date

Билл Гейтс: 2034 йилда одамлар ҳафтасига икки кун ишлайди

Билл Гейтс: 2034 йилда одамлар ҳафтасига икки кун ишлайди

Microsoft компанияси асосчиси ва дунёдаги энг нуфузли тадбиркорлардан бири Билл Гейтс яқин келажакда одамларнинг иш ҳаёти тубдан ўзгаришини айтди. Унинг таъкидлашича, 2034 йилга бориб одамлар ҳафтасига атиги икки кун ишлайдиган бўлади, қолган вақтни эса шахсий ҳаёт ва ижодий фаолиятга бағишлай олади. Бу ҳақда “as.com” хабар берди.

Билл Гейтснинг фикрича, сунъий интеллектнинг шиддат билан ривожланиши меҳнат бозорини бутунлай қайта шакллантиради. Унинг сўзларига кўра, яқин ўн йил ичида кўплаб касблар инсон иштирокисиз бажариладиган бўлиб қолади, чунки нейрон тармоқлар ва автоматлаштирилган тизимлар жуда кўп вазифаларни ўз зиммасига олади.

Миллиардер таъкидлашича, бу жараён инсонлар учун хавф эмас, аксинча, янги имкониятлар эшигини очади. “Келажакда одамлар тўлиқ иш вақтини ўтказишга муҳтож бўлмайди. Сунъий интеллект жамиятнинг кўплаб эҳтиёжларини, жумладан тиббиёт, таълим ва руҳий соғлиқ соҳасидаги етишмовчиликни ҳам бартараф этади”, — деди Гейтс.

Унинг фикрича, бу ўзгаришлар натижасида компаниялар ишчи кучини самаралироқ тақсимлайди, одамлар эса ўз вақтидан унумли фойдаланишни ўрганади. “Янги даврда одамлар энди ҳар куни офисга бориши шарт бўлмайди, чунки AI тизимлари уларнинг ўрнига кўп нарсани бажаради”, — дея қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, Гейтс сунъий интеллектдан фойдаланиш инсоният олдидаги глобал муаммоларни ҳал этишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади. “Бу технология инсон меҳнатига рақиб эмас, балки уни енгиллаштирувчи куч бўлиши лозим”, — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Билл Гейтс илгари ҳам ўз бойлигининг катта қисмини хайр-эҳсон ишларига йўналтириш нияти борлигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, келгуси 20 йил ичида у деярли барча шахсий активларини инсоният фаровонлиги учун сарфламоқчи.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Билл Гейтс: 2034 йилда одамлар ҳафтасига икки кун ишлайди