Шарқшунос олим Ю.Крачковский дунё илм-фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшган буюк бобокалонимиз Абу Райҳон Берунийга «Унинг қизиққан илм соҳаларидан кўра, қизиқмаган соҳаларини санаб ўтиш осондир», деб баҳо берган эди. Дарҳақиқат, у шу қадар кенг миқёсли изланишлар олиб борган ва ҳозирги замон кишиларини ҳам ҳайратга соладиган натижаларга эришган. У араб, сўғд, форс, сурёний, юнон, санскрит тилларини билган ва бу Берунийга мазкур тиллардаги асарлар билан чуқур танишиш имконини берган.
Тарихий маълумотларга қараганда, Беруний 16 ёшидан бошлаб астрономик изланишлар устида иш олиб борган. Унинг астрономия, география, математика фанларига оид «Геодезия», «Масъуд қонуни» каби асарлари дунё илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшди. «Ҳиндистон» номли шоҳ асари Ғарб ва Шарқ олимлари, шу жумладан, ҳозирги замон ҳинд олимлари томонидан юксак баҳоланган. Алломанинг «Минералогия» асари ўз замонаси учун Марказий Осиё ва Яқин Шарқ, ҳатто Европада ҳам минералогия соҳасида энг яхши, тенги йўқ асар, сифатида эътироф этилган бўлса, «Доривор ўсимликлар ҳақида китоб»и XX асрнинг 30-йилларида ҳам Туркияда асосий қўлланма вазифасини ўтаган. Халқ орасида «Сайдана» номи билан машҳур бўлган мазкур асар Шарқ мамлакатлари, айниқса, Марказий Осиёда ўсадиган доривор ўсимликларнинг тўла тавсифи берилгани билан аҳамиятли.
— Осмон жисмларини геометрик тушунтириш асосида Беруний Коперникдан бир неча аср аввал Ерни коинотнинг маркази деб билувчи геоцентрик назарияни инкор этган ҳолда, қуёшни коинот маркази деб ўргатувчи гелиоцентрик қарашни илгари сурган, — дейди Қарши давлат университети қошидаги 4-академик лицейнинг тарих фани ўқитувчиси Абдусаттор Қодиров. — «Геодезия» асарида Беруний геоцентризм билан боғлиқ баъзи назарияларнинг тўғрилигига шубҳа билан қарайди. Беруний ҳаракат траекторияси ва осмон ёритқичлари шаклининг эллипсоид эканлиги ҳақида биринчи бўлиб фикр юритган олимлардан бўлиб, жойларнинг географик узоқлигини, кенглигини аниқлаш йўлларини танлаб олишда муҳим янгиликка қўл урди. У тригонометрияни, геометрияни кенг қўллаш орқали ўзидан олдинги астрономларга нисбатан анча аниқ натижаларга эришди. Буюк олим Ер юзасининг ҳар бир қисми ўзининг узоқ тарихий тараққиётига эга эканлигини қайд этади.
Марказий Осиёнинг баъзи минтақалари, шу жумладан, Амударё водийсининг геологик ривожланишини биринчи марта жиддий ўрганишга ҳаракат қилган ҳам Берунийдир. Унинг Амударё водийсининг геологик ўтмиши ва Орол денгизининг пайдо бўлиши ҳақидаги хулосалари ўша замоннинг энг муваффақиятли геологик таҳлилларидан биридир. Олим «Денгизлар қуруқликка, қуруқликлар эса денгизга айланади» деган назарияга суянади. Берунийнинг фойдали қазилмалар қатламининг пайдо бўлиши, жинслар емирилишининг аҳамияти, тоғ жинсларининг нураши ҳақидаги хулосалари катта илмий аҳамиятга эга.
Дунё илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшган Берунийнинг сайланма асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган. Фан соҳасида эса Беруний номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди.
Қуйида улуғ бобокалонимизнинг ҳаётий кузатишлари асосида юзага келган ҳикматли сўзларидан парчалар келтирамиз.
Одамгарчилиги бор мард киши ўзидан ва ўзиники эканлигига ҳеч ким тортишиб ўтирмайдиган нарсадан бошқасига эгалик қилмайди.
* * *
Неъматнинг қадри у йўқолгандагина билинади.
* * *
Одамларнинг тубан даражалиси ҳам ўзидан тубанроқ бўлган бировга эгалик ва раислик қилишдан холи эмас.
* * *
Бугуннинг чорасини кўриб, эртага эҳтиёжи қолмаган киши ақллидир.
* * *
Асаларилар ҳам ўз жинсидан бўлатуриб, ишламай, уядаги асални бекорга еб ётадиганларини ўлдириб ташлайдилар.
* * *
Миннат қилиш берилган эҳсонни йўққа чиқаради.
* * *
Иккала даъвогар рози бўлишибди-ю, қози рози бўлмабди.
* * *
Ҳар бир кун учун ҳақ ва ҳақиқат ҳозир нарса.
* * *
Тенглик ҳукм сурган жойда сотқин, алдамчи эҳтирослар, ғам-ғусса бўлмайди.
* * *
Улуғ ҳодисалар ҳар вақт юз беравермайди.
* * *
Бузуқ ниятли ва ёмон ахлоқли кишилар ўртага кириб олиши билан иш тўғри бўлмайди.
* * *
Ўз истагига эришишга тақдир ёрдам бермаган кишига маломат қилинмайди.
* * *
Комил нарса ортиқчаликни ҳам, камчиликни ҳам қабул этмайди.
* * *
Ёлғончиликдан четланиб, ростгўйликка ёпишган кишини бошқа одам у ёқда турсин, ёлғончининг ўзи ҳам севиб мақтайди.
* * *
Тилларнинг турлича бўлишига сабаб — одамларнинг гуруҳларга ажралиб кетиши, бир-биридан узоқ туриши, уларнинг ҳар бирида бир-бирига эҳтиёж туғилишидир.
* * *
Ҳасад билан ғазаб икки қанот бўлиб ҳаракатга келса, тоза ва чиройли ҳаётларни хира ва кудуратли қилиб юборади.
* * *
Ҳаддан ортиқ ғазаб ваҳшийлик келтиради ва бевақт қилинган лутф обрўни кетказади.
Замира РЎЗИЕВА тайёрлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”