13:21 / 29.10.2021
1 670

Facebook номини Meta’га ўзгартиради

Facebook номини Meta’га ўзгартиради
Фото: The Verge
Facebook компаниясининг номи Meta’га ўзгаради. Бу ҳақда ребрендинг юзасидан ўтказилган тақдимотда Марк Цукерберг эълон қилди. Facebook ушбу йўл билан компаниянинг нафақат битта ижтимоий тармоқ, балки WhatsApp, Instagram, Oculus ва бошқа активларининг ҳам эгаси эканлигини намойиш қилмоқчи, деб ёзмоқда «РБК».

Июль ойида компаниянинг Facebook Reality Labs’нинг бир қисмига айланадиган «метаолам»ни яратиш учун жамоа тўплаётгани эълон қилинганди. Facebook Reality Labs виртуал (VR) ҳамда тўлдирилган (AR) реаллик лойиҳалари билан шуғулланади. Бу ҳақда АR ва VR технологияларга масъул бўлган Facebook вице-президенти Эндрю Босворт ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасида маълумот берган. Унинг сўзларига кўра, метаолам (рақамли дунёлар тўплами) бугун аллақачон мавжуд бўлиб улгурган. Унинг борлигини исботловчи асосий эффект — инсоннинг рақамли олам билан бирга яшаётганини ҳис этаётганлиги.

Шунингдек, Босворт видеоқўнғироқлар учун қурилма — Portal ва виртуал реалликнинг Oculus шлеми фойдаланувчини у жисмоний жиҳатдан қаерда эканлигига қарамай, бошқа жойга ва ҳатто виртуал оламга телепортация қилади, бошқа бир инсон билан ғойибона учрашишини таъминлайди. Аммо метаолам ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлиш учун мазкур бўшлиқларни ўзаро боғлайдиган кўринмас ипни яратиш зарур, у физика чекловларини олиб ташлайди ва жойдан жойга кўчиш хонадан хонага ўтгандек жуда осонлик билан амалга ошади, деб ёзган Босворт.

Октябрь ўрталарида The Verge ўз манбаларига таяниб, Facebook’нинг метаоламга нисбатан йўналишларини тўлиқроқ кўрсатиш мақсадида компания номини ўзгартирмоқчи эканини хабар қилганди. Марк Цукерберг ушбу нашрга берган интервьюсида лойиҳа муваффақиятли амалга ошса, яқин беш йил ичида компания фаолияти ижтимоий тармоқларга боғланиб қолмаслиги ва айнан метаоламга алоқадор бўлишини қайд этган.

Шунингдек, Цукерберг ушбу интервьюда мазкур ғояни мактаб даврлариданоқ ривожлантириб келаётганини айтиб ўтган. У яратмоқчи бўлаётган нарсалардан бири — бу «одамларни атрофдаги муҳитда эканлигига ишонтирадиган, турли жойларга телепортация қиладиган ва дўстлар билан учраштира оладиган моддийлашган интернет таассуроти». Унинг фикрича, масофаларни қисқартириш одамларга яна бошқа имкониятлар беради: турли ишларни қилиш мумкин, янги иш ўринлари ва янгича кўнгилочар шакллар пайдо бўлади.

Facebook Inc’нинг асосий даромад манбайи ҳанузгача реклама бўлиб турибди — учинчи чорак якунларига кўра рекламадан тушган даромад 97,5 фоизни, яъни 29 миллиард АҚШ долларининг 28,3 миллиард қисмини ташкил қилган. Бироқ компания охирги молиявий ҳисоботида 2021 йилнинг тўртинчи чорагидан бошлаб виртуал ва тўлдирилган реаллик бўйича натижаларни алоҳида эълон қилиб боришини билдирган (Facebook Reality Labs ёки FRL).

Шунингдек, ҳисоботда 2021 йилдаги операцион даромад метаоламни яратишга сарфланадиган маблағлар сабаб 10 миллиард долларга камайиши прогноз қилинган. 2020 йилда компаниянинг операцион даромади 33,67 миллиард долларни ташкил қилганди. Аввал Facebook метаолам билан боғлиқ дастурларнинг ишлаб чиқилишини кафолатлаш учун 50 миллион доллар инвестиция киритишини эълон қилганди.

Статиста прогнозларига кўра, дунё бозорининг тўлдирилган, виртуал ва аралаш реалликлари учун 2021 йил якунидан кейин 30,7 миллиард доллар, 2024 йилга бориб эса 300 миллиард доллар миқдорида маблағ сарфланиши мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Facebook номини Meta’га ўзгартиради