
Португалия футболи рамзларидан бири, ҳозирда Саудиянинг “Ан-Наср” клуби шарафини ҳимоя қилаётган Криштиану Роналду яқинда журналист Пирс Морган билан бўлган суҳбатда яна бир бор жамоатчилик диққат марказига тушди. Суҳбат давомида афсонанинг молиявий ҳолати ва унинг “миллиардер футболчи” деган мақоми ҳақидаги сўзлар муҳокамаларга сабаб бўлди.
Пирс Морган Роналдуга шундай савол билан мурожаат қилди:
— Криштиану, ҳақиқатми, сўнгги ҳафтада сен расман миллиардер бўлдинг?
Роналду табассум билан жавоб қайтарди:
— Йўқ, бу янгилик эмас. Мен анча вақт аввал — бир неча йил олдиноқ миллиардер бўлганман.
Журналист ҳайрат билан қайта сўради:
— Ростдан ҳам?
— Албатта, 39 ёшимда бу маррага етганман. Мен ўз молиявий аҳволимни яхши биламан, ҳар бир қадамни кузатаман. Бу менинг ҳаётим, менинг меҳнатим билан топилган маблағ. Шунинг учун ҳам унинг ҳар бир тафсилоти мен учун муҳим, — деди Роналду.
Футболчи сўзларига кўра, унинг атрофида тажрибали мутахассислар жамоаси бор — молия маслаҳатчиси билан деярли ҳар куни мулоқотда бўлиб, инвестициялар ва янги имкониятларни муҳокама қилади.
— Миллиардга етганимни ҳис қилган пайтда жуда қувонганман. Бу мен учун "Олтин тўп" ютишдек ҳис бўлган. Ҳар бир инсоннинг ҳаётда ўзига хос мақсади бор. Кимдир уй қуришни орзу қилади, кимдир янги автомобиль олишни. Менинг орзум эса ана шу рақамга етишиш эди, — деб қўшимча қилди юлдуз футболчи.
Журналист сўзларини давом эттирди:
— Демак, сенинг асосий мақсадинг миллиардга етишиш бўлганми?
Роналду бундай деди:
— Ҳа, бу менинг шахсий мотивим бўлган. Аммо мен пулга ўта боғланган одам эмасман. Молия муҳим, лекин инсон ҳаётида шундай палла келадики, у нарсалардан кўра маънавият устувор бўлади. Биз инсонмиз — қўлимизда бор нарса билан ҳеч қачон тўлиқ қониқмаймиз.
Сўнгги йилларда Криштиану Роналду нафақат футболда, балки бизнес соҳасида ҳам катта ютуқларга эришди. Унинг дунё бўйлаб фаолият юритувчи бренди, меҳмонхоналар тармоғи ва инвестиция лойиҳалари орқали оладиган даромади жаҳоннинг энг юқори тўлов олувчи спортчиларидан бири сифатида номини мустаҳкамлаб турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!