Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг сўзларига кўра, Киев Брюссель билан ҳамкорликда мамлакат ички ишларига аралашишга ҳаракат қилмоқда. Унинг таъкидлашича, бу ҳаракатнинг асосий мақсади — Венгрияда амалдаги ҳукуматни ағдариш ва проукраин сиёсий кучларни ҳокимиятга олиб келишдир.
Орбан бу ҳақда Hetek нашрига берган интервьюсида маълум қилди. Унинг айтишича, Брюссель ва Киев биргаликда Венгрия сиёсий майдонида фаол таъсир ўтказмоқда.
“Венгрия ички сиёсатига фақат Брюссель эмас, Киев ҳам аралашмоқда. Улар буни биргаликда амалга оширмоқда. Шу сабабли, Европа Иттифоқининг ҳозирги мақсади — Венгрияда проукраин ҳукумат ўрнатиш. Украина ҳам бу жараёнда манфаатдор, улар мухолифатни очиқ қўллаб-қувватлаяпти”, — деди Орбан.
Венгрия раҳбарига кўра, қайси тарафдан бўлишидан қатъи назар, ҳар қандай ташқи таъсир давлат суверенитети учун хавфли ҳисобланади.
“Биз учун энг катта хавф — хорижнинг ички сиёсатга аралашувидир”, — дея таъкидлади у.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!