Жаҳон футболи тарихида истеъдодли ўйинчилар жуда кўп учраган. Аммо ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида омадли бўлганлари кам. Диего Пабло Симеоне ана шундай кам сонлилар қаторида туради. У 1970 йилда Аргентинада туғилган. Таянч ярим ҳимоячи позициясида ўйнаган. Футболчилик фаолиятига 2006 йилда якун ясаган.
Симеоненинг клуб миқёсидаги ютуқлари унинг асосан испан ва итальян жамоаларидаги фаолияти билан боғлиқ. 1995/1996 йилги мавсумда Мадриднинг «Атлетико» клуби сафида мамлакат чемпиони бўлди. Шунингдек, Испания кубогини қўлга киритди. Бунинг устига 37 та учрашувда майдонга тушиб, 12 та голга муаллифлик қилди. Унинг майдондаги вазифасидан келиб чиқсак, бу жуда яхши кўрсаткич, албатта.
«Атлетико»да уч мавсум ўйнагач, 1997 йилда Миланнинг «Интер» клуби сафига қўшилди. Бу ердаги икки мавсум у учун мазмунли кечди. Бу ўринда ярим ҳимоячининг 1997/98 йилги мавсумда УЕФА кубоги соҳиби бўлганини эслашнинг ўзи кифоя. 1999 йилда эса Симеоне «Лацио» сафига ўтди. Рим жамоасида ҳам омад унга кулиб боқди. Жамоа мамлакат чемпиони бўлибгина қолмай, кубокни ҳам қўлга киритди.
2003 йилда қаҳрамонимиз «Атлетико»га қайтди. Бу ерда икки мавсум тўп сурди. Кейин эса Аргентинага бориб, «Расинг» клуби шарафини ҳимоя қилди. У футболчилик фаолиятини тугатганида 36 ёшда эди.
Диего мамлакат терма жамоаси сафидаги илк ўйинини ўтказганида эндигина 18 ёшга кирганди. Ўшанда миллий терма жамоага Карлос Билардо устозлик қилаётганди. У ёш ярим ҳимоячини Австралияга қарши кечган баҳсда майдонга туширди. Шундан кейин Аргентина терма жамоасида бир неча авлод алмашди. Аммо Симеоненинг ўрни ўзгаришсиз қолди.Мамлакат бош жамоасида у тўрт нафар мураббий билан ишлади. Бу мутахассислар қаҳрамонимизнинг чинакам профессионал футболчи бўлиб етишишига жуда катта ҳисса қўшдилар.
Билардо юқорида таъкидлаганимиздек, унга ишонч билдирган бўлса, Алфио Базиле бош мураббийлиги даврида Диего терма жамоанинг асосий таркиб футболчисига айланди. Даниел Пасарелла эса сардорлик боғичини топшириб, унинг зиммасига катта масъулият юклади. Дарвоқе, бу қарор ўзини тўла оқлади. Диегонинг терма жамоа иштирокидаги ўйинларда ўзини аяганини, кучини кам сарфлаганини ҳеч ким эслай олмайди.
Унинг Аргентина терма жамоасидаги обрўйи шу қадар катта эдики, Диегога ҳатто бош мураббийнинг учрашув учун танлаган стратегиясини муҳокама қилиш ҳуқуқи берилганди. Негаки, қаҳрамонимиз мамлакат бош жамоаси шарафини энг кўп ҳимоя қилган футболчилардан бири саналарди. У 1994, 1998 ва 2002 йилги жаҳон чемпионатлари иштирокчисидир. Терма жамоа сафидаги 106 та учрашувда у рақиблар дарвозасини 11 бор ишғол этган.
Таъкидлаганимиздек, қаҳрамонимиз футболчилик фаолиятини ватанида — қадрдон жамоаси «Расинг»да тугатди. У болалигидан шу клуб мухлиси эди. ”Турмуш ўртоғим Европадан кетишни хоҳламаганди, — дея эслайди Диего. — Мен уни кўндиргани кўп уриндим. Испания ва Италиядаги реклама шартномалари муддати тугашини кутдим.Чунки у асли италиялик бўлиб, таниқли фотомодел эди. Шундан кейин болаларим билан Аргентинага кўчиб келади, деб ўйладим. Ҳозир эса у менинг Аргентинага кўчиб келишимни кечирмаганини тушунаман”.
Симеоненинг мураббийлик фаолияти бошланиши эса ғалати кечган. У бу ҳақда шундай деганди: ”Расинг” клуби раҳбарияти менга жамоани бошқариш таклифи билан чиқди. Ўша кезларда мен бутсимни михга илганимга кўника олмай юргандим. Бутун тун бўйи ухлай олмадим. Югургани чиқдим. Кейин эса душга кирдим. У ерда қанча вақт ўтказганимни аниқ билмайман. Аммо ваннадан «Мураббийлик қиламан, яхши мутахассис бўлишга интиламан», деган қатъий ният билан чиққанимни яхши эслайман”.
Диего қўл остидаги «Расинг» жамоаси 2011 йилда Аргентина чемпионатида кумуш медални қўлга киритди. Шундан сўнг у истеъфога чиқиб, Мадриднинг «Атлетико» клубидан тушган таклифни қабул қилди. 2013 йилнинг 17 майида «Атлетико» Испания қироли кубоги финалида «Реал» устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Унга қадар жамоа бутун бошли 14 йил давомида «Реал»ни енга олмай келаётганди. Орадан бир йил ўтгач эса Симеоне шогирдлари ҳал қилувчи баҳсда «Барселона» билан дуранг (1:1) ўйнаб, Испания чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлишди.
Диегонинг иш услуби чўққиларни босқичма босқич забт этишга асосланган. У журналистлар билан мулоқот чоғида доимо «Биз ўйиндан ўйинга кучайиб борамиз.Совринлар ҳақида биздан сўраманг» дейди. Чунончи, телекўрсатувларнинг бирида ундан «Атлетико» чемпион бўладими?” деб сўрашганида “Ҳозирча мен узоқ давом этадиган мавсум давомида биз ниманинг эвазига «Реал» ва «Барселона»ни қувиб етишимизни билмайман. Лекин бу мақсаддан воз кечишимизни англатмайди”, деб жавоб қайтарди.
Унинг иш услуби ўзига хос. Футболчиларда иштиёқни кучайтириш учун баъзан ҳеч ким кутмаган чораларни қўллайди. Масалан, бир сафар ўйин арафасида машғулотларга паралимпиада иштирокчиси, чанғичи Ирен Виляни таклиф қилди. Бу спортчи қиз террорчилар портлатган бомба оқибатида иккала оёғидан ажраб қолган. Ўшанда у 12 ёшда эди. Диего шу спортчи қиздан футболчиларга ўйинолди кўрсатмалар беришни сўради.
Симеоне қўл остидаги «Атлетико» 2013/14 йилги Европа Чемпионлар лигаси мавсумида жуда муваффақиятли қатнашди. Икки ўйин натижасига кўра, «Милан»ни 5:1 ҳисобида енгиб, чорак финалга чиқди. Симеоне қўлллаган тактик чоралар эвазига жамоа «Барселона»ни енгишни уддалади. Ярим финалда эса «Челси» мағлуб этилди. Шу тариқа жамоа ўз тарихида иккинчи марта Чемпионлар лигаси финалига чиқди. Айтиш керакки, «Атлетико» финалга қадар бирорта ҳам мағлубиятга учрамаган ягона жамоа бўлди. У ўз дарвозасидан атиги 6 та тўп ўтказди.
”Реал”га қарши кечган финал баҳсининг асосий вақтида «Атлетико» 1:0 ҳисобида олдинда бораётганди. Аммо ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда Серхио Рамос ҳисобни тенглаштирди. Қўшимча бўлимларда эса жамоанинг ҳам руҳан, ҳам жисмонан толиққани сезилди. ”Реал” 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Агар «Атлетико» ютиб чиққанида Симеоне Чемпионлар лигасида зафар қучган аргентиналик учинчи мураббий бўлур эди. Аммо афсусланишга ҳожат йўқ. Диего ҳозир салкам 50 ёшда. Янги ютуқлари ҳали олдинда. Фақат омад ундан юз ўгирмаса бўлгани.
Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади
Манба: Xs.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар