
The Information нашри тақдим этган янги ҳисоботга кўра, iPhone 18 Pro ва iPhone 18 Pro Max моделлари олд панели сўнгги йиллардаги энг катта дизайн ўзгаришини қабул қилади. Маълумотларга қараганда, бу 2022 йилда Dynamic Island билан чиққан iPhone 14 Pro’дан кейинги илк жиддий визуал янгиланиш бўлади.
Манбаларнинг ёзишича, Apple Face ID тизими ва унга боғлиқ сенсорларни тўлиқ дисплей остига жойлаштиришни режалаштирмоқда. Олд томонда эса фақат селфи камера учун кичик кесик қолади. Қизиғи, бу камера марказда эмас, балки экраннинг юқори чап бурчагига кўчирилиши кутилмоқда.
Шу ўзгаришлар натижасида 2026 йилги iPhone 18 Pro моделлари экраннинг юқори қисмида таблетка шаклидаги Dynamic Island’дан бутунлай воз кечади. Бироқ умумий дизайн концепцияси кескин ўзгармайди: корпус шакли ва ташқи кўриниш жиҳатдан iPhone 17 Pro’га яқин бўлиб қолиши айтилмоқда.
Ҳисоботда камера бўйича аввал тарқалган маълумотлар ҳам тасдиқланган. Яъни, янги флагман iPhone’лар ўзгарувчан диафрагмага эга камера билан жиҳозланади. Бу технология профессионал фотоаппаратлардагидек, матрицага тушадиган ёруғлик миқдорини аниқ бошқариш имконини беради ва сурат сифатига сезиларли таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Манбаларга кўра, iPhone 18 Pro ва 18 Pro Max 2026 йил сентябрь ойида iPhone Fold ҳамда iPhone Air 2 билан бирга тақдим этилади. Асосий iPhone 18 модели эса бошқача сценарий бўйича — 2027 йил бошида iPhone 18e билан бир вақтда чиқиши мумкин.
Шунингдек, яқиндаги йирик сизиб чиқишлар Apple’нинг 30 дан ортиқ янги қурилмалари ҳақида маълумот берди. Улар орасида AirTag 2, янги iPad моделлари ва “ақлли уй” учун махсус марказ ҳам бор бўлиб, айримлари яқин ойлардаёқ тақдим этилиши мумкин.
Қисқаси, Apple навбатдаги iPhone’ларда нафақат техник, балки визуал жиҳатдан ҳам янги даврни бошлашга тайёрланаётгандек.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.