date

“Сити”нинг катта режаси: Ҳусанов муваффақиятидан кейинги қадам...

“Сити”нинг катта режаси: Ҳусанов муваффақиятидан кейинги қадам...

2025 йил қишки трансфер ойнасида Англия чемпиони “Манчестер Сити” Ўзбекистон футбол тарихида мисли кўрилмаган трансферни амалга оширганди. Франция чемпионатида “Ланс” сафида ёрқин ўйини билан танилган Абдуқодир Ҳусанов 40 миллион евро эвазига Гвардиола қўл остидаги жамоага қўшилган эди.

Аввалига кўплаб экспертлар бу келишувга шубҳа билан қаради. Чунки АПЛ — дунёнинг энг рақобатчи чемпионати ва бу ерда ёш легионернинг ўз ўрнини топиши жуда оғир. Аммо Ҳусанов қисқа фурсатда ўзига ишонч билдирганлар алданиб қолмаганини исботлади. Унинг ҳаракатлари айниқса “Сити” икки йилдан бери ечим топа олмаган ўнг қанот ҳимоясида катта наф берди.

Хосеп Гвардиола ўзбекистонлик ҳимоячининг трансфери ҳақида алоҳида тўхталиб, уни йилнинг энг тўғри қарорларидан бири, деб атади. Испаниялик мураббий Ҳусанов узоқ йиллар давомида “Этихад”да асосий таркибдан ўрин олишига ишонч билдирди.

Йўлдан чиқмаган “шаҳарликлар” трансфер сиёсатида яна Франция чемпионатига эътибор қаратди. Ёзги ойна якунланишидан олдин улар ПСЖ таркибидаги машҳур дарвозабон Жанлуижи Доннаруммани ҳам ўз сафларига қўшиб олишга муваффақ бўлди. Энди эса клубнинг навбатдаги асосий мақсади — 20 ёшли португалиялик вундеркинд Жоау Невеш.

ПСЖ сафида Невеш қисқа вақт ичида ўзини етук футболчи сифатида намоён этди. Унинг майдонни ўқиш қобилияти, паслардаги аниқлиги, ўйин марказини мувозанатда ушлаб туриши ва жамоани бошқариш маҳорати Франция футболи экспертлари томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Ҳатто ўтган мавсумда Чемпионлар Лигаси доирасидаги “Манчестер Сити”га қарши баҳсда ҳам Невешнинг голи парижликларга йирик ғалаба олиб келганди.

Айнан шу учрашувдан сўнг Гвардиола унинг номзодини диққат билан кузата бошлади ва ҳозирда клуб директорларига бу трансферни амалга ошириш зарурлигини билдирган.

“Сити” мутасаддилари бу ўйинчи учун дастлабки таклифни 120 миллион евро билан бошлаш ниятида. Улар бошқа гранд клублар тортишувигача масалани ҳал этиб, Невешни ўз сафларига қўшиб олишни режалаштирмоқда.

Қайд этиш керакки, худди шундай усул “Сити” Ҳусанов трансферида ҳам иш берганди. У пайтда “Ланс” 25 миллион евро атрофида кирим қилишни ўйлаётган бир пайтда, манчестерликлар кутилмаганда 40 миллион евро тўлаб, масалани бир зарбада ҳал қилган. Шунингдек, Невеш билан ҳам “шаҳарликлар” айнан шундай стратегиядан фойдаланиши эҳтимолдан холи эмас.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Сити”нинг катта режаси: Ҳусанов муваффақиятидан кейинги қадам...