date

Фабио Каннаваронинг Ўзбекистонда дебюти Уругвайга қарши кутилмоқда

Фабио Каннаваронинг Ўзбекистонда дебюти Уругвайга қарши кутилмоқда

Италиялик афсонавий ҳимоячи, 2006 йилги жаҳон чемпионати ғолиби ва «Олтин тўп» соҳиби Фабио Каннаваро Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида илк ўйинини Уругвайга қарши ўтказиши мумкин. Бу ҳақда италиялик футбол журналисти ва инсайдери Николо Скира ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди.

Маълумотларга қараганда, 52 ёшли мутахассис тез орада ўзи билан бирга икки нафар италиялик мутахассисни ҳам Ўзбекистонга олиб келиши кутилмоқда. Чичо Троизе унинг ёрдамчи мураббийи бўлиши мумкин. Евженио Албарелла эса жамоада жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассис сифатида фаолият юритиши режалаштирилган.

Каннаваронинг бош мураббий сифатидаги эҳтимолий дебют ўйини — Ўзбекистон ва Уругвай терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик баҳси 13 октябрь куни Малайзиянинг Малакка шаҳридаги Ҳанг Жебат стадионида бўлиб ўтиши белгиланган. Мазкур беллашув юртимиз миллий терма жамоаси учун 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнидаги муҳим синовлардан бири сифатида қаралмоқда. Уругвай терма жамоаси жаҳон футболидаги энг кучли ва нуфузли рақиблардан саналади — бундай ўйин футболчиларимизга бебаҳо тажриба беради.

Шу билан бирга, дунё футболи юлдузларидан бири сифатида ном қозонган Каннаваронинг Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланиши ҳақидаги янгилик мухлислар орасида катта қизиқиш уйғотди. Футбол ишқибозлари афсонавий италиялик мутахассис ўзининг бой тажрибаси орқали терма жамоамизга янги нафас олиб кириши ва жаҳон ареналарида юқори натижаларга эришишга ёрдам беришига умид қилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Фабио Каннаваронинг Ўзбекистонда дебюти Уругвайга қарши кутилмоқда