13:00 / 07.01.2021
3 615

Нафиса Мўминова ва Хулкар Тоҳиржонова федерациянинг раддиясига муносабат билдирди

Нафиса Мўминова ва Хулкар Тоҳиржонова федерациянинг раддиясига муносабат билдирди
Хулкар Тоҳиржонова ва Нафиса Мўминова
Фото: Olamsport интервьюсидан лавҳа

Опа-сингил шахматчилар Нафиса Мўминова ва Хулкар Тоҳиржонова шахмат федерациясининг раддиясига муносабат билдирди. Аввалроқ Шахмат федерацияси ОАВда чиққан мақолалар ва блогер Азиза Умарованинг фикрлари юзасидан раддия берганди. Olamsport опа-сингиллардан мазкур ҳолатга муносабат билдирилган интервьюни эълон қилди.

Аввалига Нафиса Мўминова муҳокамаларга сабаб бўлган Гулруҳбегим Тоҳиржонованинг АҚШ шахмат федерацияси вакилига айланиши ҳақида гапирди. «Бу вазият бу қадар кенг муҳокамаларга сабаб бўлади деб ўйламагандик. Гулруҳбегимнинг АҚШ шахмат федерацияга ўтиши ноябрь ойида ҳал бўлган. Бу борада федерациянинг хабари бўлиши керак, сабаби федерация алмаштириш осон ўтадиган жараён эмас, уларга FIDE томонидан хат келган бўлиши керак.

Гулруҳбегим билан бирга Франция шахмат клубида дона сурамиз. Европа Кубогида унинг исми остида АҚШ байроғи турганди, бунга шахмат мухлислари эътибор қаратди. Кейинчалик ОАВда кетма-кет хабарлар берилди. Унинг кетидан федерациянинг баёноти чиқди, биз улар ҳақида бирор ёмон гап айтмагандик, бироқ уларнинг ёзганлари одамга тегди.

Гулруҳбегим сўнгги вақтларда терма жамоага сабабларсиз чақрилмай қўйганди. 2019 йилда шахмат бўйича онлайн Олимпиада бўлиб ўтди. Унга терма жамоадан ҳеч қандай таклиф келиб тушмади. Шундан кейин у, терма жамоага чақирмайдиган федерацияда нима ҳам қиламан деди-да, АҚШга кетди. Унинг ўзи шу қарорга келди. Гулруҳбегимда яхши таклиф бор эди, яна-да ўсишга эришиш учун шу йўл танлади
», — деди Мўминова.

Қизларнинг каттаси 2014 йилда федерация ва Мўминовалар оиласи ўртасидаги муносабатнинг ёмонлашувига олиб келган воқеа ҳақида тўхталди.

«2014 йилги Олимпиада ҳақида гапирсам, у ерга Ўзбекистондан беш нафар шахматчи бориши керак эди. Ўзбекистонинг биринчи рақамли шахматчиси сифатида мени саралашсиз жамоага олишган. Иккинчи бўлиб 2014 йилги Ўзбекистон чемпиони Қурбонбоева Сарвиноз олинган. Учинчи иштирокчи сифатида синглим Хулкар ҳам 2013 йилги Ўзбекистон чемпиони, ҳам мураббий Владимир Егиннинг тавсиясига кўра терма жамоа аъзосига айланган.

Қолган икки ўрин учун эса саралаш ўйинлари ўтказилган. Мусобақа ўтказилган вақтда Хулкар БААда Осиё чемпионатида қатнашаётганди. Саралашда биринчи ўринни кичик синглим Гулруҳбегим олган, иккинчи ўрин билан Боймуродова Севара чиққан. Қаҳрамонова Моҳинур исмли қиз учинчи ўринни қўлга киритган. Кейин ижроқўм йиғилиши бўлган, унда Олимпиадага Хулкар эмас саралашда учинчи ўринни олган қиз бориши кераклиги муҳокама қилинган. Мажлисда «Бир оиладан уч иштирокчи мумкин эмас», каби гаплар янграган.

Ўша вақтдаги спорт вазири Мурод Алиев, Жисмоний тарбия ва спорт институти ректори Шоакрам Исроилов келиб музокаралар ўтказишга ҳаракат қилди. Охири федерациянинг номзоди бўлган у қиз ва мураббийнинг танлови Хулкар ўртасида беллашув ўтказишни таклиф қилдим. Уларга агар, Хулкар ўнта партиянинг биттасида бўлса ҳам шу қизга ютқазса Олимпиадага бормаслигини айтдим. Бироқ бу таклиф рад этилди. Кейин мен бу жамоада, бу тариқа тузилган жамоада ўйнамаслигимни айтдим. Агар жамоани мураббий туза олмаса, унинг таркибини Ижроқўмдагилар ҳал қилса, бу жамоа жамоа бўладими?
», — деди Нафиса.

Бу борада ўртанча сингил Хулкар Тоҳиржонова ҳам ўз фикрини билдирди.

«Ижроқўмда қарорни бир одам чиқарган, қолганлар шахматни тушунадиган бўлса ҳам унинг буюриғига қарши чиқа олмаган. Ўша воқеадан кейин умуман шахмат ўйнаганим йўқ. Сўнгги бор 2015 йилда АҚШдаги мусобақада қатнашдим ва бу мен учун охиргиси бўлди. Рейтинг ўша бўйича қолган. «Иқтидорли», «келажаги буюк» деб аталган қизнинг мана олти йилдирки рейтинги меникидан 200 пункт пастда», — дейди Хулкар Тоҳиржонова.

Фото: Yandex Photos
Шунингдек, қўнғироқ орқали шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Владимир Егиннинг ҳам фикрлари тингланди.

«2014 йилда менга жамоани тузиш вазифаси юклатилди. Икки номзоднинг номи аниқ эди: терма жамоа етакчиси Нафиса Мўминова ва ўша йилги чемпион Сарвиноз Қурбонбоева. Кейин саралаш мусобақаси ўтказдик. Мени фикримга кўра, бу саралашдан икки спортчи аниқлаб олиниши керак эди. Олимпиаданинг сўнгги йўлланмасини эса Хулкарга беришга қарор қилгандим. Чунки у 2013 йилги Ўзбекистон чемпиони, шунингдек, бунга қадар ҳар бир Олимпиадада муваффақиятли иштирок этганди. Ижроқўм қарорига келсак, очиғини айтганда бундай ҳолатни кутмагандим. Авваллари бундай вазиятлар умуман муҳокама қилинмасди, ҳар сафар мураббий таклиф қилган таркиб олинарди.

Бироқ бу йиғилишда ундай бўлмади ва саралашда учинчи ўринни олган Моҳинур Қаҳрамонова номзодини Хулкарнинг ўрнига олиб кетиш муҳокама қилинди. Мен, албатта, бунга қарши чиқдим. Бу вазиятда ҳеч қандай шубҳасиз Хулкар қатнашиши керак эканлигини айтдим, гарчи у сўнгги Ўзбекистон чемпионатида муваффақиятсиз иштирок этган бўлса-да. Моҳинурда ўша вақтгача ягона муваффақияти иштироки бу — мамлакат биринчилигида иккинчи ўринни олгани эди. Шундан ортиқ унинг устунлик томони йўқ эди. Хулкар эса мусобақаларда ҳам доим яхши ҳаракат қилган, тажриба ва куч жиҳатидан устунликка эга эди.

Кейин Ижроқўмда овоз бериш жараёни ўтказилди, унда фақат мен Хулкар Тоҳиржонова номзодига овоз бердим, қолган барча қарама-қарши томонда бўлди. Охир-оқибат опа-сингиллар ўзлари нохолис деб ҳисоблаган қарордан кейин Олимпиадада иштирок этишдан бош тортди. Ростини айтсам, ўша вақтда нима учун мураббий томонидан танланган таркиб қабул қилинмаганини тушунмадим. Агар мураббий уни тузишда бирор нохолисликка йўқ қўйган бўлса, уни вазифадан озод этиб, бошқасини тайинлаш мумкин эди
», — дейди Егин.

Фото: «Olamsport» интервьюсидан лавҳа
Федерация баёнотида Олимпиада масаласидан кейин опа-сингиллар келиб, ташкилотдан кечирим сўрагани ҳақида келтирилган сўзларга Хулкар қуйидагича жавоб қайтарди. Шунингдек, Хулкар нима учун саралаш босқичида иштирок этмаганини ҳам гапириб ўтди.

«Йўқ, биз ҳеч қачон кечирим сўраб бормаганмиз, бормаймиз ҳам! Бирор хато қилган бўлсак экан... Нима учун халқаро тоифадаги спорт устаси ва терма жамоа бош мураббийнинг фикри ўтмайди-да, бошқалар бизнинг тақдиримизни ҳал қилади?

Яна бир ҳолат, саралаш баҳслари вақтида Владимир Егин бу мусобақада иштирок этишим керак эмаслигини айтган. Бундан ташқари у вақтда Ўзбекистонда бўлмаганман. Федерация эса мени саралашда иштирок этишдан бош тортганим ҳақида хат чиқарган. Қанақасига йўқ дейишим мумкин, агар, ўйнайсан дейишганда, иштирок этардим
», — дейди Хулкар.

Хулкар Тоҳиржонова Азиза Умарова мақоласида тилга олинган «федерация раҳбарининг қизи» ҳақидаги гапларга ҳам тўхталиб ўтди.
«Азиза Умарованинг барча сўзлари тўғри. Федерация баёнотида Тахмина Турдалиева умуман шахмат ўйнамаган деган гаплар бор. Бироқ у билан 2000 йилдан бери бир хил ёш категориясида ўйнаб келганмиз. Бу муаммо аслида 2000 йилда бошланган. Осиё чемпионатига мени эмас уни юбориш ҳақидаги қарордан кейин шу воқеалар бошланган.

2002 йилда ўзимиз туғилган Фарғона вилоятида Осиё чемпионати ўтказилган. Ўшанда Ҳусан Турдалиев (ўша вақтда федерация президенти) опамни мусобақага қўймаган. Бир нечта даражаси пастроқ қизлар қатнашган, лекин Нафиса Мўминовага рухсат берилмаган. Отамга мусобақанинг бадал пули бор дейишган, аввалига 100 АҚШ доллар, кейин 300 доллар. Отам пулни тўлашга тайёрлигини билдирган, бироқ улар кейинчалик мусобақага қўя олмаслигини айтган. Турдалиев ўшанда ҳамманинг ёнида опамни «келажаги йўқ шахматчи» деб атаган. Ҳамманинг ичида ёш болага қанақасига бундай гапириш мумкин? Биринчидан бу орқали у ўзининг тарбиясизлигини кўрсатиб беряпти, иккинчи томондан спортчини руҳий томондан синдириб қўйиши мумкин. Биз шу вақтгача индамай келдик, бироқ федерация детализацияни бошладими, биз ҳам шундай йўл тутамиз
», — дейди Хулкар.

Фото: «Olamsport» интервьюсидан лавҳа
Нафиса Мўминова федерация хатида келтирилган 300 минг долларлик мусобақа ҳақида фикр билдирди.
«Федерация хатида Нафиса учун халқаро мусобақалар ташкил қилиб бердик деган жойи бор экан. Ўша тилга олинган 300 минг долларни худди мен учун сарфлашгандек таассурот уйғотилган. Ўша вақтда Гран-При мусобақаси айнан мен учун ташкил қилинганига ишонмайман. У вақтда халқаро гроссмейстер унвонини олиб бўлгандим ва мен учун Гран-При ташкил қилиш шарт эмасди, бироқ ўша вақтда буни ташкиллаштирганликлари учун раҳмат айтаман.

Шунингдек, у ерда бир неча минг долларлаб мукофот олди дейилмоқда. Мен мусобақанинг тўртта босқичида ўйнаган бўлсам, жами 8 ёки 9 минг доллар пул олган бўлишим мумкин. Икки йил давомида тўртта мусобақадан шунча. Лекин тайёргарликка кетадиган пул-чи? Энди очиғини айтишим керак, профессионал мураббийнинг бир соати 100 доллар туради, профессионал шахматчи ҳафтасига ўртача 6-8 соат мураббий билан ишлаши керак. Бунга қанча харажат кетишини ўзингиз ҳисоблаб кўришингиз мумкин. У пул нима ҳам бўлади?
», — деди Мўминова.

Мўминова шунингдек, Ўзбекистон терма жамоасида иштирок этмаётгани ва фаолиятини якунлаганига нималар сабаб бўлгани борасида сўз юритди.

«2014 йилдаги воқеалардан кейин иккита Гран-При мусобақам қолганди. Уларда иштирок этгач, шахматдаги фаолиятимни якунладим. Ундан кейин икки марта бош мураббийимизнинг илтимоси билан халқаро мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси сафида қатнашдим. Терма жамоада ўйнаш ниятим бор эди. Менга шундай шарт қўйилди: терма жамоага қайтиш учун Олий лигада ўйнашим керак экан. Майли, у ерда рақобат кучли бўлиб шахматчилар захираси кўп бўлса экан, у ерда ўйнаб, ўзингни кўрсатишинг мумкин. Бироқ бизда умуман захира йўқ-ку. У ерда худди ўша 4-5 йил аввалги спортчилар ўйнамоқда, мен у ерда нима қиламан, нима исботлайман?

Ўша вақтда Ўзбекистондан кетиб бошқа федерацияга ўтишим ёки шу ерда қолиб шахмат билан хайрлашишим керак эди. Мен иккинчи йўлни танладим, Ўзбекистонда қолдим ва Sky Chess мактабини очдим. Бундан афсусланмайман, бироқ Гулруҳбегим ҳам шу йўлдан кетишини тўғриси биз ҳам хоҳламадик. У қарор қилди, биз қўллаб-қувватладик.

Матбуотда, ижтимоий тармоқларда бундай тўполон кўтариш ниятимиз йўқ эди, бироқ федерациянинг ёзган хатига жавоб бермасак бўлмайди. Улар устимиздан мағзава ағдарди десак ҳам бўлади. Ўзи умуман булар оммага дастурхон қилинадиган нарса ҳам эмас эди
», — дейди Мўминова.

Аввалроқ Гулруҳбегим Тоҳиржонова АҚШнинг Миссури университети жамоасида дона сураётгани ва энди халқаро мусобақаларда АҚШ номидан қатнашиши маълум бўлганди. Кейинчалик Азиза Умарова шахматчилар оиласи ва федерация ўртасидаги совуқ муносабат ҳақида мақола эълон қилди. Бунга жавобан федерация раддия билдирди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Нафиса Мўминова ва Хулкар Тоҳиржонова федерациянинг раддиясига муносабат билдирди