Ўзбекистон ҳудудига импорт қилинаётган юқори фитосанитар хавфга эга маҳсулотлар мунтазам равишда назоратдан ўтказилади. Шу доирада олинган навбатдаги мандарин намунаси Марказий фитосанитария лабораториясида текширувдан ўтказилди.
Текширув натижаларига кўра, Қозоғистон орқали олиб кирилган мандарин партиясида Aonidiella aurantii (Maskell) ва Dysmicoccus brevipes (Cockerell) каби зарарли организмлар аниқланган. Қўшимча таҳлиллар шу 22,26 тонна маҳсулотнинг Хитой Халқ Республикасида етиштирилганини кўрсатди.
Мазкур ҳолат юзасидан Хитой билан музокаралар олиб борилмоқда ва Ўзбекистоннинг фитосанитар талабларига мос ҳудудлардан маҳсулот экспортини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.
Сўнгги пайтларда Қозоғистон орқали импорт қилинаётган айрим мандарин партияларида фитосанитар сертификатларда келиб чиқиш мамлакати сифатида Жанубий Африка, Туркия ёки бошқа давлатлар кўрсатилган, бироқ ёрлиқларда маҳсулотнинг Хитойда етиштирилгани аниқланган.
Зарарли организмлар аниқланган мазкур партия Хитойда етиштирилганлиги сабабли, Хитой мандаринлари импортига вақтинчалик чеклов жорий қилинди. Шу билан бирга, Қозоғистоннинг масъул органларига рееэкспорт фитосанитар сертификатларини расмийлаштиришда маҳсулотнинг ҳақиқий келиб чиқиш мамлакати ISPM №12 талабларига мувофиқ тўғри кўрсатиш бўйича расмий сўров юборилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!