
Ўзбекистонда 2025 йилнинг январь–сентябрь ойлари давомида 177 мингта никоҳ расмийлаштирилган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумот берди.
Маълумотларга кўра, қайд этилган никоҳларнинг 91,2 мингтаси шаҳар ҳудудларига, 85,8 мингтаси эса қишлоқ жойларига тўғри келган. Бу кўрсаткич мамлакат бўйлаб оилалар сонининг барқарор ўсиши билан бирга, сўнгги йиллардаги камайиш тенденциясини ҳам кўрсатиб турибди.
Статистика маълумотларига қараганда, сўнгги беш йил ичида никоҳлар сони босқичма-босқич камайиб бормоқда. Хусусан, 2021 йилнинг шу даврида 206,8 мингта, 2022 йилда 197 мингта, 2023 йилда 184,5 мингта, 2024 йилда эса 179,4 мингта никоҳ қайд этилган. Жорий йилда бу кўрсаткич 177 мингтага тенг бўлди.
Муттахассислар бу ҳолатни бир неча омиллар билан изоҳламоқда. Улар орасида ёшлар орасидаги иқтисодий қийинчиликлар, уй-жой нархининг ўсиши, турмуш қуришни кечиктириш тенденцияси ва айрим ҳолларда чет элга ишлаш учун чиқиб кетиш каби сабаблар ҳам бор.
Шу билан бирга, социологлар фикрича, никоҳлар сони камайишининг яна бир сабаби — ёшларнинг турмуш қуришга бўлган ёндашуви ўзгариб бораётганида. Кўпчилик аввало молиявий барқарорлик, мустақил яшаш шароити ва шахсий ривожланишни устувор деб ҳисоблайди.
Шунингдек, шаҳар ҳудудларида никоҳлар сони қишлоқ жойларига нисбатан бироз юқори бўлса-да, сўнгги йилларда бу фарқ ҳам аста-секин қисқараётгани кузатилмоқда.
Жорий рақамлар эса мамлакатда оилавий муносабатлар тизимидаги ўзгаришлар ва янги ижтимоий тенденциялар шаклланиб бораётганидан далолат бермоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!