19:18 / 22.01.2020
5 981

7 мингга яқин «СЭС» ходими ишдан бўшатилмоқда. Улар қонунан қандай ҳуқуқларга эга?

7 мингга яқин «СЭС» ходими ишдан бўшатилмоқда. Улар қонунан қандай ҳуқуқларга эга?
Фото: Shutterstock
Шу кунларда ижтимоий тармоқлар орқали давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари ходимларининг оммавий равишда ишдан озод этилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ишсиз қолаётган минглаб фуқаролар бу ҳолатдан норози бўлиб, турли ташкилотларга шикоят аризалари билан мурожаат йўллашмоқда.
Kun.uz Санитария-эпидемиология назорати хизмати ходимларининг норозилиги ва эътирозларига сабаб бўлган омиллар билан қизиқди.

Аввало шуни қайд этиш керакки, президентнинг 2019 йил 9 сентябрдаги ПФ-5814-сонли фармонига мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати хизмати ташкилотлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида эса Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ташкил этилган эди.

Мазкур фармонга асосан, 2020 йил 1 апрелга қадар санитария-эпидемиология назорати хизматлари ходимлари сонини 7 минг штат бирлигига босқичма-босқич мақбуллаштириш ва штат бирликларининг бир қисмини Давлат инспекциясига бериш вазифаси юклатилган.

Янги ташкил этилган агентлик матбуот хизмати ходимининг маълум қилишича, фармон ижросини таъминлаш мақсадида тизимда мавжуд бўлган 6736та штат бирликлари қисқартирилиши белгиланган.

Шунга кўра, қисқаришга тушган мазкур штат бирликларида банд бўлиб турган ходимлар билан меҳнат муносабатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиниш жараёнлари бошланган.

Изоҳда айтилишича, ишдан бўшатилаётган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари тўла таъминланиши учун Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан ҳамкорликда тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Шу ўринда, штатлар қисқариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ходимнинг ҳуқуқлари ва иш берувчининг мажбуриятлари борасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб-қоидалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни лозим топдик.
  • Иш берувчи ходим билан меҳнат шартномасини ходимлар сони (штати) қисқарганлиги сабабли бекор қилиш нияти ҳақида ходимни камида 2 ой олдин ёзма равишда огоҳлантириши шарт. (Меҳнат кодекси, 102-модда)
  • Шу икки ойлик огоҳлантириш даврида ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида бир кун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади.
  • Ходимга ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади. (МК, 109-модда)
  • Бошқа иш қидириш даврида икки ойдан ортиқ бўлмаган вақт мобайнида ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади. Бунда ходимга тўланган бир ойлик ишдан бўшатиш нафақаси (юқоридаги банд) ҳам қўшиб ҳисобга олинади. (МК, 67-модда)
  • Меҳнат шартномаси ходимлар сони (штати) қисқаргани муносабати билан бекор қилинганда ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилади. (МК, 103-модда)

Малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган тақдирда қуйидагиларга афзаллик берилади:
- Қарамоғида икки ёки ундан ортиқ киши бўлган ходимларга;
- Оиласида ундан бўлак мустақил иш ҳақи олувчи бўлмаган шахсларга;
- Мазкур корхонада кўп йиллик иш стажига эга ходимларга;
- Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида тегишли мутахассислик бўйича малакасини ошираётган ходимларга ва ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларини тамомлаган шахсларга ўқишни тугатгандан сўнг мутахассислиги бўйича ишлаётган тақдирда икки йил мобайнида;
- Мазкур корхонада меҳнатда майиб бўлиб қолган ёки касб касаллигини орттирган шахсларга;
- Уруш ногиронлари, уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларга;
- Атом объектларидаги фалокатлар оқибатида келиб чиққан оширилган радиация нурланиши билан боғлиқ нурланиш касаллиги ва бошқа касалликларга йўлиққан ёки шундай касалликларни бошидан кечирган шахсларга;
- ногиронлиги атом объектларидаги фалокатлар муносабати билан бошланганлиги аниқланган ногиронларга;
- ана шундай фалокатлар ва ҳалокатлар оқибатларини бартараф этиш ишлари қатнашчиларига, шунингдек мазкур зоналардан эвакуация қилинган ёки кўчирилган шахсларга ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга.

Шунингдек, кодекснинг 237-моддасига мувофиқ, ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан (жумладан ходимлар сони (штати) қисқарганлиги сабабли) бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Дилшод Абдуқодиров

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » 7 мингга яқин «СЭС» ходими ишдан бўшатилмоқда. Улар қонунан қандай ҳуқуқларга эга?