
2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш учун тўловлар бутунлай онлайн тизимга ўтказилади. Бу чоралар хонадонларга нақд тўловларни йиғиш амалиётига якун ясайди.
Чиқиндиларни бошқариш агентлиги маълумотига кўра, мазкур янгилик фуқаролар учун қулайликларни ошириш, тўлов тизимининг шаффофлигини таъминлаш ва коррупция ҳолатларини бартараф этишга қаратилган. Мазкур ўзгаришнинг ҳуқуқий асосини 2024 йил январ ойида президент томонидан тасдиқланган қарор ташкил этади.
Ҳужжатга кўра, чиқинди тўловларини «Тоза Макон» ягона тизими, электрон хизматлар ва банк кассалари орқали амалга ошириш белгиланган. Шу билан бирга, қарорда чиқинди тўловлари бўйича қарздорлик мавжуд бўлса, электр энергиясини тўлаш имконияти чекланиши қайд этилган.
Интернетга барқарор улана олмайдиган олис ҳудудлардаги аҳоли учун «Ўзбекистон почтаси» ва банк кассалари орқали тўлов қилиш имконияти сақлаб қолинади. Чиқиндиларни бошқариш агентлиги вакиллари таъкидлашича, 2026 йилдан бошлаб санитар хизматлар учун нақд тўлов талаб қилган ҳар қандай инспекторларнинг хатти-ҳаракатлари ноқонуний ҳисобланади.
«Тоза Макон» биллинг тизимини «Ҳудудий электр тармоқлари» маълумотлар базаси билан интеграция қилиш натижасида қарздорлар автоматик тарзда аниқланади ва чиқинди тўлови қарздорлиги тўлиқ бартараф этилмагунча уларга электр энергиясини тўлаш имконияти вақтинча тўхтатилади.
Ўзбекистонда чиқинди тўлови онлайн тизимга ўтади
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар