date

Банклар учун сунъий интеллект ҳаёт-мамот масаласи

Банклар учун сунъий интеллект ҳаёт-мамот масаласи
KEY TECH конференциясининг сунъий интеллект мавзусига бағишланган иккинчи сессиясида қизиқарли фикр янгради. Унда айтилдики, яқин йилларда сунъий интеллектни жорий қилмаган банклар рақобатбардошлигини йўқотади.

Бу фикр муҳокамалар учун асос бўлиб, сунъий интеллект банк соҳасини қандай ўзгартирётгани ва унинг ролини эътиборсиз қолдириб бўлмаслиги ҳақида баҳслар бошланди. Улуғбек Таваккалов (Капиталбанк) модераторлигида ўтган панел муҳокамаси AVO Bank, Микрокредитбанк, InfinBANK ва Сбертеx вакилларини бирлаштирди.

Улар сунъий интеллект энди экспериментал лойиҳа эмас, балки самарадорликни оширувчи реал восита эканига эътибор қаратдилар. AVO Bank вакили Рашид Лахлу сунъий интеллектни жорий қилишда эски жараёнлар устига янги технологияларни қўшиш қийинлигини таъкидлади.

"Биз ишни хавфлар ва антифрод соҳасидан бошладик. Бу ерда сунъий интеллект ўзини энг яхши томонлама намоён қилди. Аммо структурани ва бўлимлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни қайта ташкил қилмасдан самарага эришиб бўлмайди," деди у.

 Экспертларнинг айтишича, технологияларни жорий қилиш тезлиги қонунчиликдаги ўзгаришлардан илгарилаб кетган бўлса-да, бу жараённи секинлаштириш учун сабаб эмас.

Рақобат шароитида банклар сунъий интеллектни тезкорлик билан интеграция қилишга мажбур. InfinBANK вакили Азиз Сиёевнинг таъкидлашича, банк сектори сунъий интеллект учун идеал муҳитдир.

Чунки у катта ҳажмдаги маълумотлар ва тайёр технологик инфратузилмага эга. Шунингдек, хизматларни шахсийлаштириш ва қарорлар аниқлигини ошириш сезиларли натижалар бермоқда.

Сбертеxдан Ярослав Упоров эса ҳар бир маҳсулотда сунъий интеллект компонентини жорий қилишни назарда тутувчи AI-native ёндашув ҳақида сўз юритди. "Энди савол сунъий интеллектни жорий қилишда эмас, балки буни қандай қилиб масъулият билан амалга оширишда.

Инсон марказий ёндашув асосий мезон бўлиб қолади," деди у. Муҳокамалар давомида сунъий интеллект моделларининг хатолари ҳам муҳокама қилинди.

AVO Bank вакиллари селфи-верификация автоматлаштирилиши натижасида ўртача депозит ҳажмининг кутилмаганда камайиб кетиши ҳолатини мисол қилиб келтиришди. Бу эса сунъий интеллект доимий назорат ва техник экспертизани талаб қилишини эслатиб ўтди.

Шунингдек, экспертлар генератив моделлар ҳали скорингда қўлланилмаслиги, чунки уларнинг қарорларини тушунтириш қийинлигини таъкидлашди. Банклар ҳали ҳам қарорларни асослаш имконини берувчи классик машиналик ўқитиш усулларидан фойдаланмоқда.

Якунда муҳокама иштирокчилари сунъий интеллектни шунчаки замонавий технология эмас, балки яқин йилларда банкнинг фойдалилиги, жараёнлар тезлиги ва бозорда қолиш қобилиятини белгилаб берувчи асосий омиллардан бири сифатида баҳолашди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Техно » Банклар учун сунъий интеллект ҳаёт-мамот масаласи