Тошкент шаҳри чорраҳаларига Швейцария компанияси томонидан ўрнатилган қоидабузарликларни қайд этувчи видеокузатув мосламаларининг лицензияси тугагани айтилди. ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқамаси масъул ходими эса ушбу маълумотни рад этиб, камераларга лицензиялар муайян муддатга эмас, балки умрбод берилганини билдирди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти раҳбари ўринбосари Алексей Хен 27 октябрь куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг йигирма бешинчи сессиясида Тошкент шаҳридаги 114та чорраҳа ва бошқа жойларда камераларнинг лицензияси тугаганини айтиб, маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларидан махсус автоматлаштирилган фото ва видеофиксация тизими лойиҳасини молиялаштиришни сўраган.
«Шаҳардаги йўллар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2017 йилнинг 15 мартида Швейцариянинг AGT International компанияси билан ҳамкорликда 114та чорраҳага видеокузатув камералари, шу билан бирга, тезлик ва йўл чизиқлари билан боғлиқ қоидабузарликларни аниқловчи қурилмалар ўрнатилган эди. Афсуски, ушбу камераларнинг лицензия тугаган. Бу камералар яна ишлаши учун қуйидаги ечимни таклиф қиляпмиз.
Демак, «ABL-SOFT» деб номланган маҳаллий компания бор. У анчагина машҳур. Ушбу компания бу борадаги ишланмаларини 2017 йилда Мирзо Улуғбек туманига ташриф чоғида Ўзбекистон президентига тақдим этишган. Улар AutoCon деб номланувчи автомашиналарнинг давлат рақамини аниқлаш, тезликни ўлчаш ва қоидабузарликларни қайд этиш тизимини ишлаб чиқишган. Бу тизим айни пайтда бутун республикада жорий қилинмоқда.
Биз улар билан гаплашдик. Бизга тижорат таклифини тақдим этишди. Таклифга кўра, мазкур тизимнинг нархи 1,1 млрд сўмни ташкил этади. Агар биз бу тизимни ўрнатадиган бўлсак, унга сарфланган пулни икки ойда қоплаш мумкин бўлади. Чунки битта комплекс ойига тахминан 300 млн сўмлик қоидабузарликни қайд этади», деган Алексей Хен сессиядаги чиқишида.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан тарқатилган видеода сессияда маърузачига депутатлар томонидан савол берилгани, у бу саволларга жавоб берилгани тезлаштирилган кадрларда намойиш этилган. Шу сабабли маърузачидан нималар сўралгани ва у бу саволларга қандай жавоб бергани номаълумлигича қолган.
Шунингдек, сессия бўйича тақдим этилган ахборотда Швейцария компанияси билан келишув неча йилга мўлжаллангани, нима учун уларнинг дастурий таъминотидан воз кечилаётгани, Тошкент чорраҳаларидаги камераларнинг лицензияси айнан қайси санадан бошлаб тугагани, агар лицензия муддати ўтиб кетган бўлса, айни пайтда камералар қайси асосга кўра қоидабузарликларни аниқлаётганига ойдинлик киритилмаган.
Kun.uz мазкур саволларга жавоб олиш мақсадида ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бўлими бошлиғи подполковник Шуҳрат Муродов билан боғланди. ИВВ вакили Алексей Хеннинг чорраҳаларга ўрнатилган видеокузатув мосламаларининг лицензияси тугагани ҳақидаги сўзларини рад этди.
«Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, содир этилиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, қоидабузарликлар сонини камайтириш мақсадида Тошкент шаҳридаги кўчалар ва чорраҳаларга ўрнатилган видеокузатув камераларининг лицензияси тугамаган. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг йигирма бешинчи сессиясининг видеосини мен ҳам кўрдим. Маърузачи сўзни нотўғри қўллаган, ҳозир қандай ускуна сотиб олсангиз, лицензия 1-2 йилгамас, умрбод берилади.
Айни пайтда қоидабузарликларни аниқловчи видеокузатув тизими модернизация қилинмоқда. Вақтида бу камераларни сотиб олганмиз, энди уларни ташлаб юбормаймиз-ку! Дейлик, уч йил олдин компьютер сотиб олгансиз. Ўшанда унга Windows 10 операцион тизими ўрнатилган. Орадан уч-тўрт йил ўтгач, уни ташлаб юбормайсиз-ку, тўғрими? Операцион тизимини янгилайсиз, қайта ўрнатасиз. Худди шундай, камераларнинг ҳам дастурий таъминотини янгилаяпмиз.
Аслида мен Рақамли ривожланиш департаменти раҳбари ўринбосарининг сўзларига изоҳ бераётганимдан хижолатдаман. Агар сессияда ЙҲХББ вакили қатнашганда аслида жараён қандай кечаётгани, нималар ўзгариши, нималар ўз ҳолича қолиши ҳақида ҳеч қандай саволларга ўрин қолдирмайдиган қилиб тақдимот қилган бўларди. Бу жараёнда биргина янглиш маълумот туфайли шунча савол келиб чиқмоқда. Камералар айни пайтда ишлаб турибди, лицензия муддати тугагани йўқ. Шунчаки орадан икки ярим йил ўтгани учун уларнинг дастурий таъминоти янгиланмоқда. Ҳар қандай дастурий таъминот вақти-вақти билан янгилаб турилади», дейди Шуҳрат Муродов.
ИВВ расмийси янги дастурий таъминот маҳаллий ишлаб чиқарувчининг маҳсулоти экани йўл ҳаракати қоидаларини аниқлаш ва жаримага тортиш тизимига ҳеч қандай ташқи омил таъсир кўрсата олмаслигини айтиб ўтди.
Шунингдек, у Швейцария компанияси билан келишув неча йилга мўлжаллангани, ҳамкорлик қайси сабабларга кўра тўхтатилгани, дастурий таъминотни янгилаш учун нима учун айнан «AВL SOFT» компанияси танлаб олингани бўйича изоҳ бера олмаслигини, бу хусусда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти жавоб бериши мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаев Kun.uz’нинг саволларига масъуллар 28 октябрь куни жавоб бериши мумкинлигини билдирди.
- Эслатиб ўтамиз, 2016 йил бошида Тошкент шаҳридаги 39та чорраҳада камералар синов тариқасида ишга туширилганди.
- 2017 йил 9 февралида президент Шавкат Мирзиёев ИИВ ходимлари билан учрашувида Тошкент чорраҳаларидаги видеокузатув тизимини қисқа муддатда ишга тушириш вазифасини топширган эди.
- 2017 йилнинг 15 мартида 115та чорраҳага ўрнатилган камералар ёрдамида Тошкентда йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этиш тизими ишга туширилган, дастлабки кунларда бу пойтахтнинг марказий кўчаларида тирбандликларга сабаб бўлганди.
- Камералар ишлай бошлагач пойтахт кўчаларидаги қоидабузарликлар бир ҳафта ичида 4 баробарга камайган эди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”