов қўйишга расман тақиқ жорий этилди

Ўзбекистонда энергия ресурсларини тежаш масаласида янги ёндашув жорий этилди. Энди газ ва электр энергиясини тежаш мақсадида истеъмолчиларга чеклов қўйиш ёки тармоқдан узиш орқали иқтисод қилиш амалиётига йўл қўйилмайди.
Бу ҳақда 29 апрель куни қабул қилинган Президент фармонида белгилаб ўтилди. Ҳужжат “2026 йилда энергия самарадорлигини ошириш, ресурсларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланишнинг қўшимча чора-тадбирлари”га бағишланган.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан бошлаб вазирлик ва идоралар, давлат муассасалари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар томонидан қуриладиган ёки таъмирланадиган барча бинолар энергия самарадорлиги бўйича камида “С” даражасидан паст бўлмаслиги шарт қилиб белгиланди.
Энг муҳими, электр ва табиий газни тежаш учун истеъмолчиларни узиш ёки уларга сунъий чекловлар жорий этиш тақиқланди. Бу эса аҳоли ва тадбиркорлар учун қулайлик яратишга қаратилган муҳим қарор сифатида баҳоланмоқда.
Шу билан бирга, Энергия самарадорлиги миллий агентлигига қатор янги ваколатлар берилди. Хусусан, махсус жамғарма орқали энергия сервис компаниялари томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун кафолатланган тўловларни амалга ошириш имконияти яратилди.
2026 йилдан бошлаб энергия сарфи меъёрдан юқори бўлган давлат объектларида халқаро стандартларга асосланган ҳолда самарадорликни ошириш дастурлари амалга оширилади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 октябрга қадар энергия истеъмолини таҳлил қилишда замонавий технологиялар — катта маълумотлар (Big Data), бизнес-таҳлил ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш тизими жорий этилади.
Мутахассислар фикрича, мазкур ўзгаришлар энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш билан бирга, соҳада шаффофлик ва самарадорликни янада оширишга хизмат қилади.