date

Сунъий интеллект энциклопедияси: Маск Википедияга рақобатчи яратди

Сунъий интеллект энциклопедияси: Маск Википедияга рақобатчи яратди

Илон Маск яна бир новатор лойиҳа билан жамоатчилик диққат марказида. Унинг xAI стартапи “Grokipedia” деб номланган янги платформа ишга туширгани ҳақида маълум қилинди. Янги ресурс “ҳақиқатга йўналтирилган” сунъий интеллект асосидаги онлайн энциклопедия сифатида тақдим этилмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Grokipedia — Википедияга рақобатчи бўлиши кутилаётган янги ахборот платформаси. Унда маълумотларни текшириш ва таҳрирлаш жараёнини сунъий интеллект бажаради. Бу ёндашув анъанавий энциклопедиялардан фарқли равишда маълумотларни таҳлил қилиш ва баҳолашда янги имкониятлар яратади.

xAI вакилларига кўра, Grokipedia лойиҳасининг асосий мақсади — “инсон билимларини қайта кўриб чиқиш” ва уларни объектив фактлар асосида қайта тақдим этиш. Бироқ, экспертлар таъкидлашича, платформадаги баъзи материаллар Маскнинг шахсий сиёсий позициясини акс эттириши мумкин. Масалан, Жорж Флойд иши ёки иқлим ўзгариши каби баҳсли мавзулардаги маълумотлар Википедиядаги материаллардан кескин фарқ қилади.

Таҳлилчиларнинг айтишича, Grokipedia контентининг бир қисми Википедиядан кўчирилган бўлса-да, платформа ўз алгоритмлари орқали маълумотни қайта ишлаб, фактлар ва манбаларни “интеллектуал филтр” орқали саралайди. Бу эса маълумотнинг мазмунига ва унинг қандай ёритилишига таъсир кўрсатиши мумкин.

Grokipedia’нинг модерация тизими тўлиқ сунъий интеллектга асосланган бўлиб, у маълумотларни инсон ҳиссиётисиз баҳолашга интилади. Аммо бу усул, айрим мутахассислар фикрича, баҳсли ёндошувларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.

Илон Маск бу лойиҳа орқали ахборот маконида “сиёсий таъсирсиз ҳақиқат”ни таъминлашни мақсад қилганини таъкидлаган. Унинг фикрича, сунъий интеллект орқали модерация одамларнинг субъектив ёндашувидан кўра “объектив ва холис” маълумот бериши мумкин.

Ҳозирча Grokipedia синов босқичида бўлиб, фақатгина чекланган фойдаланувчилар учун очиқ. Аммо xAI компанияси яқин ойларда платформани оммавий равишда ишга туширишни режалаштирмоқда.

Мутахассислар бу лойиҳани интернетдаги ахборот манбалари ўртасидаги янги рақобат даврининг бошланиши деб баҳоламоқда. Уларга кўра, агар Grokipedia ўзини холис ва ишончли манба сифатида кўрсата олса, Википедиянинг дунё миқёсидаги мавқеига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Сунъий интеллект энциклопедияси: Маск Википедияга рақобатчи яратди