20:14 / 10.05.2019
10 021

Ўзбекча ихтиро: автомобиль бир литр сув билан 1400 км йўл босиши мумкин (фото, видео)

Ўзбекча ихтиро: автомобиль бир литр сув билан 1400 км йўл босиши мумкин (фото, видео)
Ихтиролар, кашфиётлар, инновациялар деганда одатда кўпчилигимиз олис-олислардаги ва бизга алоқаси бўлмаган жараёнларни тушунамиз. Лекин ўз ишланмалари билан кўпчиликнинг оғирини енгил қилувчи, фан-техникада чинакам инқилоб ясовчи ихтирочилар юртдошларимиз орасида ҳам талайгина. Биз бугун ана шундай инсонлар билан таништирамиз.

Ғофур Абдувоҳидов ва Ориф Собиров исм-шарифли йигитлар таҳририятимизга ташриф буюрганларида қўлларида иккитагина кичик сумка бор эди. Лекин гап-сўзлари салкам мўъжизага даъвогардек. Улар сумкадан чиқарган оддий шиша идишлардан иборат мослама сувдан газ ажратиб олишини айтганларида таҳририятимиз аъзоларидан кўпчилигига бу ёлғондек туйилди. Лекин ихтирочилар жуда қатъий эдилар ва бизга ўз ишланмаларини тақдим этишга киришдилар.

Тушунишимизча, ихтиро предмети қуйидагича: сувдан иккита идиш орқали ток ўтказилади ва ундан газ ажралиб чиқади. Бу газнинг ўзигаа хос жиҳати катта энергия ажратади, ҳосил бўлган ҳарорат метан газиникига нисбатан анча катта, гарчи ҳозир кичик ҳажмда кўрсатилаётган бўлсада, шприц игнасидан уфураётган ҳарорат ва олов шиддати баланд.

Тажриба шубҳалардан ҳоли бўлиши учун уч хил сув – оддий водопровод суви, иситиб/совутиб берувчи мосламадан олинган сув ва оддий елим идишда қадоқланган сувдан тенг миқдорда олдик ва мосламани ишга туширдик. Бироз муддат ўтиб сувда пуфакчалар пайдо бўлди ва шприц игнаси учига учқун берилиши билан олов чиқа бошлади. Ҳайрат билан озгина кузатдик ва ихтирочини суҳбатга тортдик.

– Қисқа қилиб айтганда бу ихтиронинг сири нимада?

– Бошиданоқ айтиб қўяй – бизнинг бу ихтиромиз бутунлай янгилик эмас. Сувни парчалаш орқали энергия олиш бўйича ихтиролар олдин ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор ва албатта бундан кейин ҳам бўлади. Ҳамма гап бунинг учун сарфланган энергия билан олинган энергия фарқида. Шу пайтга қадар бундай ихтироларда 30-40 фоиз, кўпи билан 90 фоизлик натижага эришилган. Яъни оддий тил билан айтганда 100 сўм сарфлаб 30-40 сўм, нари борса 90 сўм “даромад қилинган”. Бизда эса бу кўрсаткич тахминимизча, камида 300 фоизга етмоқда.

– Ихтирони қай тартибда синаб кўрдингиз?

– Бу мосламани “Запорожец” машинасида синовдан ўтказганмиз. Ички ёнув двигателига мослаганимиздан сўнг бир литр (!) сув билан, тўғрироғи бир литр сувдан ихтиромиз асосида ажралиб чиққан газ билан 1400 километр йўл босганмиз. Демак ихтиромизга қисқа таъриф берадиган бўлсак, у татбиқ қилинса, машина бир литр сув билан салкам 1500 км йўлни ортда қолдиради. Хўш, қайси энергия ташувчи бундай кўрсаткич билан мақтана олади?

– Билишимизча, дастлаб Россияда бу ихтирони синаб кўргансиз. Қизиққанлар бўлмадими?

– Албатта бўлди. Аммо уларнинг деярли ҳамммаси энергетика компаниятлари эди. 3-5 миллионлаб доллар маблағ ҳам таклиф қилишди. Лекин уларнинг мақсади аниқ – бунинг сирини билиб олиб, яшириб ташлаш ва умуман юзага чиқармаслик! Қанчалик баландпарвоз туйилмасин, бизнинг ниятимиз бу ихтиромиз биринчи навбатда халқимизга хизмат қилишини истаймиз. Ҳозирги кунда энергетика бўйича жуда кўп лойиҳалар бор, аммо уларнинг кўпи ҳаётга татбиқ этилмай қолиб кетяпти. Қишлоқ жойларимизнинг аксариятига табиий газ етиб бормаган, борган жойларда ҳам босим паст, узилишлар кўп. Ишлаб чиқаришда газ масаласи муаммо, тадбиркорларимизнинг маҳсулоти таннархи ошиб кетаяпти. Биз ана шундай муаммоларни қисман бўлсада ечишни мақсад қилганмиз. Бу ихтиро Ўзбекистонга фойда келтиришини истаймиз.

– Биз ҳозир ичимлик сувида синов ўтказдик. Ичимлик сувининг ўзи ҳам муаммо. Бошқа сувларда қандай натижага эришиш мумкин?

– Бошқа сувларда натижа янада яхшироқ бўлади. Дарё суви, ёмғир сувидан ажралган газ ҳажми ичимлик сувиникидан юқори. Умуман, сувнинг хусусиятлари ҳақида минглаб асарлар битилган, аммо ҳануз унинг барча сирлари очилмаган. Биз унинг биттагина сирига асосланган ихтиромизни намойиш этаяпмиз. Кўриб турибсизки, оловнинг ҳарорати жуда баланд. Метанда бу кўрсаткич 2800 даражага етса, бу қурилмадан ажраалётган ҳарорат 4000 даражадан ошади.

– Машиналарда қўллаш мумкин деяпсиз, бу хавфли эмасми?

– Хавфсиз ёқилғининг ўзи йўқ. Эҳтиётсизликка йўл қўйилса, бензин ҳам, пропан ҳам, метан ҳам хавфли. Бу қурилмадан ажралаётган газни сақлаб бўлмайди, дарҳол сарфлаш керак. Аммо биз бу ихтирони янада такомиллаштирамиз, хавфсизликни кучайтирамиз.

– Ихтиронгиз кўпчиликни қизиқтириши табиий. Гапларингиз рост бўлса, бу энергетика соҳасида ўзига хос инқилоб яратиши керак. Демак бу ихтирони зудлик билан ҳаётга татбиқ этиш лозим эканда?

– Албатта! Бутун дунёда тикланувчи энергия муаммоси мавжуд ва бу муаммо кундан-кунга кескинлашаверади. Ўзбекистонда ҳам кўплаб ҳудудларда газ етишмайди, айниқса қиш ойларида аҳоли қийналади. Мана шу қурилмамизни зарур эҳтиёт чораларини қўллаган ҳолда ҳаётга татбиқ эта олсак, кўпчиликнинг оғирини енгил қилишига ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб юртимиз раҳбариятига мурожаат қилмоқчиман. Мана шу ихтиромиз аввало ўз халқимизга хизмат қилишини исташимизни айтдим. Бундан ташқари ҳам қатор ишланмаларимиз бор. Истардикки бизга имконият яратилса, биринчи навбатда бу ихтирони такомиллаштириш учун лаборатория ташкил этилса, грантлар ажратилса, патент берилса ва охир-оқибат ҳаётга татбиқ этилса.

Ишонаман, орзу қиламан, Президентимиз админстрацияси бу ихтиромизга кенг йўл очиб беради ва биз Ўзбекистоннинг равнақига хизмат қиламиз!

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди,
тасвирчи Шерзодбек Эгамов.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Ўзбекча ихтиро: автомобиль бир литр сув билан 1400 км йўл босиши мумкин (фото, видео)